Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг 2021-2023 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4937-сонли қарорига кўра «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси томонидан умумий қиймати 469 млн долларлик 31 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Эътиборлиси, ушбу лойиҳаларга 21.6 млн доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар йўналтирилган. Маълумотларга кўра, йирик лойиҳалар асосан Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Навоий, Фарғона, Сурхондарё, Жиззах, Самарқанд, Бухоро ҳамда Тошкент вилоятларида ишга тушурилади.
Энг йирик лойиҳалардан бири «Қизилқумсемент» АЖда амалга оширилади. Корхонада умумий қиймати 126 млн доллар бўлган қўшимча клинкер (4-линия) ишлаб чиқариш ташкил этилади. Натижада ишлаб чиқариш қуввати 1,8 млн тоннага ортади. Ҳозирда акциядорлик жамиятида қурилиш-монтжа ишлари амалга оширилмоқда. Навоий вилоятида шунингдек, «ПEТРАWООЛ» МЧЖ ҚК да базальтдан минерал плиталар ишлаб чиқариш (умумий қиймати 18,2 АҚШ доллар), Томди туманида «Мега кварц» МЧЖда кварц қумини қазиб олиш ва бойитиш (умумий қиймати 3,9 АҚШ доллар) каби лойиҳалар ишга тушурилади.

Мамлакатимизнинг Шимолий ҳудуди бўлмиш Қорақлпоғистон Республикасида цемент ишлаб чиқариш бўйича «Қорақалпоқ цемент» МЧЖ ҚКда қиймати 50 млн АҚШ долларлик йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилади, яъни корхонанинг 3-босқичи фойдаланишга топширилади. Бунёдкорлик ишлари амалга оширилгач ишлаб чиқариш қуввати 1,1 млн тоннага ортади. Энг муҳими, 100 га яқин янги ўринлари яратилади.
Фарғона вилоятида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича жами умумий қиймати 50 млн доллар бўлган 5 та лойиҳа ҳаётга тадбиқ этилмоқда. Натижада, «Кнауф Гипс Фергана» МЧЖ ХКда гипсокартон, «Азамат савдо Зиё» МЧЖда ва «Улугбек эхпорт траде» МЧЖда мих ва бурама михлар, «Флат Тиле» МЧЖда керамогранит ва металлогранит, «Агро Импех Валлей» МЧЖда метал конструкциялар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Саноатлашган Тошкент вилоятида ҳам кўплаб инвестиция лойиҳалари амалга ошириляпти. Хусусан, ҳудудда жорий йилда қуввати 30 минг тонна кварц қумидан минерал плиталар ишлаб чиқариш имкониятига эга янги корхона ишга тушурилади. Шунингдек, линолеум, автоклав газобетон блоклари, оловбардош ғишт, бурама мих, асфальт ва темир-бетон буюмлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар фойдаланишга топширилади.
«Ориент керамикс» МЧЖ томонидан Тошкент шаҳрининг Сергели туманида йилига 9,0 млн.кв.м. керамик плитка ишлаб чиқариш имкониятига эга корхона барпо этилмоқда. Шунингдек, пойтахтда «АЛМУС» МЧЖда умумий қиймати 6 млн доллар бўлган ДСПни ламинация қилиш, «ГРАНД РОАД ТАШКEНТ» МЧЖ томонидан йилига 80 минг кв.м табиий пардозбоп тошларни қайта ишлаш лойиҳаси амалга оширилаяпти.

Албатта, ушбу инвестиция лойиҳаларини фойдаланишга топшириш орқали мамлакатимизда сифатли, жаҳон стандартларига мос қурилиш материаллари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади, қолаверса, қурилиш материалларига бўлган ички талаб қопланади. Энг муҳими янги иш ўринлари яратилади.