Жуда яхши эсимда. Юрт мустақиллиги бизга озодлик, эркинлик, тўкинлик олиб келди деб ишонган эдик. Афсуски, бу қувонч узоққа чўзилмади. Гоҳ занжирланган эшиклар, гоҳ қалин панжаралар билан ўралган чегаралар ичида қўрқув ва ҳадик билан яшай бошладик. Орамизда яна шўро замонидаги бир-бирининг қадамини пойлаш, оғзини ҳидлаш иллатлари болалаб кетди. “Оқ” ва “қора” рўйхатлар пайдо бўлиши билан қатағон даврини эслатадиган оғир кунлар бошланди.
Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим “Янги Ўзбекистон” газетасида чоп
этилган “Риёсиз сўзлар” мақоласида жасорат ва виждон амри билан ёзганидек:
“У-бу жойларда бўлган ўзгаришлар одамларнинг дастурхонига етиб келмади.
Мамлакатни фирибгарлар босди. Бу иллатларга қарши курашиши зарур бўлган
ташкилотлар эса давлат ичида давлат туздилар. Одамлар устидан зўравонлик жорий
этилди. Масалан, Сурхондарёда хавфсизлик хизмати аллақандай фашистик (бошқа сўз
уларнинг қилмишини ифодалаб беролмайди) тизим ўрнатди. Одамларни пашша ўрнида
кўрмадилар. Хўрладилар, мулкларини тортиб олдилар, мисли кўрилмаган қийноқларга
солдилар, ўлдириб ҳам юбордилар. Қийноқларнинг Сталин замонида кечган
усулларини қўлладилар ва уларни янада янги “поғона”ларга кўтардилар”.
Мақолада рўй-рост ёзилган бу оғир ва қора кунларнинг ортда қолгани чин
бўлсин. Эслайверсанг, юрагинг эзилиб, қалбинг титраб кетади.
Халқимизда “Ойнинг ўн беши қоронғи, ўн беши ёруғ” деган ҳикмат бор.
Энди “Риёсиз сўзлар” мақоласидаги “Одамлар одамга ўхшаб яшашни ўрганяпти!”
деган жумлага эътибор қаратайлик. Бу сўзларни шоир мустақиллигимизнинг 35
йиллиги арафасида ёзяпти.
Муаллиф ўзи қўйган саволга ўзи бундай жавоб беради: “Бутун мамлакатда
бундай ёппа бунёдкорликни қайси қудрат ҳаракатга келтиряпти? Бу саволга жавоб
аниқ: Шавкат Миромонович Мирзиёев!”. Ҳақиқатан, Президентимиз фидойи ва жасур
ислоҳотчи сифатида халқимизни улуғ мақсадлар сари руҳлантирди. Бугун ана шу
ислоҳотлар барча соҳада ўзини ёрқин намоён қилмоқда.
Айни янгиланишлар туфайли халқимиз ҳаётида ва дунёқарашида маънавий-маърифий,
илмий-амалий уйғониш фасли бошланди... Янги ғоялар, янги фикрлар туфайли
ислоҳотлар жараёни изчиллик билан юксак поғоналарга кўтарилиб бораётир. Она
Ватан деб уйғониш — буюк бахт! Ватаннинг нурли келажаги, тараққиёти учун
бирлашиш эса чексиз ғурур ва қувонч!
“Уйғониш” шу қадар жозибадор, мўътабар сўзки, уни ҳар қанча юракдан
жўшиб, жўр бўлиб, қўлни қўлга бериб, елкани елкага тираб, ғурур билан баланд
овозларда ҳайқириб айтсак, ярашади. “Уйғониш” сўзини эшитсам ёки ўқисам, буюк
шоиримиз Абдулла Ориповнинг “Уйғониш замонинг” шеъридаги ушбу қуйма сатрлар
дилимдан тилимга кўчаверади:
Оққан дарёларинг қайтадан оқсин,
Ҳали эримаган қорларинг бордир.
Сен санъат ўлкаси, шеър диёрисан,
Қанча чертилмаган торларинг бордир.
Уйғониш замонинг муборак бўлсин,
Азалий шиддатинг, орларинг бордир...
Ватаним, сени бир бор кўрганлар яна кўргиси келиб, соғиниб қолиши чин.
Яна сенга интилиши ҳақиқат. Сен дунёни мафтун этяпсан. Улуғ шоиримиз Эркин
Воҳидов ижодий суҳбатлардан бирида фахр билан бундай деган эди: “Ўзбекистон —
ҳақиқий жаннатмонанд юрт. Бу гўзал заминга, ҳақиқатан, Аллоҳнинг назари тушган.
Фаслларнинг тартиб билан айланиб келиши бетакрор мўъжизадир. Заминнинг
неъматларга бойлигини, етиштирилган ҳосилларнинг ҳайратланарли даражада мазали
эканини таърифлаб бўлмайди. Инсон учун шундай ажойиб, бетакрор ва тенгсиз
мўъжизаларга бой мамлакатда яшашнинг ўзи тенгсиз бахтдир!”.
Агар улуғ шоиримиз ҳаёт бўлганида, халқимиз Ватанимиз мустақиллигининг
35 йиллигини улкан ютуқлар билан нишонлаётганини, тарихий, маданий ва маърифий
юксалишлар, миллий-руҳий уйғонишлар билан кутиб олаётганини кўриб, бениҳоя
севинган бўлар эди.
Яхши эслаймиз: миллат уйғонишининг илк садолари 2016 йилда Шавкат
Мирзиёевнинг ҳали Президентликка номзодлик пайтида сайловчилар билан ўтган илк
учрашувларида янграй бошлаган эди.
Давлатимиз раҳбари фаолиятида катта жасорат билан янги Ўзбекистонни
бунёд этиш ғоясини дадил илгари сурди. Бу улуғвор ғоя туфайли ҳаётимизга янги
тафаккур, янги шижоат, янги турмуш тарзи ҳамда ижодий куч-ғайрат шиддат билан
кириб кела бошлади. Биргина “янги” сўзининг ўзи одамлар онгида, ҳаётида
ўзгаришлар содир бўлишига туртки берди. “Янги” сўзи мўъжиза янглиғ порлади.
Ўзбекистон дунёга юз очди. Дунё эса шундай бебаҳо ва сахий юрт,
бағрикенг, самимий ва тинчликсевар халқ борлигини қайта кашф этиб, унинг
бағрига интилмоқда. Бу табаррук тупроқни бир кўриб, тавоф этишга меҳр билан
ошиқмоқда.
Уйғониш фаслининг пойдевори мустаҳкам, қадамлари дадил, қанотлари эса
бургутникидай шиддатлидир. У олис чўққиларни забт этишни ният қилган. Буюк ва
эзгу ниятларинг ҳамиша йўлдошинг бўлсин, уйғониш бургути! Сенинг шиддатли
қанотларинг халқимизга ҳамиша илҳом ва нажот бағишласин!
Дунёнинг тараққий этган халқлари тарихидан маълумки, миллатнинг жаҳон
саҳнасида ёрқин намоён бўлиши дастлаб тарихий, руҳий-маънавий уйғониш, миллий
қадрият ва анъаналарни англаш билан бошланади. Сўнг тараққиёт билан ҳамқадам
бўлган илмий-амалий уйғониш ҳамда етук тафаккур орқали рўёбга чиқади.
Янги Ўзбекистон айнан мана шундай нурли, порлоқ йўлдан дадил бормоқда.
Она Ватанимизнинг кўркам ва бетакрор тарихий масканларидан бири — Ислом
цивилизацияси марказининг бунёд этилиши миллат қалбига беқиёс маърифат ҳадя
этди.
Бугун Ислом цивилизацияси маркази нафақат Ўзбекистон ёки Марказий
Осиёни, балки бутун дунёни ўзига мафтун этаётган бетакрор маънавий-маърифий ва
тарихий мажмуага айланди. Марказга келаётган зиёратчилар ва сайёҳларнинг
кўзларидаги ҳайрат ва ҳаяжонни кўриб, қалбимизда ғурур, ифтихор уйғонади.
Ислом цивилизацияси маркази салоҳияти билан бирга ўзимиз ҳам кучли
миллат бўлиб уйғоняпмиз. Дунёни ҳам уйғотяпмиз. Олам аҳли ҳам бизни англаяпти,
тушуняпти, меҳр ва ишонч билан интиляпти. Биз ривожланган давлатлар билан бирга
уйғоняпмиз, бирга тараққий этяпмиз.
Янгидан барпо этилган Имом Бухорий мажмуаси ҳам маънавий-маърифий ва
диний тафаккуримизнинг, исломий дунёқарашимизнинг уйғонишида бебаҳо маърифат
масканига айланди. Бу табаррук қадамжони зиёрат қилишга юртдошларимиз ва
хорижлик меҳмонларнинг қадами узилмаяпти. Биз Имом Бухорий руҳияти билан
уйғонмоқдамиз.
Қайси соҳани олманг, ҳар қадамда янги ислоҳотлар амалга ошаётганидан
рози бўлиб яшаётган, уйғониш лаҳзаларидан баҳра олиб, завқу шавқ, куч-ғайратга
тўлаётган, янги марраларни забт этаётган ғайратли, билимдон ёшларни кўриб,
ҳайратланасиз.
Спорт соҳасини олайлик. Масалан, биз кўпроқ Пеле, Марадона сингари
жаҳон футболи юлдузларига ишқибозлик қилиб келганмиз. Ҳатто биз, ишқибозлар
гуруҳларга бўлиниб, ўзаро баҳслашганмиз.
Бугун эса бир ҳақиқатни тан олайлик: бутун дунё ўзбекнинг жасур
футболчиси Абдуқодир Ҳусановга ишқибозлик қилиб, уни жаҳон юлдузига
тенглаштираётгани ғуруримизга ғурур қўшмоқда. Биз бугун Абдуқодир Ҳусановдан
фахрланиш ила уйғонмоқдамиз! Биз — дзюдо бўйича жаҳон чемпиони Диёра
Келдиёрованинг жасорати билан уйғонмоқдамиз! Бокс бўйича дунё тан олган мутлақ
чемпион Баҳодир Жалоловнинг матонати билан уйғонмоқдамиз! Халқаро шахмат
федерациясининг Номзодлар турнири ғолиби Жавоҳир Синдоровнинг тафаккури билан
уйғонмоқдамиз.
Ҳозирги тарихий ислоҳотлар жараёнида минглаб билимдон, китобхон ҳамда
соҳасининг фидойиси бўлган, нурли келажагимиз бунёд бўлаётганига астойдил
ишонган ҳалол-пок инсонларнинг ҳайрати ва шижоати билан уйғонмоқдамиз...
Бу уйғонишларимизнинг бош сабабчиси Президентимиз эканини фақат ўзбек
халқи эмас, балки дунё кўриб, билиб турибди.
Илоҳим, янги Ўзбекистонимизнинг уйғониш фасли гуллаб-яшнасин, боқий
бўлсин!
Хуш келибсан, Уйғониш фасли!
Ашурали ЖЎРАЕВ,
Ўзбекистонда хизмат
кўрсатган журналист