Шу муносабат билан бугун, 29 июль куни битирув кечасига бағишланган тантанали диплом топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тантанали маросимда УрДУ раҳбарияти, фахрий профессор-ўқитувчилари, хорижий ҳамкор олий таълим муассасаларидан ташриф буюрган меҳмонлар, битирувчи талаба-ёшлар ва уларнинг ота-оналари иштирок этдилар.
Тадбирни университет ректори Баҳром Абдуллаев табрик сўзи билан очиб берди, якунланаётган ўқув йилини сарҳисоб қилиб, ёшларимизнинг кўпгина йўналишларда ўзларининг бор қобилият ва интеллектуал салоҳиятларини намоён этиб, катта ютуқларни қўлга киритганликларини мамнуният ила эътироф этди.
Йиллар давомида эгаллаган билимларини эл-юрт равнақи йўлида сарф қилиб, мамлакатимиз ривожига ҳисса қўшишда ҳеч толмасликни, келгусидаги ишларида омад ёр бўлишини тилади. Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг янграши ушбу тилакларга янада қанот бўлди.
Тадбирда фахрий устозлар ҳамда хорижий меҳмонлар жумладан, УрДУ фахрий профессорлари Х.Бабажонов ва С.Машарипова, АҚШнинг Калифорния давлат университети профессори З.Ибрагимовларнинг битирувчи ўғил-қизлар учун эзгу тилаклари тингланди. Шунингдек, барча битирувчилар номидан олти йиллик таҳсили давомида жуда кўплаб ютуқларга эришган Лингвистика: инглиз тили битирувчи магистранти Г.Машарипова ўзининг қалб сўзлари, миннатдорлик туйғуларини изҳор этди.
Шундан сўнг, 2022-2023-ўқув йилининг битирувчи магистрларига, бакалавриат босқичини имтиёзли тугатган талабалар ва қўшма таълим дастури асосида ўқишини тамомлаган ёшларга мусиқа садолари остида, устозлар кўмагида дипломлари тантанали топширилди.
УрДУ Матбуот хизмати