Ҳужжатга кўра, Тошкент шаҳри ва вилоятида жойлашган иссиқхона хўжаликларини иқлим шароити қулай бўлган Сурхондарё вилоятига босқичма-босқич кўчириш, уларни молиявий қўллаб-қувватлаш ва замонавий инфратузилма билан таъминлаш назарда тутилган.
Қарорда белгиланишича, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудларидаги иссиқхона хўжаликларини кўчиришдан бўшаган ер участкаларида ижарачилар томонидан ҳудуднинг ихтисослигидан келиб чиқиб, интенсив боғдорчилик, узумчилик ва кўчатчилик йўналишларида фаолиятини давом эттириш ёки “яшил боғлар”ни барпо этишга рухсат берилади.
Давлат мулки бўлган ва тадбиркорлик субъектларига ижара ҳуқуқи асосида берилган ер участкаларидаги иссиқхоналар фаолияти тўхтатилиб, ер участкаларида бино ва иншоотлар қуриш (капитал қурилиш) ишларини амалга ошириш тақиқланади.
Шунингдек, 2026 йил 1 июндан бошлаб Юқори Чирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманларида атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш мақсадида кўмир, мазут ва атмосферага зарарли ёқилғилардан фойдаланишни назарда тутувчи янги иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш ва давлат рўйхатидан ўтказишга рухсат берилмайди.
2026 йил 1 августдан бошлаб Юқори Чирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманларида иссиқхоналарга табиий газ етказиб бериш тўлиқ тўхтатилади ва мавжуд шартномалар белгиланган тартибда газ таъминоти ташкилотлари томонидан бекор қилинади.
Ушбу туманларда иссиқхоналар томонидан истеъмол қилинадиган сув ресурслари учун тўловлар (солиқ ставкаси) саноат корхоналари учун белгиланган энг юқори тарифларнинг 5 баравари миқдорида ҳисобланади.
Солиқ кодексига Юқори Чирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманларидаги иссиқхоналар эгаллаб турган ер майдонлари учун ер солиғи ва кўчмас мулк учун мол-мулк солиғи ставкаларини амалдаги базавий ставкаларга нисбатан 10 баравар (ёки юқори оширилган коэффициентларда) миқдорида қўллашни назарда тутувчи ўзгартиш киритилади.
Қарорга мувофиқ, Сурхондарё вилоятидаги «Сурхон-Агро» эркин иқтисодий зонасида фаолият юритувчи тадбиркорлар учун қатор молиявий енгилликлар берилади. Жумладан, 2028 йил 1 апрелга қадар “Сурхон-Агро” зонаси ҳудудига кўчадиган иссиқхоналар учун иссиқхона конструкция ва ускуналарини демонтаж қилиш, ташиш ва қайта ўрнатиш билан боғлиқ харажатлар 1 сотих ер майдони учун бир марталик, бироқ 500 минг сўмгача миқдорда қоплаб берилади.
Бундан ташқари, 2026 йил 1 сентябрга қадар «Сурхон-Агро» зонасининг мастер режасини ишлаб чиқиш, хорижий инвесторларни жалб қилиш ва иссиқхоналарни кўчириш билан боғлиқ субсидия механизмларини жорий этиш вазифалари белгиланди.
Қарор ижросини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари ва мутасадди раҳбарлар зиммасига юклатилди.