Бугунги глобаллашув жараёнларида телекоммуникация орқали узатиладиган ахборот жамият ривожининг энг муҳим омилларидан биридир. У одамлар орасидаги муносабатларни таъминловчи қудратли воситага айланди. Шу боис, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, умуман, жамиятнинг ахборот узатиш тезлиги ҳамда сифатига бўлган талаблари соат сайин ошиб бормоқда. Мазкур йўналишда сўнгги йилларда амалга оширилган ишларнинг таҳлилий хулосаси эса бу борада ижобий натижаларга эришилаётганлигини тасдиқлайди. Президентимизнинг “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 6079-сонли Фармони ҳамда “Инсон қадри” тамойили замиридаги ишларни босқичма-босқич амалга ошириш ҳар бир соҳа корхоналари олдида турган асосий вазифалардан биридир.
Таъкидлаш керакки, ўтган йиллар давомида “Ўзбектелеком” АК томонидан ҳам ушбу мақсадларга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Хусусан, аҳолини юқори тезликдаги Интернет тармоғи билан таъминлаш учун мамлакатдаги мавжуд инфратузилмани замонавийлаштириш мақсадида 2021 йилда 50 минг км.дан зиёд оптик толали алоқа линиялари қурилди. Жорий йилда бу кўрсаткични 60 минг км.га етказиш белгиланган. 2026 йилга қадар эса барча аҳоли яшаш масканларини юқори тезликдаги Интернет тармоғи билан тўлиқ қамраб олиш режалаштирилган. Биргина 2022 йилнинг 1-чорагига назар солсак, бутун республика бўйлаб 12 072 км оптик толали алоқа линиялари тортилди, бу айниқса, интернет хизматларининг энг олис ва чекка ҳудудларга ҳам сифатли узатилишига хизмат қилади.
Юқорида таъкидланганидек, мамлакатимизда телекоммуникация тармоғини ривожлантириш ва Интернетдан фойдаланиш тезлигини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Компания истеъмолчиларнинг кўплаб мурожаат ва истакларига таянган ҳолда, ўз абонентларини охирловчи қурилма билан таъминлаш акциясини март ойида қайтадан йўлга қўйди. Демак, 2022 йилнинг 30 июнига қадар “Интернетга уланинг ва Wi-Fi роутерга эга бўлинг!” акцияси қуйидаги шартлар билан тақдим этилмоқда. “YANGI-3”, “YANGI -4”, “YANGI -5” тариф режаларида Интернет хизматларига улансангиз сизга Wi-Fi-роутер бепул тақдим этилади, 12 ҳисобот даври мобайнида тарифни ўзгартирмасдан фаол ҳолда фойдалансангиз мазкур роутер сизнинг мулкингизга ўтади.
Шунингдек, UZTELECOM миллий оператори эсда қоладиган рақамларни янги +998 77 оператор коди билан тақдим этишни ҳам йўлга қўйди.
Таъкидлаш жоиз, “Ўзбектелеком” АК халқаро алоқа хизматларини ҳам такомиллаштириб бормоқда. Айни кунларда Умра ва Ҳаж сафарларини амалга оширувчи зиёратчилар учун халқаро роуминг хизматининг махсус пакетларини ҳам ишга тушурди.
Табиийки бундай сафарлар давомида абонентлар кўпроқ алоқада қолишлари зарур. Ушбу хизмат Саудия Арабистони оператори орқали йўлга қўйилган. Халқаро роуминг хизмати истеъмолчиларга қулай интернет пакетларини ҳам тақдим этиб келмоқда. Демак, бу хизматлардан фойдаланаётган абонент сим-картасини алмаштириши шарт эмас.
Абонентлар Интернет трафиги ва дақиқаларни ўз ичига олувчи махсус пакетларни фаоллаштириб, роумингда мобиль алоқа хизматларидан 4-6 марта арзонроқ фойдаланиш имкониятига эга бўладилар. Шунингдек, фақат Интернет-трафикни ўз ичига олган янги пакетларни фаоллаштирилганда эса Интернет хизматларига стандарт тарифлардан 8 мартагача арзонлаштирилган алоқадан фойдаланишлари мумкин.
“Ўзбектелеком” АК фаолияти давомида мунтазам равишда давлат аҳамиятига молик ижтимоий тадбирларни ҳамкор сифатида қўллаб-қувватлаб келади. Хусусан, 2022 йилнинг 1-чораги мобайнида ҳам бир қатор давлат ташкилотлари билан ҳамкорликда республика даражасида ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқоти, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлигининг кўргазмаси, Ўзбекистон Республикаси Миллий байрамлари ҳамда Тошкент халқаро инвестиция форуми, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирлик ва идораларнинг ҳарбий хизматчилари ўртасида қўл жанги буйича Қуролли Кучлар биринчилигининг ташкил этиш ва ўтказиш каби умумий 8 та иқтисодий ва ижтимоий тадбирларнинг самарали ўтказилишида ҳамкорлик асосида LED – экранлар ва телекоммуникация хизматлари билан таъминланишига ўз ҳиссасини қўшди.
Гувоҳи бўлганингиздек, ахборот технологиялари кундалик ҳаётимизнинг деярли барча соҳаларини қамраб олмоқда. Мамлакатимизда “Рақамли иқтисодиёт” ва “Электрон ҳукумат”нинг ривожланиши одамларнинг оғирини енгил қилиш баробарида, давлат харажатларини қисқартириш, коррупциянинг олдини олиш, онлайн тўловлар орқали одамларнинг вақтини тежаш имкониятини яратади.