Бироқ, жиддий эътибор талаб қиладиган соҳалардан бири - университетлар ва профессор-ўқитувчиларнинг обрўси ва нуфузи бўлиб ҳисобланади.
Университетлар ва профессор-ўқитувчиларнинг обрў-эътибори юксак истеъдодларни жалб этиш, таъсирчан тадқиқотлар олиб бориш ва мамлакат келажагини шакллантиришда ҳал қилувчи омил ҳисобланади. Нуфуз – бу муассаса ёки шахснинг обрўси ва таъсирининг ўлчовидир. Юқори нуфузли университетлар ва профессорлар иқтидорли талабаларни, юқори даражадаги профессор-ўқитувчиларни ва тадқиқот учун маблағларни жалб қилишда самаралироқ ва кўпроқ имкониятларга эга бўлади. Шунингдек, улар академик ва профессионал жамоаларда кўпроқ эътироф ва таъсирга эга.
Ўзбекистон университетлари ва профессор-ўқитувчилари олдида турган асосий муаммолардан бири халқаро миқёсда эътироф этилишдир. Ўзбекистон университетлари мамлакатдан ташқарида унчалик машҳур эмас ва улар халқаро рейтингларда (глобал рейтингларда) ўз ўрнига эга эмас. Ушбу халқаро тан олинмаганлиги университетларга юқори даражадаги истеъдодлар ва тадқиқот учун маблағ жалб қилишни қийинлаштиради. Шунингдек, бу уларнинг халқаро ҳамкорлар билан ҳамкорлик қилиш ва глобал тадқиқот тармоқларида иштирок этиш имкониятларига тўсқинлик қилади.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 октябрдаги ПФ-5847-сон Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 декабрдаги ПҚ-60-сон ва ПҚ-61-сон қарорлари билан олий таълим муассасасининг узоқ ва ўрта муддатли стратегик ривожлантириш дастурини тасдиқлаш, халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингининг юқори ўринларидан жой олиш бўйича мақсадли чора-тадбирларни белгилаш ҳамда унинг амалга оширилиши, шунингдек камида 10 та олий таълим муассасасини халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингининг биринчи 1 000 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига, шу жумладан Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд давлат университетини биринчи 500 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига киритиш вазифаси белгилаб берилди.
Ўз навбатида Президент Парламентга мурожаатномасида жамиятда ўқитувчи касбининг нуфузини оширишга алоҳида эътибор қаратгани бежиз эмас, чунки ўқитувчилар жамият ва давлатни тараққиёт ва инновациялар сари етакловчи келажак авлод етакчилари, олимлари ва мутафаккирларини тарбиялаш учун масъулдирлар.
Шу ўринда Ўзбекистоннинг янги Конституциясида олий таълим ташкилотлари қонунга мувофиқ академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқига эгалиги (51-модда), давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади (52-модда), ҳар кимга илмий, техникавий ва бадиий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланади (53-модда) деб белгиланганлиги муҳим аҳамият касб этади.
Университетлар ва олимлар, олиб борилаётган илмий-тадқиқотлар ҳамда уларнинг натижадорлиги жамиятимиз келажагини шакллантиришда ҳал қилувчи рол ўйнайди. Шу нуқтаи назардар университетлар ва профессор-ўқитувчиларнинг обрў-эътиборини ошириш тенденциясини йўлга қўйиш зарур вазифадир.
Шу ўринда, университетлар ва профессор-ўқитувчиларнинг нуфузини оширишда қуйидагиларга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ бўлиб ҳисобланади.
Биринчидан, таълимга йўналтирилган инвестицияларни (investment in education) кўпайтириш. Бунда давлат томонидан таълимга йирик сармоялар киритилиши сиёсатини давом эттириш ва таълимни иқтисодий ривожланишнинг асосий омили сифатида биринчи ўринга қўйиш зарур. Мазкур масалани миллий давлат сиёсатида ва ҳатто 2023 йил «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили» деб эълон қилинганлигида ҳам кўриш мумкин. Ўз навбатида мазкур ҳолат университетларга энг зўр истеъдодларни жалб қилиш, таълим сифатини ошириш ва таъсирли тадқиқотлар олиб бориш имконини беради.
Иккинчидан, академик мукаммалликка (academic excellence) эътибор қаратиш. Бунда Ўзбекистон университетлари академик мукаммалликни биринчи ўринга қўйиши ҳамда тадқиқот ва инновацияларга инвестиция киритиши керак. Бу муассасанинг обрўсини, академик ва касбий жамоалардаги таъсирини оширади.
Учинчидан, халқаро эътирофни ошириш (international recognition and visibility). Бунда Ўзбекистон университетлари ўзларининг халқаро эътирофини ва намоён бўлишини оширишга эътибор қаратишлари зарур. Бунга етук хорижий университетлар билан ҳамкорлик қилиш, глобал тадқиқот тармоқларида иштирок этиш ва университетнинг илмий натижаларини машҳур хорижий нашрларда чиқариш ҳамда халқаро фрумларда илгари суриш орқали эришиш мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда олий ўқув юртлари ва профессор-ўқитувчиларнинг нуфузини ошириш барча манфаатдор томонларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларини талаб қиладиган муҳим вазифадир. Таълимга сармояни кўпайтириш, академик мукаммалликка эътибор қаратиш, халқаро эътирофни ошириш орқали биз Ўзбекистон университетлари ва профессор-ўқитувчиларининг мамлакат келажагини шакллантиришда ҳал қилувчи рол ўйнашини таъминлашимиз мумкин.
Исламбек Рустамбеков
Тошкент давлат юридик университети ректори в.в.б.,
юридик фанлари доктори, профессор