«Янги Ўзбекистон» нашри мухбирининг хабар қилишича, тадбир ZOOM видеоконференцалоқа платформаси орқали амалга оширилди. Унда таълим соҳасидаги сиёсатни ишлаб чиқувчи масъул ходимлар, Ўзбекистон вилоятларидаги ўқитувчилар, шунингдек халқаро экспертлар умумий ўрта таълим соҳасида миллий ўқув дастурини ишлаб чиқиш, ўқитиш методикаси ва баҳолаш борасидаги масалаларни муҳокама қилди.
«Сўнгги ўн йилликда инсон ресурслари энг қиммат капитал сифатида турмуш тарзини яхшиловчи жамиятни ривожига хизмат қиладиган омилга айланмоқда», — деди Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази директори Шуҳрат Сатторов. «Ишонч билан айтиш мумкинки, бугун инсоният дуч келаётган барча муаммоларнинг ечими ҳам, эртанги фаровон ҳаётимизнинг кафолати ҳам сифатли таълимдир», — дея қайд этди у.
Тадбир давомида, халқаро экспертлар жаҳон даражасидаги илғор тажрибалар билан ўртоқлашиб, Ўзбекистонда умумий ўрта таълим сифатини ошириш бўйича тавсиялар беришди.
Хусусан, UNICEFнинг Ўзбекистондаги таълим бўлимининг раҳбари Дипа Шанкарга кўра, бугунги кунда дунё бўйлаб болалар ва ўсмирларнинг қарийб 56 фоиз математика, 58 фоизи ўқиш фанларидан минимал билим даражасига эришмаган. Унинг қўшимча қилишича, таълим тизимидаги чуқур ислоҳотлар кўп вақт талаб этади, бироқ улар ёшларининг билим ва кўникмаларини ошириш орқали мамлакатнинг инсон капиталини ривожлантиришга узоқ муддатли таъсир кўрсатади.
Қайд этилишича, конференцияга умумий ўрта таълим сифатини оширишга оид 2500 га яқин тезис, мақола ва бошқа ҳужжатлар келиб тушган. Шулардан 200 таси Халқ таълими вазирлиги ва Республика Таълим марказининг расмий веб-сайтлари ва ижтимоий тармоқ платформаларида жойлаштириладиган конференция материаллари электрон тўпламига киритиш учун танлаб олинди.