Айни пайтда мустақиллик давлатнинг халқаро ҳуқуқнинг тўлақонли субъекти сифатида шаклланиши, глобал майдонда ўз манфаатларини ҳимоя қила олиши ва муносиб ўрин эгаллашини таъминлайди. Шу нуқтаи назардан, мустақиллик нафақат сиёсий мақом, балки халқ фаровонлиги ва миллий ривожланишнинг стратегик кафолати деб баҳоланиши лозим.

Мустақиллик Ўзбекистон тараққиётида сифат жиҳатидан янги босқични бошлаб берди. У фақат сиёсий тизим янгиланиши билан чекланиб қолмай, иқтисодий муносабатлар, жамиятнинг маънавий-ахлоқий асослари ва ижтимоий институтларнинг тубдан қайта шаклланишини ҳам англатди. Ўтган даврда мамлакат режали иқтисодиёт моделидан бозор тамойилларига асосланган тизимга босқичма-босқич ўтди, давлат ва жамият бошқарувининг демократик институтлари шакллантирилди, фуқаролик жамиятининг институционал асослари яратилди. Шу билан бирга, мазкур жараёнлар мураккаб ижтимоий-иқтисодий шароитларда, ташқи иқтисодий босимлар, глобал рақобат ва геосиёсий ўзгаришлар таъсирида амалга оширилганини алоҳида таъкидлаш зарур.

2016 йилдан бошлаб Президентимиз раҳбарлигидаги ислоҳотлар мамлакат тараққиётида янги сифат босқичини бошлаб берди. “Янги Ўзбекистон” концепцияси доирасида илгари сурилган ислоҳотлар давлат бошқарувини либераллаштириш, иқтисодиётни диверсификация қилиш ва жамият ҳаётининг барча соҳасида очиқликни таъминлашга қаратилди. Хусусан, янги таҳрирдаги Конституциянинг қабул қилиниши, “Ўзбекистон — 2030” ­стратегиясининг ишлаб чиқилиши, ташқи сиёсатда прагматик ва очиқ ёндашувнинг кучайиши, инвестиция муҳитини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар, шунингдек, рақамли трансформация жараёнларининг жадаллашуви мамлакатимизнинг барқарор ва жадал ривожланишини таъминлаётган муҳим омиллардир.

Натижада Ўзбекистон сўнгги йилларда нафақат миллий иқтисодиётни модернизация қилиш, балки минтақавий ва глобал иқтисодий жараёнларда фаол иштирок этувчи давлат сифатида позициясини мустаҳкамламоқда. Бу эса мустақиллик йилларида танланган тараққиёт йўлининг стратегик жиҳатдан тўғри ва узоқ муддатли манфаатларга хизмат қилаётганини кўрсатади.

Энди иқтисодий кўрсаткичларга мурожаат қилиш орқали ислоҳотларнинг амалий натижаларини баҳолаш мумкин. 2026 йилнинг биринчи чорагида мамлакатимиз иқтисодиёти барча асосий йўналиш бўйича барқарор ўсиш динамикасини намоён этди. Хусусан, ялпи ички маҳсулотнинг 8,7 фоизга ўсиши нафақат миллий миқёсда, балки глобал иқтисодий вазият нуқтаи назаридан ҳам юқори кўрсаткичдир. Бугун ривожланаётган мамлакатларда ўртача иқтисодий ўсиш суръати 4-5 фоиз атрофида шаклланаётганини инобатга олсак, мазкур натижа ички иқтисодий фаолликнинг сезиларли даражада ошгани ва ислоҳотларнинг муайян самара бераётганини кўрсатади. Шу билан бирга, бундай юқори ўсиш суръатининг барқарорлиги масаласи алоҳида таҳлилни талаб қилади. Чунки қисқа муддатли “сакраш”лар эмас, балки узоқ муддатли трендлар ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Тармоқлар кесимидаги таҳлил иқтисодий ўсиш манбаларини янада аниқ очиб беради. Хизматлар соҳасининг 16,1 фоиз ўсиши иқтисодиётда таркибий ўзгаришлар чуқурлашаётганини англатади. Замонавий иқтисодиётда айнан хизматлар сектори юқори қўшилган қиймат яратиш, янги иш ўринлари ташкил этиш ва инновацияларни жорий қилишда етакчи ўрин тутади.

Саноат ишлаб чиқаришининг 8, қишлоқ хўжалигининг эса 5,1 фоиз ўсиши иқтисодиётнинг нисбатан мувозанатли ривожланаётганини кўрсатади. Бу ҳолат бир тармоққа ортиқча боғланиб қолиш хавфини камайтиради ва ташқи шокларга нисбатан барқарорликни оширади.

Ташқи иқтисодий фаолият кўрсаткичлари ҳам ижобий динамикани акс эттирмоқда. Экспорт ҳажми 5,8 миллиард, жалб қилинган хорижий инвестициялар эса 13,7 миллиард долларни ташкил этди.

Макроиқтисодий барқарорлик нуқтаи назаридан инфляция даражасининг 7,1 фоизга тушгани алоҳида аҳамиятга эга. Бу сўнгги йиллардаги пул-кредит сиёсати ва бозор механизмларини чуқурлаштириш чора-тадбирларининг натижаси сифатида баҳоланиши мумкин.

Давлат молияси соҳасидаги кўрсаткичлар ҳам ижобий тенденцияни намоён этмоқда. Жумладан, биринчи чоракда бюджет даромадлари ўтган йилдагига нисбатан 35 фоиз ўсиб, 103 триллион сўмга етди. Маҳаллий бюджетларда қўшимча 2,2 триллион сўм маблағ шакллантирилгани, шундан 1,4 триллион сўмнинг туман ва шаҳарлар ихтиёрида қолдирилгани молиявий номарказлаштириш сиёсати изчил юритилаётганини кўрсатади. Бу эса ҳудудларнинг иқтисодий фаоллигини рағбатлантириш, жойларда ташаббускорликни кучайтириш ва ресурслардан самарали фойдаланиш учун муҳим институционал асос яратади.

Иқтисодиётдаги энг муҳим тизимли ислоҳотлардан бири хусусийлаштириш жараёнини жадаллаштиришдир. Бугун иқтисодиётда давлат улуши 42 фоизни, давлат иштирокидаги корхоналар сони 1685 тани ташкил этмоқда. Сўнгги беш йилда хусусийлаштириш натижасида давлат корхоналари сони 60 фоиз камайди. Бу ниҳоятда муҳим иқтисодий ўзгаришдир.

Кейинги беш йилда давлат корхоналари сонининг 60 фоиз қисқаргани ислоҳотлар динамикаси сезиларли даражада тезлашганини англатади. Хусусан, ўтган йилда қарийб 30 триллион сўмлик давлат активларининг хусусий секторга ўтказилиши ва бюджетга 10 триллион сўмдан ортиқ тушум келиб тушгани ушбу жараённинг фискал самарасини намоён этади. Шу билан бирга, ер участкаларини сотишдан

6 триллион сўмлик маблағ шакллангани активларни бозор механизмлари орқали тақсимлаш амалиёти кенгайиб бораётганини ­кўрсатади.

Хусусийлаштиришдан манфаатдорлик тизимининг жорий этилиши мазкур жараённинг институционал сифатини оширишга хизмат қилмоқда. Жумладан, вилоятлар даражасида 2,6 триллион сўм, маҳаллалар миқёсида эса 7 миллиард сўм маблағ қолдирилгани хусусийлаштиришнинг фақат макроиқтисодий эмас, балки ижтимоий дивидендларини ҳам шакллантираётганини англатади. Бу ёндашув ҳудудий манфаатдорликни кучайтириш орқали ислоҳотларнинг “қабул қилиниш даражаси”ни оширишга хизмат қилади.

Шу билан бирга, хусусийлаштириш жараёнини янада жадаллаштириш, айниқса, зарар кўриб келаётган корхоналарни бозор механизмларига ўтказиш стратегик заруратга айланмоқда. Бироқ бу жараён шошмашошарлик билан эмас, балки аниқ мезонлар асосида — активларнинг бозор қийматини тўғри баҳолаш, очиқ ва шаффоф савдоларни таъминлаш, хусусий инвесторларнинг узоқ муддатли мажбуриятларини белгилаш орқали амалга оширилиши лозим. Акс ҳолда, хусусийлаштириш қисқа муддатли фискал манфаатларни таъминлаши мумкин, лекин узоқ муддатли иқтисодий самарадорликка эришишни кафолатламайди.

Давлат активларини бошқариш самарадорлигини оширишда муҳим чекловлардан бири таҳлил ва қарор қабул қилиш жараёнида замонавий рақамли воситалар ҳамда сунъий интеллект имкониятларидан етарли даражада фойдаланилмаётганидир. Амалдаги тизимларда маълумотлар тарқоқ ҳолда сақланиши, реал вақт режимида мониторинг чеклангани ва инсон омилига юқори боғлиқлик активларни бошқариш самарадорлигини пасайтиради. Шу нуқтаи назардан, Давлат активларини бошқариш агентлигида махсус рақамли технологиялар лойиҳа офисини ташкил этиш ташаббуси институционал жиҳатдан муҳим қадамдир.

Таклиф этилаётган ёндашув доирасида хусусийлаштириш жараёнини тўлиқ рақамлаштириш, барча босқични онлайн кузатиш ва маълумотларни ягона платформада жамлаш кўзда тутилади. Сунъий интеллект элементларини жорий этиш орқали давлат корхоналарининг молиявий ҳолатини автоматик таҳлил қилиш, рискларни эрта аниқлаш ва тушумларни тақсимлашда оптимал қарорлар қабул қилиш имконияти яратилади. Бу эса, ўз навбатида, инсон омили таъсирини қисқартириш, шаффофликни ошириш ва коррупциявий хавфларни минималлаштиришга хизмат қилади.

Ер ресурсларидан самарали фойдаланиш масаласида ҳам рақамли ёндашувларни кучайтириш зарурати яққол кўзга ташланмоқда. Хусусан, E-auksion, Yerelektron, Shaffof qurilish ва UzKAD ахборот тизимларини ўзаро интеграция қилиш орқали ер участкаларининг ҳақиқий ҳолатини комплекс баҳолаш имконияти пайдо бўлади. Бу орқали фойдаланилмаётган ёки самарасиз ишлатилаётган ерларни аниқлаш, қайта тақсимлаш ва иқтисодий айланмага жалб қилиш механизмларини кучайтириш мумкин. 2022-2025 йилларда тадбиркорларга ажратилган 11,4 минг гектар ернинг 3,1 минг гектарида иқтисодий фаолият тўлиқ йўлга қўйилмагани ер ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш учун рақамли назоратни мустаҳкамлаш заруратини яна бир бор тасдиқлайди.

Шу билан бирга, йирик давлат активларини хусусийлаштиришга тайёрлаш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, “UzAuto Motors” ва “Navoiyazot” каби саноат гигантлари, шунингдек, иссиқлик электр станциялари каби стратегик инфратузилма объектларини бозор механизмларига босқичма-босқич ўтказиш режалаштирилмоқда. Бу жараён, бир томондан, хусусий сектор улушини ошириш ва рақобат муҳитини кучайтиришга хизмат қилса, иккинчи томондан, илғор технологиялар ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш орқали тармоқларни модернизация қилиш имконини беради.

Ҳудудларда давлат мулкидан самарали фойдаланиш ва фаолиятдан четда қолган ресурсларни иқтисодий айланмага жалб қилиш масаласи иқтисодий сиёсатнинг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда. Бу борада давлат кўчмас мулкини ягона бошқарув тизимига ўтказиш ҳамда маъмурий бинолардан фойдаланиш самарадорлигини қайта кўриб чиқиш таклиф этилмоқда. Хусусан, бир ходимга тўғри келадиган ўртача майдонни 27 квадрат метрдан 12-15 квадрат метргача қисқартириш ташаббуси ресурслардан рационал фойдаланиш нуқтаи назаридан асослидир.

Мазкур ёндашув орқали 4,9 миллион квадрат метрга яқин майдонни иқтисодий айланмага киритиш имконияти пайдо бўлади. Бу, ўз навбатида, бўш турган биноларни ижарага бериш ёки сотиш орқали қўшимча даромад манбаларини яратиш, шунингдек, уларни сақлаш ва коммунал хизматлар билан боғлиқ харажатларни қисқартиришга хизмат қилади. Бироқ бу ерда муҳим жиҳат, бундай майдонларнинг бозордаги реал талабга мос равишда таклиф қилиниши ва уларнинг самарали фойдаланилишини таъминлаш механизмларининг ишлаб чиқилганидадир. Акс ҳолда, активлар қоғозда айланмага киритилган, амалда эса фойдаланилмаётган ҳолатда қолиб кетиши мумкин.

Ер ресурсларини тадбиркорлик фаолиятига жалб қилишда ҳам янги ёндашув шаклланмоқда. Ер майдонларини фақат рухсат берувчи ҳужжатлар билан эмас, балки тайёр бизнес лойиҳаси билан бирга аукционга чиқариш амалиёти жорий этилаётгани инвестиция жараёнларининг самарадорлигини оширишга қаратилган. Бу модель ерни шартли ресурсдан тайёр иқтисодий активга айлантиради. Шу билан бирга, яна 100 минг гектар экин ерини янги тизим асосида аукционга чиқариш режаси аграр секторда бозор механизмларини чуқурлаштиришга хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳудудий иқтисодиётни диверсификация қилиш мақсадида туризм ва агросаноат йўналишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ҳар бир туманнинг туристик салоҳиятини ошириш, шунингдек, вилоятлар кесимида камида 5 тадан йирик саноатлашган мева-сабзавот плантациясини ташкил этиш бўйича белгиланган вазифалар ҳудудларда янги қиймат занжирларини шакллантиришга хизмат қилиши мумкин. Бироқ бу ерда асосий масала мазкур лойиҳаларнинг бозор талабига мослиги ва логистика, қайта ишлаш ҳамда экспорт инфратузилмаси билан қанчалик уйғунлашганидадир.

Ресурслардан самарали фойдаланиш ва иқтисодий фаолликни кенгайтириш солиқ базасининг ўсишига бевосита таъсир кўрсатади. Шу нуқтаи назардан, солиқ тизимидаги ислоҳотлар янги Ўзбекистон иқтисодий сиёсатининг марказий элементларидан бири сифатида намоён бўлмоқда. Сўнгги икки йилда солиқ ислоҳотлари ҳисобига бюджет тушуми иқтисодий ўсиш суръатига нисбатан тезроқ ошмоқда. Бу ҳолат солиқ маъмурчилигининг такомиллашуви ва яширин иқтисодиёт улушининг қисқараётгани билан изоҳланади. Буни Халқаро валюта жамғармаси ҳам ўз баҳоларида қайд этган.

Стратегик мақсад сифатида 2030 йилга бориб солиқ тушумларини 491,5 триллион сўмга етказиш ва иқтисодиётдаги норасмий сектор улушини 28 фоиздан 19,6 фоизгача қисқартириш белгиланган. Яширин иқтисодиётнинг юқори даражада сақланиб қолиши нафақат бюджет даромадларини чеклайди, балки бозорда адолатли рақобат муҳитини ҳам издан чиқаради. Норасмий фаолият юритаётган субъектлар солиқ юкидан қочиш орқали сунъий афзалликка эга бўлади. Бу эса самарали ва шаффоф ишлаётган бизнес субъектлари учун тенгсиз шароит яратади.

Шу боис, яширин иқтисодиётни қисқартиришга фақат фискал вазифа эмас, балки рақобат сиёсатининг ажралмас қисми сифатида қаралиши лозим. Бу йўналишда маъмурий назоратни кучайтириш билан бирга бизнес юритишни соддалаштириш, солиқ юкини оптималлаштириш ва иқтисодий фаолиятни “соядан чиқиш”га рағбатлантирувчи институтларни шакллантириш ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Давлатимиз раҳбари биринчи чорак таҳлилига бағишлаб ўтказилган йиғилишда рақамли таҳлил ва сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиб, “ақлли” назорат тизимини жорий этиш орқали жорий йилда бюджетга қўшимча 30 триллион сўм тушумни таъминлаш зарурлигини кўрсатиб ўтди.

Йиғилишда стратегик бўлмаган йирик солиқ тўловчиларга ҳудудларда хизмат кўрсатиш масаласи кўтарилди. 209 мингта ҚҚС тўловчи солиқ органларидан узоқда жойлашгани хизмат сифатини пасайтирмоқда. Ечим: стратегик бўлмаган 500 та корхона назоратини вилоят даражасига, 103 мингдан зиёд қишлоқ хўжалиги, савдо ва умумий овқатланиш корхонасини туман даражасига ўтказиш. Бу ёндашув солиқ тўловчиларга жойида хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, муаммоларни тезкор ҳал қилиш ва назорат самарадорлигини кучайтиришга хизмат қилади.

Тадбиркорлар учун солиқ маъмурчилигидаги асосий муаммолар сўров натижаларига кўра аниқланди: текширувларнинг мураккаблиги, ҳисобот топширишнинг оғирлиги ва солиқ тўлаш жараёнларидаги номаъқулликлар. Муаммоларни ечиш учун қатор ташаббуслар кўзда тутилган:

— “Автокамерал” назоратни жазолаш воситасидан профилактика тизимига айлантириш (хатони барвақт аниқлаш ва тузатиш);

— корхоналарни хавф даражасига қараб “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифаларга ажратиб ишлаш;

— 6 турдаги ҳисоботни инсон аралашувисиз автоматик шакллантириш;

— ягона солиқ ҳисобварағига ўтиш орқали хатоликларни камайтириш.

Янги тизим жорий этилса, тадбиркорлар 8,4 триллион сўм тежаши мумкин. Текширувлар сони камаяди, ҳисоботлардаги хатолар кескин қисқаради, мурожаатларни кўриб чиқиш тезлашади ва колл марказлар фаолияти яхшиланади. Бу нафақат тадбиркорлар учун қулайлик, балки солиқ органлари имижини ижобий томонга ўзгартиришнинг амалий йўлидир.

Ҳар қандай тизимнинг самарадорлиги пировардида одамларга боғлиқ. Солиқ органлари учун кадрлар масаласи энг асосий муаммо сифатида белгиланди. Сўнгги йилларда кадрлар қўнимсизлиги ошган. Ходимларнинг малакасини ошириш даражаси пастлиги, моддий рағбатлантириш тизими замон талабларига жавоб бермаслиги, ижтимоий қўллаб-қувватлаш механизмлари етарли эмаслиги муаммоларни тизимли тарзда кўрсатмоқда. 2022 йилда 3000 дан ортиқ ходим малака оширган бўлса, ўтган йили бор-йўғи 700 нафари қайта ўқитилган. Бу кескин пасайиш ташвиш уйғотади.

Солиқ академиясининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, кадрларни моддий ва ижтимоий рағбатлантириш, узлуксиз таълим тизимини йўлга қўйиш солиқ тизимини кўпроқ “сервис ташкилоти”га айлантириш стратегиясининг таркибий қисмидир.

Банк-кредит тизимининг таҳлили мамлакатимиздаги иқтисодий фаоллик динамикасини аниқ кўрсатади.

Тадбиркорлик сегментида саноат тармоғи 140,8 триллион сўм билан энг йирик кредит истеъмолчиси бўлса-да, кредит ҳажми ўтган йилдагига нисбатан 13,5 триллион сўм камайган. Аксинча, қишлоқ хўжалиги соҳасида кредитларга талаб кескин ортган. Соҳа қарздорлиги 12,2 триллион сўм кўпайиб, жами 62,1 триллион сўмни ташкил этди. Бу агросаноат секторини ривожлантиришга давлат эътибори кучайгани билан боғлиқ.

2026 йил 1 апрель куни Ўзбекистон ҳукумати глобал молия майдонида ниҳоятда муҳим битимни имзолади. Мамлакатимиз эквивалент ҳисобида 1 миллиард долларга тенг сўмдаги суверен халқаро облигацияларини муваффақиятли жойлаштирди. Ушбу амалиёт миллий валютадаги қарз жалб қилиш тарихида энг паст — йиллик 12,25 фоиз ставка билан қайд этилди.

Эмиссия жараёнида халқаро инвесторлар томонидан мисли кўрилмаган талаб кузатилди. АҚШ, Европа, Буюк Британия ва Осиёнинг 50 га яқин йирик инвестиция компанияларидан жами 23,4 триллион сўмлик аризалар келиб тушди. Бу кўрсаткич ҳукумат таклиф этган дастлабки миқдордан деярли тўрт баравар кўп, талабдан ортиқ обуна нисбати 4:1. Бу давлатга ставкани сезиларли пасайтириш имконини берди.

Тарихий таққослаш: 2024 йилда 3 йиллик облигациялар 16,625 фоиз ставкада, 2025 йилда 15,5 фоиз ставкада чиқарилган эди. 2026 йилда 12,25 фоиз. Бу ставкадаги тизимли тушиш инвесторларнинг Ўзбекистон иқтисодий барқарорлигига ишончи ортаётганидан далолат беради. Ушбу битим Марказий ва Шарқий Европа ҳамда Африка давлатлари орасида миллий валютадаги қоғозларни жойлаштириш ҳажми бўйича сўнгги 15 йилдаги энг йирик кўрсаткич бўлди.

Жалб этилган маблағлар бюджет тақчиллигини молиялаштиришга йўналтирилади. 2026 йилда бюджет тақчиллиги 60,1 триллион сўм бўлиши ва ЯИМнинг 3 фоизидан ошмаслиги белгиланган. Келгусида GBI-EM индексига кириш режалаштирилмоқда. Бу 300 миллиард долларлик активларни бошқарувчи янги инвесторлар гуруҳини жалб қилиш ва давлат қарзи харажатларини янада камайтиришга хизмат қилади.

2026 йил учун мўлжалланган давлат дастурида аниқ ва ўлчанадиган мақсадлар белгиланган. Мамлакатимизнинг ялпи ички маҳсулоти 167 миллиард долларга етказилиши режалаштирилган. Иқтисодий ўсиш суръати 6,6 фоиз даражасида бўлиши кутилмоқда.

Инфляция 6-6,5 фоизгача туширилади, бюджет тақчиллиги ЯИМга нисбатан 3 фоиз миқдорида чекланади. Бу кўрсаткичлар халқаро стандартлар, хусусан, Халқаро валюта жамғармаси талаблари доирасида ва ривожланаётган иқтисодиётлар учун қабул қилинган меъёрлар доирасида. Иқтисодиётга

50,4 миллиард доллар хорижий инвестицияни жалб этиш кўзда тутилган.

Дастурда 1 миллион фуқарони доимий иш ўрни билан таъминлаш вазифаси қўйилган. Камбағалликни 2,8 фоизга, ишсизликни 4,5 фоизга тушириш режалаштирилган. 263 минг оилани камбағалликдан чиқариш чоралари кўрилади. Бу рақамлар нафақат иқтисодий, балки ижтимоий натижа кўрсаткичлари сифатида ҳам баҳоланиши лозим.

Хизмат кўрсатиш соҳаси 100 миллиард доллардан ошиши, қурилиш 11 фоиз ўсиб, 30 миллиард долларга етиши прогноз қилинмоқда. Мамлакатимиз бўйлаб қиймати 4 миллиард долларга тенг 3500 дан ортиқ янги хизмат кўрсатиш объектлари фойдаланишга топширилади.

2026 йилги дастур марказида маҳалла институти туради. Маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш учун 20 триллион сўм ажратилади. Маҳаллаларда 10 мингдан ортиқ ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳалари ишга туширилиб, улар орқали 100 мингта янги иш ўрни очилади.

Стратегик мақсад 3500 та маҳаллани ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантиришдир. Давлат органлари маҳалладаги муаммоларни ҳал этиш учун 24/7 режимида онлайн назорат остида ишлайди. Маҳалла тизими ўзбекистонликлар учун ижтимоий хавфсизлик ва мутаносибликнинг беназир асосидир. Уни иқтисодий ривожлантириш воситасига айлантириш ноёб ва самарали ёндашув.

2030 йилга бориб ЯИМ ҳажмини 240 миллиард доллардан ошириш учун мустаҳкам пойдевор яратилиши кутилмоқда. Бу 2026 йилги кўрсаткичдан 44 фоиз ошиши иқтисодий ўсишнинг тезлашаётган траекториясини кўрсатади.

Биринчи чоракда юртимизга 3 миллионга яқин хорижий сайёҳ келди, туризм экспорти 1 миллиард 103 миллион долларни ташкил қилди. Бундай юқори натижага “туристик релокация” ҳам катта таъсир кўрсатаётгани таъкидланди. Глобал нотинчлик шароитида миллионлаб туристлар тинч, хавфсиз ва сифатли йўналишларни қидирмоқда. Мамлакатимиз бу имкониятни ушлаб туриши учун ҳар бир туманнинг туристик жозибадорлигини ошириш бўйича комплекс тавсиялар тайёрланиши зарурлиги белгиланди.

Электр энергиясидан самарали фойдаланиш мамлакатнинг иқтисодий ривожланишида муҳим омил. Электр йўқотиши 20 фоиздан кўп бўлган 44 та тумандаги электр тармоқлари корхоналаридаги аҳвол танқид қилинди. Раҳбарлар алмаштирилиши, ўрнига ёш кадрлар қўйилиши ва йўқотишларни 2 баравар камайтириш бўйича KPI белгилаш зарурлиги қайд этилди. Умуман, тармоқ раҳбарлари ва ҳокимлар бу йил 5 миллиард киловатт электр ва 3,5 миллиард куб метр газни тежаши шартлиги таъкидланди.

Техника олийгоҳларида энергетика йўналиши бўйича 10 мингдан зиёд 3-4-курс тaлабалари таҳсил олмоқда. Уларни техника хавфсизлигига ўқитиб, дуал таълим асосида туман корхоналарида амалиёт ўташи ва энергия тежаш бўйича амалий ечимлар таклиф қилиши рағбатлантирилади. Бу ёндашув таълим — ишлаб чиқариш интеграциясининг амалий намунасидир.

Жорий йил мамлакатимиз нуфузли “Иқтисодий эркинлик индекси”да 14 поғона юқорилаб, илк бор “иқтисодиёти мўътадил эркин” давлатлар қаторидан жой олди. Бу нафақат рейтинг кўрсаткичи, балки мамлакатимизнинг хорижий инвестициялар учун жозибадорлиги, ­тадбиркорлик муҳити очиқлиги ва ҳуқуқий тизим барқарорлигининг халқаро тан олинишини билдиради.

Қарз олиш таннархини пасайтириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, туризмни ривожлантириш ва халқаро лойиҳаларда иштирок этиш нуқтаи назаридан иқтисодий рейтинглар стратегик аҳамиятга эга. Давлат ушбу рейтингларни ошириш учун изчил ислоҳотлар ўтказмоқда.

Глобал зиддиятлар, логистика йўлакларидаги ўзгаришлар ва таъминот занжирларининг бузилиши бизга ҳам босим ўтказмоқда. Йил бошидан дунёда нефть нархи 40 фоиз ошди. Бу маҳаллий товарлар экспорти ва асосий истеъмол товарларининг импортида ташиш харажатларини 25-30 фоиз ошиши риски мавжуд дегани. Инфляция импорти ички нарх-навога 1 фоизгача қўшимча босимни юзага келтирмоқда.

Логистикадаги узилишлар туфайли биринчи чоракда қорамол импорти 2 баравар камайди. Ечим сифатида ҳаво транспортида ташиладиган наслли қорамол учун 4 миллион сўмгача субсидия, гўшт импортида транспорт харажатларининг ярмини қоплаш йўлга қўйилди. Иккинчи чоракда 45 минг тонна, йил якунигача жами 130 минг тонна гўшт импортини таъминлаш мақсади белгиланди. Муқобил транспорт йўлакларини кўпайтириш таклифи ташқи савдодаги ягона йўлак рискини камайтиришга хизмат қилади.

Инфляцияни фақат ташқи омилларга боғлаш масъулиятдан қочишдир. Ички ишлаб чиқариш ва товар таклифи инфляцияни бошқаришнинг асосий воситаси бўлиши лозим. Шунинг учун маҳаллий ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, таклифни кўпайтириш ва сунъий монополияга қарши кураш инфляция сиёсати марказида туради.

Давлатимизнинг халқаро нуфузи иқтисодий кўрсаткичлар ва сиёсий ислоҳотлар орқали мустаҳкамланиб бормоқда. Ўтган ҳафта Халқаро валюта жамғармаси эълон қилган ҳисоботда “юқори иқтисодий фаоллик орқали Ўзбекистон кучли ва барқарор иқтисодий ўсишни сақлаб қолаётгани” қайд этилди. Бу баҳо нафақат қўллаб-қувватлаш, балки халқаро кредитор ва инвесторлар учун сигнал вазифасини бажаради.

Давлат активларининг 30 фоизини халқаро фонд бозорларига чиқариш ва 13 та стратегик корхона бошқарувини “Franklin Templeton” компаниясига бериш, бу иқтисодий ислоҳотларнинг янги босқичи. Халқаро бошқарув стандартлари жорий этилиши корпоратив бошқарув сифатини оширади, шаффофликни таъминлайди ва стратегик инвестицияларни жалб қилишига шароит яратади.

Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги нишонланадиган 2026 йилда Ўзбекистон глобал иқтисодий аренада ўзини “иқтисодиёти мўътадил эркин” давлат сифатида илк бор расмий тан олдирди. Бу мавқе янги Ўзбекистон даврининг жадал ўзгаришларини жамлаган юксак эътирофдир.

Мустақиллик байрамини нишонлаш ва иқтисодий ислоҳотлар ўртасидаги муносабат юзаки қараганда аён кўринмас, аммо чуқур таҳлил байрам нишонлашнинг асосий ғоявий мазмуни ислоҳотлар натижалари, иқтисодий ўсиш ва аҳолининг турмуш сифати ошиши билан узвий боғлиқлигини кўрсатади.

Ўзбекистон Марказий Осиёнинг энг кўп аҳолига эга, иқтисодий жиҳатдан энг фаол давлати сифатида минтақавий етакчилик мавқеини мустаҳкамламоқда. Яхши қўшничилик сиёсати, минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш мамлакатнинг геосиёсий рискларини камайтириб, иқтисодий имкониятларини оширмоқда.

Ислоҳотлар мажмуасига қараганда, иқтисодий сиёсатда тизимли ёндашув устувор: хусусийлаштириш ва иқтисодиётда давлат улушини қисқартириш; солиқ тизимини “текширувдан — сервисга” трансформация қилиш; банк-кредит тизимини ривожлантириб, бандликни ошириш; рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ишлаб чиқариш, солиқ ва бошқарувга татбиқ этиш; маҳалла асосидаги инклюзив ривожланиш; суверен молиявий бошқарув ва бюджет интизоми; туризм, хизматлар ва экспортни диверсификациялаш.

Бу ёндашув бир-бири билан боғлиқ чораларнинг уйғун тизимини ташкил этади. Хусусийлаштириш бюджетни мустаҳкамлайди, солиқ маъмурчилигини яхшилаб, тушумларни оширади, рақамли воситалар шаффофликни таъминлайди ва маъмурий ресурслар чиқимини камайтиради, маҳалла ислоҳоти ижтимоий барқарорликни сақлайди. Буларнинг барчаси мамлакатимизнинг тараққиёт салоҳиятини мустаҳкамловчи ягона механизмни ташкил этади.

Ҳа, бугун мамлакатимиз 240 миллиард доллар ЯИМга қараб боряпти. Бу мустақиллик тамалига қурилган, ислоҳотлар орқали мустаҳкамланган ва умумхалқ бирдамлигида ифода топган янги Ўзбекистоннинг стратегик тасвири.

Мустақиллик байрами шукуҳи ҳар куни ишлаётган тадбиркор, ўқиётган талаба, изланаётган олим, давлат хизматчиси амалиётида давом этади. Истиқлолимизнинг 35 йиллиги ўтмишни ёдга олиш билан бирга, истиқболни режалаштириш ва миллат сифатида бирлашишнинг буюк имкониятидир.

Нодир ЖУМАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар

масалалари қўмитаси раиси,

иқтисодиёт фанлари доктори,

профессор