Миллий ва диний қадриятларимиз билан боғлиқ айёмлар — муборак Рамазон ҳайити ва Наврўз байрами кенг миқёсда нишонланди. Ушбу байрамлар халқимиз учун нафақат диний, балки маданий ва ижтимоий аҳамиятга ҳам эга.
Рамазон ҳайити ва Наврўз кунларида ҳалоллик, ҳамжиҳатлик, яхши амаллар қилиш, эҳтиёжмандларга ёрдам бериш, меҳр-оқибат каби қадриятлар алоҳида аҳамият касб этди. Шу нуқтаи назардан айтганда, кейинги йилларда маънавий ҳаётимиз юксак поғонага кўтарилиб, муқаддас динимиз қадриятларига эътибор тобора ортиб бораётир.
Жумладан, давлатимиз раҳбари ғояси асосида Ислом цивилизацияси маркази бунёд этилиб, фойдаланишга топширилгани халқимиз учун чинакам улкан маънавий ҳодиса бўлди. Бу муҳташам маскан юртимизнинг бой тарихи, бебаҳо маънавий мероси, асрлар давомида шаклланган илм-маърифат анъаналарининг ёрқин тимсоли сифатида барпо этилди. Зеро, муқаддас динимиз инсонни доимо илм, маърифат, эзгулик ва комилликка чорлаб келади.
Ислом цивилизацияси марказининг очилиши Ўзбекистоннинг маданий ва интеллектуал дипломатиясида муҳим босқич сифатида мамлакатни билим, бағрикенглик ва мулоқот маркази сифатида намоён қилишга қаратилган кенг кўламли саъй-ҳаракатларни акс эттиради. Президентимиз ташаббуси билан илгари сурилган лойиҳа БМТ Бош Ассамблеясида тақдим этилганидан сўнг минтақадаги энг йирик маданий ташаббуслардан бирига айланди.
Хастимом меъморий мажмуасига ёндош жойлашган ушбу марказ оддий музей эмас. У тадқиқот, таълим, консервация ва жамоатчилик билан мулоқотни қамраб олган кўп функцияли платформадир. Марказнинг архитектураси ва экспозициялари ислом цивилизациясининг Олтин асри билан Янги Ўзбекистон ғоясини уйғунлаштириб, интеллектуал ва маънавий анъаналарнинг узвий давомийлигини ифода этади.
Марказнинг юраги Қуръон залидир. Бу ерда дунёдаги энг қадимий нусхалардан бири — Усмон Мусҳафи сақланади. Шунингдек, ислом илми ва хаттотлик санъатининг ривожланишини кўрсатувчи ноёб тўплам тақдим этилган. Ушбу бебаҳо дурдонанинг аҳамияти миллий чегаралардан анча кенг. У исломни билим, инсонпарварлик ва илмий тараққиёт манбаи сифатида қайта талқин қилади. Шу билан бирга, Марказий Осиёнинг цивилизациялараро кўприк сифатидаги тарихий ўрнини тиклайди. Инклюзивлик ва мулоқотга асосланган замонавий маданий дипломатия моделини намоён этади.
Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистоннинг кенгроқ минтақавий ва глобал стратегиясини ҳам акс эттиради. Маданият, таълим ва халқаро ҳамкорликнинг асосий устунларига айланмоқда. ICESCO, IRCICA, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази каби нуфузли ташкилотлар марказда фаолият юритиши режалаштирилган. Бу эса уни глобал тадқиқот ва маданиятлараро мулоқот марказига айлантиради.
Бу жой оддий маданий муассаса эмас, балки стратегик ва цивилизацион аҳамиятга эга лойиҳа. Ўзбекистоннинг ислом ва инсоният тараққиётига қўшган ҳиссасини дунё миқёсида қайта намоён этади. Заминимиз асрлар давомида жаҳон тамаддунининг муҳим марказларидан бири сифатида ислом маданияти ва илм-фани ривожида беқиёс ўрин тутиб келган. Буюк мутафаккирлар, аллома ва муҳаддислар етишиб чиққан бу тупроқда бой маънавий мерос шаклланган. Ана шу улкан меросни асраб-авайлаш, чуқур ўрганиш ва кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугун нафақат миллий, балки халқаро аҳамиятга эга илмий-маърифий маскан сифатида намоён бўлмоқда.
Геосиёсий беқарорлик ва иқтисодий муаммолар юз бераётган паллада Ўзбекистон ўзининг маданий ва стратегик таъсирини кучайтириш орқали муҳим қадам ташлади. Ислом цивилизацияси маркази мамлакатимизнинг бой тарихий мероси ва бутун Евроосиё бўйлаб исломий интеллектуал ва маданий анъаналарни шакллантиришдаги мавқеини намойиш этадиган муҳим лойиҳага айланмоқда. Шиддатли технологик ўзгаришлар ва глобал кескинликлар даврида ушбу марказ, аввало, мусулмон дунёсида конструктив мулоқот майдони бўлиб, Марказий Осиёнинг бағрикенг, маърифатли ислом моделини илгари суриш учун кенг имконият яратади. Иккинчидан, мамлакатнинг ислом цивилизацияси меросини тарғиб қилиш Ўзбекистоннинг Евроосиё марказини Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё билан боғлайдиган маданий ва дипломатик кўприк сифатидаги ўрнини мустаҳкамлайди, минтақавий алоқалар ривожига ҳисса қўшади.
Марказ маданий вазифадан ташқари, радикаллашувга қарши курашиш, инклюзив исломни тарғиб қилиш, минтақавий барқарорлик ва халқаро тинчлик асосидаги меъёрларни тарғиб қилиш учун фаол платформага айланади. У тарихий мерос мамлакатнинг стратегик таъсирини кучайтирувчи воситага айланиши мумкинлигини намойиш этмоқда. Янги иншоотнинг очилиши Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ўрни ва нуфузи ошиб бораётгани, дунёда ишончли ҳамкор сифатидаги роли ортаётганини ҳам тасдиқлайди. Шу билан бирга, мамлакатимиз географик марказлашуви, демографик салоҳияти ва ислоҳотлар кун тартибидан иқтисодий очиқлик, минтақавий хавфсизлик ва маданий етакчиликни илгари суриш учун фойдаланмоқда.
Янги мажмуа бугун мусулмон Шарқида яна бир Ренессанс бошланаётганидан далолат беради. Ўзбекистон ҳозирга қадар Биринчи ва Иккинчи Ренессансга бешик бўлган табаррук замин. Шу боис, дунёнинг исталган бурчагида ислом ҳақида сўз кетганда, заминимиздан етишиб чиққан буюк алломалар — Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Насафий, Имом Термизий биринчи галда тилга олинади. Бу ўлканинг илм-маърифат тарихидаги тамал тоши, шубҳасиз, мустаҳкам.
Муҳташам мажмуа қадимий ва миллий меъморчилик анъаналари асосида қурилган. Унга тўрт томондан тўрт асосий портал орқали кириш мумкин. Ушбу порталлар ва бинонинг ташқи равоқлари илм-маърифат, бағрикенглик, инсонийлик ва ота-онага ҳурмат мазмунидаги оятлар ҳамда ҳадислар билан безатилган.
Ичкарисида эса энг замонавий технология кенг қўлланган. Виртуал ва кенгайтирилган реаллик, сунъий интеллект ҳамда голограмма ёрдамида қадимий қўлёзмалар “жонлантирилади”, тарихий илмий муҳит рақамли шаклда қайта тикланади. Томошабин бевосита жараён иштирокчисига айланади, буюк олимлар билан виртуал мулоқот қилиб, илмий тажриба муҳитини ҳис этади. Ёш авлодга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. “1001 ихтиро” лабораторияси орқали болаларда илм-фан, техника ва муҳандисликка барвақт қизиқиш уйғотиш мақсад қилинган. Бу ҳам келажак авлоднинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қилади.
Шунингдек, мажмуа фақат кўргазма майдони эмас, балки йирик илмий-таълим маскани ҳамдир. Бу ерда улкан кутубхона, реставрация лабораториялари, хаттотлик мактаби ва замонавий рақамли архив фаолият юритади. Ҳудудда қатор нуфузли халқаро ташкилотлар ваколатхоналари жойлашгани халқаро илмий марказ аҳамиятини янада оширади. Умуман, мажмуани Марказий Осиёдаги энг йирик маданий-илмий лойиҳалардан бири сифатида баҳолаш мумкин. Шу сабабли дунё экспертлари ва мутахассислари марказни ислом цивилизацияси илмий меросини замонавий технология орқали жаҳонга тақдим этувчи янги платформа деб атаяпти. Айни вақтда кўпчилик уни маданий дипломатия ва туризм салоҳиятини оширишга хизмат қилувчи стратегик объект сифатида таърифламоқда.
Эътиборлиси, лойиҳа устида 40 дан ортиқ мамлакатдан 1500 га яқин мутахассис иштирок этган. Ислом цивилизацияси маркази ўз даврида Марказий Осиёни дунёнинг етакчи илм-фан марказларидан бирига айлантирган муассасалар анъанасини давом эттирган Хоразмдаги Маъмун академияси ёки Самарқанддаги Улуғбек мадрасаси каби бой интеллектуал меросни қайта тиклаш ва ўрганишда муҳим маскан вазифасини ўташи кутилмоқда. Бу ҳолат Тошкент шунчаки янги музейни тақдим этмаётгани, балки ўзининг илм-фан чорраҳаси сифатидаги тарихий мақомини қайта тиклашга уринаётганини кўрсатмоқда. Марказнинг БМТ Цивилизациялар альянси билан имзолаган меморандуми эса унинг глобал миқёсдаги маърифий ва гуманитар аҳамиятини яна бир бор тасдиқлайди.
Ислом цивилизацияси маркази кутубхона фондини бойитиш ишлари давлат даражасидаги стратегик вазифа сифатида амалга оширилмоқда. Марказ жамоаси буюк алломаларимизнинг дунё бўйлаб сочилиб кетган илмий меросини қайтариш устида тинимсиз ишламоқда. Бугун кутубхона фонди қатор манбалар ҳисобига мунтазам кенгаймоқда. Хусусан, дунёнинг энг йирик китоб ва санъат аукционларида сотувга қўйилган қўлёзма ва тошбосма асарлар харид қилинмоқда. Европа, Осиё ва араб давлатларидаги кутубхона ва архивлар билан ҳамкорлик қилиниб, алломаларимиз асарларининг нусхалари ва илк нашрлари олиб келинмоқда. Кўплаб коллекционерлар ва жадидлар авлодлари ўзида сақланиб қолган нодир манбаларни марказга тақдим этмоқда.
Кутубхонада нафақат жадидлар, балки Муҳаммад Хоразмий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Имом Бухорий каби буюк мутафаккирлар ташкил этган илмий мактаблар бўйича ҳам алоҳида бўлимлар мавжуд. Бу ерда уларнинг асарларига ёзилган шарҳлар ва замонавий илмий тадқиқотларнинг тўпланиши Биринчи, Иккинчи ва Учинчи Ренессанс ўртасидаги маънавий кўприкни мустаҳкамлайди. Бу кутубхона шунчаки китоб сақлаш жойи эмас, балки миллатнинг “генетик коди”ни асровчи хазинадир. Жадид боболаримиз айтганидек, “Нажот — таълимда, нажот — тарбияда, нажот — билимда”.
Бугун марказда тўпланаётган ҳар бир нодир қўлёзма ва китоб Ўзбекистоннинг ёруғ келажаги учун хизмат қиладиган илм булоғидир. Маърифатпарвар аждодларимизнинг меросини ўрганиш ва халққа етказиш бизнинг нафақат қарзимиз, балки янги Ўзбекистоннинг буюк келажагига қўйилган энг катта сармоя.
Қайтадан бунёд этилган Имом Бухорий мажмуаси эса барча мўмин-мусулмонлар учун энг муносиб туҳфа бўлди. Юртимизда ривожланган давлат, эркин жамият пойдеворини бунёд қилиш учун, энг аввало, илм ва таълим деган олий мақсад ҳаётга жорий этилмоқда. Зеро, муқаддас ислом дини инсонни доимо илму маърифатга даъват этади.
Имом Бухорий мажмуаси буюк аждодимиз номига муносиб муҳташам зиёратгоҳга айланди. Мажмуага кирганлар алломани нафақат зиёрат қилсин, балки у зот қолдирган улкан илмий ва маънавий меросни ўргансин деб бир гўзал музей ҳам барпо этилди. Аниқроғи, оддий музей эмас, катта бир илмий мажмуа бунёд бўлди.
Иккала гўзал иншоот моҳиятида ота-боболаримизнинг ҳам исломга, ҳам дунё тамаддунига қўшган улкан ҳиссаси акс этиб турибди. Ушбу илм-маърифат, тинчлик ва эзгулик мажмуалари мамлакатимизда янги бир уйғониш — Учинчи Ренессанс даври пойдеворини яратиш ғоясининг ҳаётга изчил татбиқ қилинаётганидан яна бир нишонадир. Бу обидалар халқимизнинг интеллектуал салоҳияти, маънавияти янада юксалиши, бой мероси янада чуқур ўрганилиши ва дунё миқёсида эътироф этилишига ҳисса қўшиши шубҳасиз.
Қисқаси, юртимизда фуқаролар диний эркинлигини таъминлаш, бағрикенглик, ислом маърифати ғоясини тарғиб қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Янги масжидлар, улуғ аждодларимиз номи билан аталаётган мажмуалар барпо этилмоқда, диний таълим муассасалари очиляпти. Соҳада халқаро ҳамкорлик тобора ривожланиб, чет эллик таниқли уламолар тез-тез диёримизга ташриф буюрмоқда, нуфузли халқаро ташкилотлар билан алоқалар мустаҳкамланяпти. Буларнинг барчаси юртдошларимизга чексиз қувонч ва ўзгача ғурур бағишлайди.
Бугун дунёда тинчлиги ва хотиржамлигини йўқотган мамлакат ва у юртларда истиқомат қилаётган инсонлар ҳаёти, таъбир жоиз бўлса, нурини йўқотган, зимистонда қолганга ўхшайди. Бу воқеаларни кўриб, эшитиб турган инсонлар ибрат олиб, хулоса чиқариб, ўзлари учун инъом қилинган тинчлик ва хотиржамликни қадрлаши, асраб-авайлаши лозим.
Шунинг учун ҳам биз юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, хотиржамликни сақлаш, турли ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, фитна ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, ғаразли ва манфур кимсаларнинг макр ва пуч ғояларига учмасдан, алданмасдан, ёшларимизни ҳам улардан хабардор қилиб, ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этишни долзарб вазифа сифатида билмоғимиз лозим.
Исмоил САИФНАЗАРОВ,
фалсафа фанлари доктори, профессор