Шайх Саъдий ҳазратларида бундай сатрлар бор: “Сен чироқни кўролмасанг, чироқ бирлан нени кўрасан”. Англаган инсон учун бу сатрларда қанчалар чуқур фалсафий маъно бор, шундай эмасми?
Бугун ҳар бир юртдошимиз шоҳид, мамлакатимизда кенг миқёсли ислоҳотлар даври бошланган, Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичи палласида. Барча соҳалардаги ислоҳотлардан асосий мақсад – халқни рози қилиш, инсон қадрини улуғлаш, яшаш тарзи, турмуш шароитларини яхшилаш, фаровон ҳаётни таъминлаш. Муҳими, бу жараёнларда ҳеч бир юртдошимиз томошабин эмас, балки фаол иштирокчиси.
Юртдошларимиз нафақат шахсий, балки вилояти, маҳалласи ёки овулидаги мавжуд камчилик ва муаммоларни бартараф этиш учун ҳаракатда. Дейлик, кимдир ўз туманида кутубхона очиб, халққа зиё таратишни ният қилган бўлса, бошқа бири корхона ёки бошқа муассаса очиб, кишиларни иши қилиш ташвишида. Яъни халқимиз мамлакатимизнинг эртанги кунига бефарқ эмас.
Президентимиз: “Инсон қадрини улуғлаш — юртимизда яшаётган ҳар бир одамнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш демакдир. Бу борада жамиятимиз асоси бўлган маҳалла ҳал қилувчи ўрин тутади”, деб бот-бот такрорлаб келади.
Мана шу даъватга жавобан, яқинда бир гуруҳ ижодкор, санъаткор ва маданият-маърифат соҳаси фаоллари “Янги Ўзбекистон – инсон қадри улуғланган юрт!” шиори остида Қашқадарё вилоятининг қатор туманлари, қишлоғу шаҳарларида бўлдик.
Олис манзилни кўзлаб йўлга чиққан инсон йўл-йўлакай ширин ўйлар оғушига чўмади. Пойтахтдан тезюрар поезд воҳа томон илдамлар экан, юрагимни энтикиш, ҳаяжон қамраб олади. Баҳор фасли эмасми, гўзал кентни ортда қолдириб, бирма-бир ажиб манзаралар кўз олдингизда намоён бўла бошлайди. Тошкент вилоятида гўёки келинчак сочини чиройли тарамлаб ўрганидай меҳр билан ишланган далалар, пахтазору ғаллазорларни кўриб, “Баракалла, ўзбек бободеҳқони!” дегинг келади. Сирдарёнинг бағрикенг адирлари, Зарафшоннинг тошқинлиги, Жиззахнинг Ҳамид Олимжон таърифи билан айтганда, “кўм-кўк, кўм-кўк”ликка бурканган салобатли, сервиқор тоғлари, Самарқанднинг Соҳибқирон бобомиз асос солган, бугун янгидан чирой очаётган, гулгун яшнаётган боғу роғларини кўриб кўзингиз қувнайди. Ахир шундай ўлкани севмай бўладими?! Яна қайда бор бундай гўзаллик, бундай тароват! Қалбим мана шундай туйғулар билан лиммо-лим тўлган маҳалда чексиз кенгликлар кўринади. У ёғи кенгликлар, кенгликлар яна кенгликлар... Халқим юрагидай тоза, меҳридай чексиз, тафтидай қайноқ!
Тезюрар поезд бизни Қарши шаҳрига элтади. Қай бир манзилга борманг, ҳар бирида янгиланишлар, ўзгаришлар, янги қурилишлар, кўркам бинолар, равон йўллар. Эҳ-ҳе, санаб саноғига етмайсан.
Гуруҳимиз қўнган манзил Касби тумани бўлди. Касбида ҳам ҳар бир маҳалла, ҳар бир қишлоқ аҳли билан қизғин учрашувларда бўлдик. Туманнинг Қамаши қишлоғидаги шундай учрашувларнинг бирида ёнимда ўтирган отахон билан суҳбатлашиб қолдим. У кишининг сўзлари мени таъсирлантирди: “Қара, қизим, қишлоғимизда қанча ўзгаришлар, қанча янги бинолар қурилди. Яна қуриляпти. Ёшим бир жойга борганда, айни ҳақиқатни билдим. Шу пайтгача ҳаммамиз ҳаётимиз қачондир ўзгаришини кутиб яшабмиз. Англасам, аслида ҳаёт бизнинг ўзгаришимизни кутаётган экан... Қолаверса, ўзгаришларни бир кишига юкламасдан, ҳар биримиз ўзимизнинг уйимиздан, маҳалламиздан, мана шу кичик ватанимиздан бошлашимиз керак экан”.
Ўтган йили хизмат сафари билан Беларусь Республикасида бўлдик. Биз ҳафта давомида ҳамкорларимиз билан музокараларни битиргач, юртга шошдик. Меҳмонхонадан чиқиб, аэропорт томон йўл олдик. Манзилгача бир соатлик йўл, ўзаро суҳбат авжида. Нима бўлдики, биз чиққан енгил машина ва яна олд томонда беш-олтита улов тезликни секинлаштириб, бамайлихотир юра бошлади. Биз ҳайронмиз, ҳеч ким сигнал чалмайди, йўл сўрамайди. Яхшилаб қараб, олд томонда ғалла комбайни кетаётганини кўрдим. Қарама-қарши йўналиш бўм-бўш бўлса-да, ортдан келаётган бирор машина қувиб ўтай демасди. Бироздан кейингина уловлар секин-аста йўрғалаб, комбайнни айланиб ўта бошлашди. Шунда ҳам комбайн ҳайдовчисидан рухсат сўрагандай тавозеъ билан бош ирғаб, илиқ сўзлар айтиб, қўл силкиб ўтишарди. У ҳам бунга жавобан қўл кўтариб, оқ йўл тиларди. Бироз сукутдан сўнг ҳамроҳимиз қизиқишини яширолмай, ҳайдовчи бўлмиш беларус йигитдан оддий комбайнчига бу муомалаю илтифотнинг сабабини сўради.
Ҳайдовчи хушчақчаққина йигит экан, жилмайганча атрофга имо қилди ва “булар нима?” дея саволга савол билан жавоб берди. Ҳамроҳимиз атрофга бир қараб, “бу кенг далалар”, деди. Шунда йигит бош силкиди: “Йўқ, бу жаннат-ку! Бу далалар бизни тўйдиради, ризқ беради. Бу ризқни экувчи, етиштирувчи, неъматларни йиғиб олиб, дастурхонимизга етказиб берувчи мана шу деҳқон биродарларимиз. Улар бизни тўйдирадиган, оиламизга барокат ва хурсандлик олиб келувчи жаннатий инсонлар. Уларга ҳурмат кўрсатиб, бир оғиз илиқ сўз, раҳматимизни айтмай ўтиш Худога-да хуш ёқмайди”.
Бу жавобдан кейин биз бир-биримизга маъноли қараб олдиг-у, ўртага бир муддат сукунат чўкди. Бошқаларни билмадим, аммо менинг томоғимга-да бир нима тиқилди...
Биз бугун ҳар нарсадан улуғ бўлган инсон қадри ҳақида кўп гапиряпмиз. Гувоҳ бўлганим ҳодиса эса ҳар қандай буйруқ ё топшириқларсиз, дабдабаю шиорлардан холи самимий инсоний муносабат, оддий инсоннинг баланд қадр-қимматига мисол эди.
Амин бўлдимки, ҳар бир мамлакатдаги тараққиёт, ўсиш ва ўзгаришлар, авваламбор, шу юртда яшовчи ҳар бир фуқаро қалбида юртига меҳру муҳаббат ва фидоийликдан бошланади.
Барқарор тараққиёт ҳақида сўз кетганда, ҳамиша матонатли япон халқи кўз олдимизга келади. 1945 йилда Хиросимага атом бомбаси тушган, Нагасакининг кули кўкка совурилган дамда дунёнинг кўпгина мамлакатлари сиёсатчилари “Бу ер қарғиш урган манзилга айланди, ҳали бери бу заминда ривожланиш бўлмайди”, дея тахмин этишганди. Аммо Яратганнинг мўжизаси ва япон халқининг матонати, ўз юртига чексиз муҳаббати сабаб орадан икки-уч йил вақт ўтибоқ бу “қарғиш теккан” заминда дарахтлар илк куртак чиқарди, яшилланди.
Бугун 120 миллиондан ошиқ аҳоли яшайдиган Японияда очлик ҳам, камбағаллик ҳам йўқ. Японлар фаровонликда Америкадан ўтса ўтадики, кам эмас. Ваҳоланки, бу заминда ҳеч бир ер ости захираси, на нефть, на кўмир, на-да газ бор. Бу юртнинг энг катта бойлиги – Ҳазрати инсон. Ўз халқи ва ўз тупроғига бўлган чексиз меҳр, инсоний муносабат бор. Уларнинг яхши яшаши ва фаолияти учун яратилган кенг имкониятлар бор.
Ҳеч иккиланишсиз айтишим мумкинки, ўзбек халқимиз меҳру оқибатда, инсоний қадриятлар бойлиги ва саховатда, миллатпарварликда беларус ёхуд япондан асло кам эмас. Ва айнан бугунги ҳар бир соҳадаги жадал ислоҳотлар таг замирида худди шу хусусиятларни юзага чиқариш, юртдошларимиз учун кенг имкониятлар сари улуғ йўл мужассам.
Ҳар қандай давлат тараққиёти икки устунга таянади, бу иқтисодиёт ва маънавиятдир. Маънавият, маърифати юксалмаган давлат инқирозга юз тутишга маҳкум. Шундай экан, аввало, ёшларимизга бу соҳада кенг йўл очиб бериш, эҳтиёж ва манфаатларини таъминлаш, уларга ҳаётда ўз ўринларини топишига мададкор бўлиш бугуннинг энг долзарб вазифасидир. Маърифатли, маънавияти етук фарзандларимизнинг эса ўз фикри, ўз мустақил сўзи, асосийси, олдига қўйган юксак мақсадлари бор.
Ҳар қандай жамиятда маънавий тараққиётни таъминлашда адабиётнинг ўрни беқиёс. Маънавият дарахти илдизлари адабиёт булоқларидан сув ичади. Бугун юртимизда адабиёт вакилларига, ижод аҳлига кўрсатилаётган эътибор асосида ҳам ўзбек адабиётининг эртанги истиқболига ғамхўрлик ётади.
Машҳур француз адиби Мишел де Монтеннинг “Мен китобларни эмас, китоблар мени яратди”, деган оқилона фикри бор. Ҳақ гап. Бугун мамлакатимизда китоб ва китобхонликка эътибор кенг ва ижобий тус олмоқда.
Жумладан, жорий йил давомида ёш ижодкорларнинг “Биринчи китобим” сериясида 38 номда, “Адиб ва жамият”, “Назм бўстони”, “Танланган асарлар”, “Наср гулшани”, “Шоир ва замон”, “Адабий мерос” ва бошқа лойиҳаларда жами 102 номда китоб чоп этилди, 68 та янги китоб тақдимоти ўтказилди. Муҳими, охирги йилларда ижодкорларга, қалам аҳлига эътибор чин маънода юксалди, ижодкор қадр топди. Шунда беихтиёр буюк шоиримиз Чўлпоннинг “Адабиёт яшаса – миллат яшар”, деган мисралари хаёлдан ўтади.
Ҳақиқатан, биз буюк халқмиз, бизнинг кўплаб халқлар, миллатлар ҳавас қилса арзигулик қадим ва буюк мумтоз адабиётимиз бор. Шу миллатнинг бир ижодкори сифатида ишонч билан айта оламанки, бизнинг яна кўплар ҳавас қилса арзийдиган замонавий адабиётимиз, баланд шеъриятимиз бор. Эндиги масала - берилаётган имконият, яратилаётган шароитлардан оқилона фойдаланиб, адабиётимизнинг ёрқин намуналари ҳисобланган бетакрор, жаҳон адабиёти дурдоналари билан бемалол беллаша оладиган асарларимизни хориж тилларига таржима қилиш, дунёга чиқиш ва танитиш. Зеро, бу ҳақда давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳам батафсил сўз юритилган.
Шу ўринда грузин шоири Шота Руставелининг қуйидаги мисраларни келтимоқчиман: “Улуғ йўл кутаётганда, сусткашлик жиноятдир”. Назаримда, бугун мана шу сўзлар ҳар биримизга дахлдор. Ватан тараққиёти учун ҳар бир юртдошимиз жипслашмоғи, тараққиётнинг улуғ йўлида камарбаста бўлмоғи, бу мақсад ҳар биримизнинг шарафли бурчимиз, мақсадимизга айланмоғи лозим.
Зилола ХЎЖАНИЁЗОВА,
шоира, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси