Йиллар давомида тежаб, уй оламан, дея пул йиққан юртдошларимиз уй-жой харид қилишда турли муаммоларга дуч келса алам қилиши тайин. Бугун Самарқанд вилояти Ургут туманида юз берган шундай ҳолатларга тўхталиб ўтсак.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ишонч телефонига келиб тушган мурожаатлар Ургут тумани истеъмолчилар жамиятига жўнатилган. Мурожаатчилардан бири, Ургут туманида яшовчи М.Аҳмедова “Movarounnahr Buldings” МЧЖдан норози бўлган. У туманнинг Навоий шоҳкўчасидаги 98-уйдан хонадон харид қилиш учун 19 миллион сўм тўлаган, аммо қурилиш корхонаси анчадан буён янги уйни фойдаланишга топширмаган.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти аъзолари “Movarounnahr Buldings” МЧЖ раҳбари ва ходимлари билан қонуний тушунтириш ишлари олиб боргач, қурилиш корхонасидан М.Аҳмедованинг 19 000 000 сўм пули ундириб берилди.

“Movarounnahr Buldings” МЧЖдан норози бўлиб яна бир ургутлик Н.Толибова ҳам Ургут тумани истеъмолчилар ҳуқуларини ҳимоя қилиш жамиятига ариза ёзган. Унга кўра, ушбу фуқаро ҳам янги уй хариди учун 43 700 000 сўм тўлаган.

Н.Толибованинг ҳам аризаси ўрганилиб, муаммо жойида бартараф этилди. Истеъмолчининг уй сотиб олиш учун тўлаган, сарсон бўлиб ололмай юрган 43 700 000 сўми ҳам қайтариб берилди.

Гулноза ШАРАФОВА,

журналист