Мазкур мактабга Фанлар академиясининг Ядро физикаси илмий-тадқиқот институти ҳамда Ўзбекистон Миллий университетининг физика факультети бириктирилган. Тадбирда университет вакиллари иштирок этиб, мактабда яратилган шароитлар билан танишди. Келгусида улар ўқувчиларга физика фанидан амалий билим бериш учун ҳамкорлик қилиши режага киритилган. Физик олимлар томонидан мазкур маскан таянч мактабга айлантирилади.

Мазкур мактаб жорий йилда мукаммал таъмирланиб, ўқувчилар учун муносиб шароитлар яратилди, физика фанидан замонавий лаборатория жиҳозлари (STEAM лаборатория) билан таъминланди.

Таълим масканининг очилиш маросимида Халқ таълими вазирлиги, Фанлар академиясининг Ядро физикаси илмий-тадқиқот институти, Ўзбекистон Миллий университети, туман халқ таълими бўлими ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, мактаб педагогик жамоаси ва ўқувчилар иштирок этди.

Тадбир аввалида барча қулайликларга эга бўлган мазкур мактаб, энг аввало, ўқувчиларнинг замонавий таълим олиши учун бунёд этилганига тўхталиб ўтилди. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 мартдаги «Физика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан 28 та таянч ва 175 та физика фани чуқурлаштириб ўқитиладиган мактаб (синф)лар ташкил этилиши белгиланган бўлиб, бундай мактабларини Республикамизнинг ҳар бир вилоятида ташкил этиш кўзда тутилган.

Маълумот учун: Мактаб Инвестиция дастури асосида Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги «Инжиниринг компанияси» ДУК буюртмаси асосида янгича ёндашув ва дизайн билан мукаммал таъмирдан чиқарилган бўлиб, лойиҳа қуввати 1176 ўринга мўлжалланган 4 қаватли бинони ўз ичига олади. Мактабда 45 та ўқув хонаси, 8 та хорижий тиллар, 2 та ахборот технологиялари хонаси, 1 та кимё, биология, физика лаборатория хоналари, 5 та муҳим ташаббус доирасида тўгарак хоналари, 219 ўринли фаоллар зали, 1 та спорт зали, 3 та очиқ спорт майдони, 2 та технология хонаси, мусиқа хонаси, замонавий кутубхона ва тиббиёт ҳамда болалар тиш шифокори хонаси, 128 ўринли ошхона, ҳатто ўқитувчилар учун алоҳида хоналар тайёрланиб, тўлиқ жиҳозланган.