Дунё ахборот агентлиги маълумотига кўра, айни пайтда ушбу меҳмонхоналарда 170 нафардан ортиқ ўзбекистонлик зиёратчи Ватанга қайтишни кутиб турибди.

Зиёратчиларнинг айтишича, улар 14 кунлик умра сафари доирасида турли гуруҳлар билан Саудия Арабистонига келган. Бироқ сафарни ташкил этган шахсларнинг ёлғон маълумотлари ва хатолари туфайли улар ҳозирга қадар қайтиб кета олмаган.

Суҳбат давомида зиёратчилар орасида кекса ёшдагилар кўплиги, шунингдек, инфаркт, қандли диабет ва қон босими каби сурункали касалликларга чалинган шахслар борлиги айтилди. Улар Ўзбекистон ҳукуматидан амалий ёрдам сўраган.

Дипломатлар таъкидлашича, сўнгги йилларда тегишли лицензияга эга бўлмаган айрим “туристик фирмалар” ва жисмоний шахслар томонидан ноқонуний умра сафарлари ташкил этилмоқда. Бу эса ватандошларнинг Мадина ва Жидда шаҳарларида ҳам қийин аҳволга тушиб қолишига сабаб бўлаяпти.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмитаси томонидан берилган лицензия асосида 14 та туристик фирма умра зиёратини расман ташкил этаётгани маълум қилинди.

Зиёратчиларга, агар сафар рухсатномасиз ташкил этилган бўлса ҳам, уларнинг мурожаатлари белгиланган тартибда тегишли идораларга етказилиши билдирилди. Бироқ бу жараён вақт талаб қилиши мумкинлиги сабабли, имконият бўлса, ўз ҳисобларидан авиачипта олиб Ватанга қайтиш тавсия этилди.

Шунингдек, фуқароларга уларни алдаган шахслар устидан Ўзбекистонга қайтгач тегишли идораларга мурожаат қилиш мумкинлиги тушунтирилди.

Ҳозирда мазкур ҳолат Бош консулхона томонидан доимий назоратга олинган ва вазиятни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.