Бугун Ўзбекистон сайёҳлик брендининг Буюк Британиядаги элчиси Софи Ибботсон кенг кўламли тадбирнинг юртимиз учун аҳамияти ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди, деб хабар беради Туризм қўмитаси матбуот хизмати.

“UNWTO Бош ассамблеяси 25-сессияси Ўзбекистон учун иккита муҳим аҳамиятга эга. Бу ерда биринчи навбатда бутун дунёдан сайёҳлик ташкилотлари вакиллари йиғилади. Тадбирга UNWTOга аъзо мамлакатлардан 160 та делегация иштирок этиши кутиляпти. Бу Ўзбекистонга нафақат халқаро туризм соҳасига ҳисса қўшиш, балки келгуси икки йил давомида уни шакллантириш имкониятини ҳам беради. Ушбу тадбир муҳимлигининг яна бир сабаби шундаки, Ўзбекистон ўзининг меҳмондўстлиги ва MICE туризми йўналишини намойиш этиш имкониятига эга бўляпти (MICE — бу бизнес учрашувлари доирасидаги конференциялар ва тадбирлардир). Бу Ўзбекистонда энди ривожланаётган туризм соҳаси ҳисобланади. Бош Ассамблеясининг 25-сессияси Ўзбекистон халқаро тадбирларни юқори савияда ўтказиш учун барча имкониятлар ва мутахассисларга эга эканлигини кўрсатади ҳамда бутун дунё ҳамжамиятини нуфузли халқаро тадбирларни айнан Ўзбекистонда ўтказишга ундайди”.

Шунингдек, Софи Ибботсон Ўзбекистоннинг қайси туристик йўналишлари Европа Иттифоқи давлатларидан чет эллик сайёҳларни жалб этиши ҳақида гапирди.

“Ўзбекистонга саёҳат қилиш хорижлик сайёҳлар учун жозибадор, ҳаяжонли, ўта экзотик, шу билан бирга, жуда хавфсиз ва ҳамёнбопдир. Шунингдек, турли миллий маҳсулотлар ҳам сайёҳларнинг эътиборини жалб этади.

UNWTO Бош Ассамблеяси доирасида “Энг яхши туризм қишлоқлари” номинацияси бўйича тақдирлаш маросими ҳам ўтказилади. Бу рўйхатга Ўзбекистоннинг бешта туризм қишлоғи ҳам киритилгани қувонарлидир. Туризм қишлоқлари — Ўзбекистон учун маҳаллий ва хорижлик сайёҳларга қишлоқ аҳолиси ҳамда уларнинг турмуш тарзи билан мулоқот қилиш имконини берувчи ажойиб янги йўналишдир”.

Бундан ташқари, С. Ибботсон сўнгги 5–10 йилда Ўзбекистонда содир бўлган ўзгаришлар ва сайёҳлар учун мамлакатимизга саёҳат қилишнинг ижобий жиҳатлари ҳақидаги ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.

“Мен Ўзбекистонга мунтазам ташриф буюраман, шунинг учун мамлакатдаги ўзгаришларни алоҳида таъкидлашим жоиз. 5-10 йил аввалги ҳолатдан фарқли ўлароқ бугун Ўзбекистонга келиш анча осон. Рейслар сони кўпайди, виза тизими бекор қилинди. Шунингдек, мамлакат ичида тезюрар поезд қатнови йўлга қўйилди, Хива ва Нукусга ҳам тезюрар поезд қатновини йўлга қўйиш режалаштирилган. Бу эса мамлакатнинг ғарбий қисмини сайёҳлар учун анча қулай қилади. Учинчидан, Ўзбекистонда кўплаб юқори сифатли турар жой бинолари қурилди. Бугунги кунда нафақат Тошкент, балки Самарқанд, Бухоро ва Хивада ҳам 4 ва 5 юлдузли меҳмонхоналар фаолият олиб боряпти. Бу эса сайёҳларга турли жойларда, айниқса, уларга таниш бўлган бренд меҳмонхоналарда қолиш имкониятини беради”.