Қадимий эртаклар олами, тарихий обидалар дунёсида бўлишни истайсизми? Самарқанднинг кўҳна қоғозлари, Шаҳрисабз каштачилиги, Бухоро зардўзлиги, Риштон кулоллиги билан танишишни, қўли гул усталарнинг ёғоч ўймакорлиги, пичоқ ясаш, заргарлик, гилам тўқиш санъати бўйича маҳорат дарси олиш ниятингиз борми? Қорақалпоқ ўтовида ёки Чорсу бозорида бўлишни, кўкка бўй чўзаётган дарахтлар, кўм-кўк майсалар ифорига тўйинган, ҳузурбахш шамолда жилваланаётган зангор кўлда Италия ва Хитой кемаларида сайр қилишни ихтиёр этарсиз? Унда, албатта, “Боқий шаҳар”га боринг.

Президентимиз эътироф этганидек, “Бу ерга қадам қўйган инсон нафақат қадимий Самарқанд бағрида, балки бутун Ўзбекистон заминида юргандек бўлади, унинг бор улуғворлиги ва беқиёс жозибасини ҳис этади”.

— 200 гектардан ортиқ жой уч-тўрт йил ичида шундай кўркам масканга айланади, янги бир шаҳарча пайдо бўлади, деганда ишонқирамай қараганлар ҳам бўлган, — дейди “Буюк ипак йўли” сайёҳлик маркази бош директори Ўктам Пардаев. — Бугун мана шундай катта майдонда янги шаҳарча қад ростлади. Қисқа вақтда унинг қурилиши улуғ аждодларимиз бунёд этган муҳташам меъморий обидаларга ҳамоҳанглиги билан ҳам эътиборни тортади. Уларда кўҳна тарих билан замонавий ҳаёт нафаси уйғунлик касб этган. Шу боис, тез фурсатда марказ Самарқанднинг ўзига хос ташриф қоғозига, дунёга очилаётган юртимизнинг янги дарвозасига айланди.

Яна бир муҳим жиҳат. Туризм марказининг учдан икки қисмини боғ эгаллаган. Бу ерда Германия, Бельгия, Италия ва Нидерландиядан келтирилган 50 мингдан ортиқ атиргул парваришланяпти. Умуман олганда, бу масканда 280 минг туп манзарали дарахт ва бута экилди, 170 гектар яшил ҳудуд яратилди.

Бу ерда турли тилда сўзлашаётган минглаб сайёҳни учратасиз. Улар дунёнинг турли бурчагидан келган. Уларни қадим кентга Буюк ипак йўлининг замонавий жозибаси ҳам оҳанрабодай тортади.

 — Йилига 2 миллион сайёҳга хизмат қиладиган бу кўп тармоқли марказ таркибида “Боқий шаҳар” мажмуаси, конгресс холл, 8 та замонавий меҳмонхона, амфитеатр ва бошқа кўплаб иншоотлар бор , — дейди “Боқий шаҳар” мажмуаси раҳбари Жамшид Сайфиев. — Маҳобатли меҳмонхоналарнинг иккитаси 5 юлдузли ва олтитаси 4 юлдузли. Конгресс холлнинг умумий майдони қарийб 6 минг квадрат метр, 3,5 минг кишини қабул қилиш имкониятига эга. Анжуманлар вақтида ишларни самарали мувофиқлаштириш учун ситуацион марказ ҳам ташкил этилган.

Замонавий меҳмонхоналар ва конгресс холлда йирик анжуманлар ўтказиш учун кенг шароит яратилган. Марказ ишга тушганидан кўп ўтмай, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарлари учрашуви каби нуфузли халқаро тадбирлар бўлиб ўтди. Мисол учун, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммитига оид материаллар телеграм каналларда 340 миллион марта кўрилганининг ўзи унинг халқаро мулоқот майдонига айланиб бораётганини кўрсатади.

Жорий йилда эса қадимий шаҳарда Европа тикланиш ва тараққиёт банки бошқарув кенгашининг йиллик йиғилиши ва Жаҳон туризм ташкилотининг Бош ассамблеяси ҳам ўтказилади.

Мутахассис ва тадқиқотчилар фикрича, марказнинг “Буюк ипак йўли” деб номланганида ҳам чуқур маъно бор. Президентимиз мажмуанинг очилиш маросимида таъриф берганидек, асрлар давомида Хитойнинг қадимий Сиан шаҳридан бошланиб, дунёнинг кўплаб мамлакатлари ҳудудидан ўтган ва кўҳна Римга қадар етиб борган бу улкан савдо йўли жаҳон халқлари ўртасидаги иқтисодий, маданий-маърифий мулоқот воситаси бўлиб келган.

Азим Самарқанд эса Буюк ипак йўли чорраҳасидаги асосий манзиллардан бири бўлган. Шунинг учун янги марказдаги биноларда ана шу  даврга оид тарихий манзаралар ўз ифодасини топган.

Марказда галерея, гумбазида осмон тоқига монанд безаклар жилоланиб турадиган қадимий бозор, 2 та миллий таомлар ресторани, 36 растадан иборат 14 та ҳунармандлик устахонаси фаолияти йўлга қўйилган. Ана шулардан бирида Самарқанднинг етти оламга машҳур ипак қоғози тайёрланади. Бу жараён билан бизни ёш уста Сардор Шавкатов батафсил таништирди.

Унинг айтишича, тут дарахтидан қоғоз тайёрлаш техникаси Самарқандда бундан бир ярим минг йил олдин пайдо бўлган. Бугунги кунда бу услуб Конигул қишлоғидаги ҳунарманд усталар томонидан қайта тикланди ва туризм масканининг сайёҳларни мафтун этадиган ноёб устахонасига айланди.

Битикларда мозий садоси бор. Навбатдаги устахонага кирсангиз, бу фикрга амалда амин бўласиз. Бу ерда қадимги хаттотлик санъатини ёш авлодга ўргатиб келаётган Жалил Эргашевнинг маҳорат дарсида қатнашишингиз, Самарқанд қоғозига ният-тилакларингизни сулс, насх, куфий хатларида ёздириб олишингиз ҳам мумкин.

Уста ҳунарманд юртимизнинг кўплаб манзилларидаги, шу жумладан, Самарқанддаги барча осори-атиқаларнинг чангини артган, десак муболаға бўлмайди. Боиси, ўзининг қирқ беш йиллик меҳнат фаолияти давомида тарихий обидаларнинг пештоқ ва деворларидаги ёзувларни ўқиб, таржима қилишда ва уларга янгидан ҳаёт бағишлашда, яъни таъмирлашда иштирок этиб келяпти.  

— Устозимиз тўққиз йил давомида қадимги Самарқанд қоғозига 4 нусха, ҳар бири 302 варақдан иборат бўлган Қуръонни куфий, сулс ва насх хатларида биз билан бирга кўчириб ёзди, — дейди шогирдларидан бири, айни пайтда ўзи ҳам моҳир устозга айланган Азиза Собирова. — Сўнгги юз йилликда биринчилардан бўлиб Қуръонни сулс хатида кўчириб ёзиб, Регистон мажмуасига ҳадя қилган бўлса, Тошкент шаҳридаги Мўйи муборак музейида сақланаётган қадимий Усмон Мусҳафини куфий хатида тўрт йил давомида кўчириб ёзди ва Ислом цивилизация марказига топширди. Яна бир нусхаси Имом Бухорий музейидан ўрин эгаллайди.

— Булар мамлакатимизда сайёҳлик индустриясини ривожлантириш борасидаги улкан ишларнинг бир қисми, — дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, сенатор Фармон Тошев. — Янги туризм маркази келгуси йилларда Самарқандга келадиган хорижий сайёҳлар сонини 2,5 миллиондан оширишда муҳим ўрин тутади. Умуман олганда, келгуси беш йилда юртимизга келадиган сайёҳлар сонини 9 миллионга етказиш мақсад қилинган. Туризм соҳасида меҳнат қилаётганлар сони 500 мингдан ошади. Фақат бугина эмас, туризм марказда маҳаллий сайёҳларнинг оилавий ҳордиқ чиқаришлари учун ҳам шароитлар яратилган.

Давлатимиз раҳбарининг ўтган йил 24 декабрдаги “Самарқанд вилоятининг туризм ва транспорт салоҳиятидан самарали фойдаланиш, вилоятни “Самарқанд — Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси” концепцияси асосида ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори туризмни ривожлантириш бўйича халқаро туризмни ривожлантиришга кенг йўл очди. Айниқса, янгидан барпо этилган ва дунёдаги замонавий қўналғалардан ҳисобланган Самарқанд халқаро аэропорти қисқа муддатда қатор давлатларга авиақатновлар очгани фикримиз далилидир. Ўтган йили ушбу аэропорт “бешинчи осмон” режимида ишлашига ўтгани ҳисобига, ҳафталик авиақатновлар сони 46 тадан 78 тага, йўловчи оқими эса 6,5 мингдан 10 минг нафарга кўпайди.

Фақат бугина эмас. Пайариқ, Самарқанд ва Тайлоқ туманларида меҳмонхона, умумий овқатланиш, кўнгилочар, туроператор ва турагент хизматлари кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари учун махсус солиқ режими жорий этилиши нафақат халқаро, балки ички сайёҳликни ривожлантиришда ҳам бағоят қўл келади.

2023 йилда Самарқанд шаҳрида “Aviation & Logistics Forum” II халқаро авиация форуми ўтказилиши режалаштирилган. Ана шундай анжуманлар доирасида Буюк ипак йўли туристик маркази ҳудудида музейлар, галерея, маданий-томоша ҳамда маданий-маърифий ташкилотлар, сайёҳларни жалб қиладиган бир қатор кўнгилочар масканларни яратиш борасидаги ишлар  давом эттирилмоқда.

Мамлакатимиз туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш юзасидан Президентимиз раислигида шу йил 29 март куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Самарқандда янги туризм маркази барпо этилгани қўшимча 2 миллион сайёҳ жалб қилиш имконини бергани, юртимизда Жаҳон туризм ташкилоти Бош ассамблеяси йиғилишини ўтказишга катта тайёргарлик кўрилаётгани, Самарқанд 2023 йилги Жаҳон туризм пойтахти мақомини олгани ҳам бу борадаги ишларнинг юқори натижаларидан бири экани эътироф этилди.

Олдинда турган вазифалар кўлами эса, янада катта. Зеро, йиғилишда ҳам жорий йилда 7 миллион хорижий ва 15 миллион ички сайёҳ жалб қилиш, экспортни 2,5 миллиард долларга етказиш устида аниқ режа ва мажбурият билан ишлаш шартлиги кўрсатиб ўтилди.

“Бюк ипак йўли” сайёҳлик марказини яратишдаги тажриба қадим юртимизнинг бошқа масканларида ҳам бу борадаги истиқболли лойиҳаларни кўнгилдагидек уддалашга ишонч бағишлайди.

Алқисса, Самарқанд қадимий шон-шуҳратини янгича мазмун ва шаклда қайта тикламоқда. Буни Буюк Британиянинг нуфузли  “The Times” нашри ҳам эътироф этади. Нашр 2023 йилда дунёда бориб кўрилиши зозим бўлган жозибали мавканларни тавсия этар экан, улар орасида  Самарқанд шаҳрини ва эътиборли томони, унинг яқинида жойлашган “Буюк ипак йўли” сайёлик марказини алоҳида қайд этди.

Абдурауф Қоржовов,

“Янги Ўзбекистон”нинг махсус  мухбири