Унда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси мутасаддилари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 6 июнь куни қабул қилинган “Умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари рейтингини аниқлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ҳар йили туманлар (шаҳарлар) ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри кесимида умумтаълим муассасаларининг рейтинги тузиш, ҳокимлар ҳамда уларнинг таълим ва тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари фаолиятини мактаблар рейтинги орқали баҳолаш вазифаси белгиланган эди.

Мазкур вазифа ижросини таъминлаш мақсадида манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда янги қарор лойиҳаси тайёрланди.

Мактаб рейтингини аниқлайдиган индикаторларни яратиш жараёнида хорижий тажрибалар ўрганилиб, хусусан АҚШ, Россия Федерацияси, Япония, Австралия, Швейцария, Голландия, Канада ва Украина каби давлатларда умумтаълим муассасалари рейтингини баҳолаш методикаси чуқур таҳлил қилинди.

Миллий рейтинг индикаторларини ишлаб чиқиш жараёнларига фан методистлари, малакали педагоглар ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари жалб этилди. Қарор лойиҳасини тайёрлаш доирасида бир неча бор давра суҳбатлари ташкил этилди. Шунингдек, қарор лойиҳасини 39 та вазирлик ва идораларга келишиш учун ҳамда regulation.gov.uz порталига умумхалқ муҳокамаси учун жойлаштирилди ва билдирилган таклифларга асосан янада такомиллаштириб қабул қилинди.

Мазкур қарор билан умумий ўрта таълим муассасалари ҳамда академик лицейлар рейтингини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомлар тасдиқланди.

Қарорга кўра, Таълим инспекцияси ҳар йили 1 сентябрга қадар Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда туманлар (шаҳарлар) ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри кесимида умумий ўрта таълим муассасалари рейтингини, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда академик лицейлар рейтингини эълон қилади.

Шу билан биргаликда, мактаблар рейтинги натижалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимлари ҳамда уларнинг таълим ва тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари фаолиятига баҳо беришда ҳам инобатга олинади.

Бундан ташқари, академик лицейлар фаолиятининг самарадорлиги бўйича мониторинг юритилиб, рейтинг кўрсаткичлари паст бўлган таълим ташкилотларига нисбатан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан чора-тадбирлар белгиланади ва амалга оширилади.

— Таълим инспекцияси томонидан сўнгги икки йилда мактаблар рейтинги эълон қилиниб келинаётган эди, — дейди Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев. — Биринчи марта Халқ таълими вазирлиги ва ҳудудий халқ таълим бошқарув органлари томонидан тавсия қилинган мактаблар рейтингга жалб қилинган бўлса, ўтган йили тасодифийлик тамойили асосида 10 фоиз мактаблар танлаб олинган эди. Энди янги қарор бўйича барча мактаблар рейтингга жалб қилинади. Баҳолаш мезонларига ҳам бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Таъкидланганидек, рейтинг натижалари ҳар йили янги ўқув йили бошланишидан кечикмай Таълим инспекциясининг расмий веб-сайтида эълон қилинади ва оммавий ахборот воситаларида ёритилади, Ҳар йили умумий ўрта таълим муассасалари фаолияти самарадорлиги мониторинг қилиниб, кўрсаткичлари паст бўлганларининг фаолиятига оид таҳлилий маълумотлар таълим соҳасидаги ваколатли органлар ва ташкилотларга тақдим этилади.

— Рейтинг натижаларидан келиб чиқиб, директорлар ва уларнинг ўринбосарлари, ўқитувчилар, тегишли ҳудудлар ва уларнинг таълим бўйича маслаҳатчилари фаолиятига баҳо берилади, — дейди У. Ташкенбаев.  —  Раҳбар ходимлар, педагог ва ўқитувчиларнинг фаолияти самарадорлигини ҳисобга олиб, моддий рағбатлантириш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилади. Рейтинглаш тизими орқали қайси мактабларда таълим сифатига жиддий эътибор қаратилаётгани, қайсиларида эса оқсашлар кузатилаётгани аниқланади. Бу эса ўқитиш сифати ёмон бўлган мактаблар ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиш, уларда таълим даражасини ошириш бўйича тегишли чора-тадбирларни кўриш имконини беради.    

Айтиш жоизки, ҳокимлар ҳамда уларнинг таълим ва тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари фаолиятини мактаблар рейтинги орқали баҳолашда бир нечта мактаб битирувчиларининг умумтаълим фанлари бўйича тайёргарлиги ва таълим сифати, ўқувчиларнинг чет тилларини билиш даражалари, 11-синф битирувчиларининг бандлик кўрсаткичи, таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида содир этилган жиноятлар улуши инобатга олинади. Шу билан бирга, мактаб педагогларининг сифати (салоҳият), ўқитувчиларнинг чет тилларини билиш даражаси, таълим муассасалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ўқув-тарбиявий муҳитни қўллаб-қувватлаш учун туман (шаҳар) маҳаллий бюджетининг орттирилган маблағлари ҳисобидан қилинган қўшимча харажатлари ҳажмига қараб баҳоланади.

Ушбу кўрсаткич Молия вазирлиги маълумоти асосида шакллантирилади.

Сўнгги саккизинчи кўрсаткичда эса таълим муассасасида маънавий-маърифий ва ўқув тарбиявий муҳит каби мезонлар инобатга олинади. Яъни Ўзбекистон Республикаси Президенти илгари сурган беш ташаббус доирасида қилинган ишлар асосида баҳо берилади.

Юқорида санаб ўтилган мезонлар бўйича барча мактаблар баҳоланади ва натижалар туман ва шаҳарлар, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент кесимида эълон қилинади.

Бундан ташқари, қарор билан бевосита мактаб директори, унинг ўринбосарлари ва педагог жамоа фаолиятини баҳолаш бўйича ҳам алоҳида мезонлар тасдиқланди. Бунда рейтингни аниқлашга оид маълумотлар базасини шакллантириш учун ишчи гуруҳлар томонидан ҳар йили давомида Таълим инспекцияси ва Халқ таълими вазирлиги биргаликда қуръа ташлаш орқали танлаб оладиган умумий ўрта таълим муассасаларида ижтимоий сўровномалар ва назорат ишлари ўтказилади.

Ижтимоий сўровномалар TALIS-халқаро тадқиқотлари саволлари асосида ўтказилади.

Ўқувчилар ўртасида ўтказилган сўровнома асосида педагог ва раҳбар ходимлар фаолияти самарадорлиги баҳоланса, ўқитувчилар эса ўз касбий тайёргарлиги, педагогик фаолияти, шахсий фикр-мулоҳазалари, мактаб шароити ҳақида маълумотларни баён қилиш имкониятига эга бўлишади.

Педагог жамоа билан ўтказиладиган ижтимоий сўровномада умумий ўрта таълим муассасаларидаги ўқитувчиларнинг камида учдан икки қисми қатнашади.

Назорат ишлари умумий ўрта таълим муассасаси ўқувчиларининг умумтаълим фанлари бўйича билим даражасини аниқлаш мақсадида ёзма иш ва тест синови шаклида ўтказилади.

Рейтинг кўрсаткичларини ҳисоблаш қуйидаги тамойиллар асосида амалга оширилади:

— рейтингда иштирок этаётган барча умумий ўрта таълим муассасаларининг баллари ҳар бир мезон бўйича алоҳида ҳисобланади;

— тегишли мезон бўйича энг юқори натижага эга бўлган умумий ўрта таълим муассасасига мазкур мезон учун белгиланган энг кўп балл берилади;

— қолган барча умумий ўрта таълим муассасаларининг баллари энг юқори баллга эга бўлган умумий ўрта таълим муассасасининг баллари йиғиндисига нисбатан ҳисоблаб чиқарилади;

— ҳар бир мезон бўйича ҳисобланган баллар йиғиндиси асосида умумий ўрта таълим муассасасининг рейтинги белгиланади.

Академик лицейлар рейтинги эса

— ўқишга кириш учун ҳужжат топширган талабгорлар сонининг белгиланган қабул параметрига нисбати (рақобат кўрсаткичи);

— олий таълим муассасаларига қабул қилинган ўқувчилар улуши;

— рейтинг аниқланган йилда нуфузли халқаро ва республика фан олимпиадалари, спорт мусобақаларида ғолиб бўлган (совринли ўринларни қўлга киритган) ўқувчилар улуши;

— чет тили ва фанларни билиш даражаси тўғрисида миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлган ўқувчилар улуши;

— илмий даражали, чет тили ва фанларни билиш даражаси тўғрисида миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлган асосий штатдаги педагоглар улуши;

— хорижий педагоглар, шунингдек, халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингларида биринчи 1 000 таликка кирган ОТМ дипломларига эга бўлган маҳаллий педагоглар улуши;

— академик лицейдаги маънавий-маърифий ва ўқув тарбиявий муҳит (Ўзбекистон Республикаси Президенти илгари сурган беш ташаббус доирасида қилинган ишлар асосида) каби кўрсаткичлар асосида аниқланади.

Умумий ўрта таълим муассасалари рейтинги Президент мактаблари ҳамда имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаларига нисбатан, академик лицейлар рейтингига эса “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейлари ва бошқа ҳарбийлаштирилган академик лицейларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Эндиликда туман (шаҳар) кесимида тузилган рейтингда биринчи ўринни эгаллаган умумтаълим муассасалари директорлари маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 10 баравари миқдорида бир марталик рағбатлантирилади.