Тадбирда Свердловск ҳамда Тюмень вилоятлари, Ханти-Мансийск автоном округи-Юградаги ўзбек миллий уюшмалари раҳбарлари ва фаоллари, ватандош тадбиркорлар, Екатеринбург шаҳридаги турли олий ўқув муассасаларида таҳсил олаётган талабалар, вақтинчалик меҳнат фаолияти билан банд бўлган юртдошлар иштирок этди.
Учрашувда «Ватандошлар» жамоат фонди бошқаруви раиси Одилжон Сатторов видеоконференция шаклида қатнашди.
Анжуманда иштирокчиларга мамлакатимиз раҳбарияти томонидан олиб борилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишлари ҳамда ватандошлар билан ҳамкорликни ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Бош консулхона консуллик округи ҳудудида фаолият юритаётган ўзбек миллий марказлари ҳамда жамоат бирлашмалари билан келгусида амалга оширилиши кўзланган тадбирлар режаси муҳокама қилинди.
Одилжон Сатторов Фонд ва Урал федерал округидаги ўзбек миллий марказлари ҳамда жамоат бирлашмалари ўртасида ҳамкорликка оид меморандум имзолаш, юртдошларимиз таҳсил оладиган олий ўқув муассасаларида ўзбек маданияти кунларини ўтказиш сингари таклифларни билдирди. Уралдаги ватандошлар 2022 йилнинг куз фаслида Самарқандда ўтказилиши режалаштирилаётган ватандошлар форумига таклиф этилди.
Свердловск вилояти «Урал-Ўзбекистон» дўстлик жамияти раиси А.Туратов ва Тюмень вилояти ўзбек диаспорасининг «Ватан» жамоат ташкилоти раиси М.Собиров билдирган таклифларни тўлиқ қўллаб-қувватланиши таъкидлади. Шунингдек, улар ватандошлар ташкилотлари томонидан Уралда ўзбек тили, маданияти ва анъаналарини сақлаб қолиш ва ривожлантириш, Ўзбекистоннинг бой илмий, маданий ва маънавий меросини кенг тарғиб қилиш ва оммалаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Томонлар Урал федерал округида ўз фаолиятини амалга ошираётган ўзбек миллий марказлари ва жамоат ташкилотлари ҳамда «Ватандошлар» жамоат фонди ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолаш масаласини батафсил муҳокама қилиш мақсадида 2022 йилнинг январь ойида қўшимча видеоконференция ўтказиш тўғрисида келишиб олди.