Бу бежиз эмас. Иқтидор, меҳнатсеварлик ва яратганнинг инояти ила берилган зукколик Иркин Ҳамидовични илму фан оламининг юксак чўққисига олиб чикди. Эътироф этмоқ керак, унинг ҳаёти илмий фаолияти тақдирини ветеринария илми, мамлакатимиз чорвачилиги истиқболи билан боғлаган барча кишилар учун ҳақиқий ибрат мактабидир. Шу боис бугун дунёга машҳур бўлган академик фаолиятига алоҳида тўхталмоқчимиз.

Устознинг болалиги дунё тамаддунига бешик саналган, оламнинг сайқали саналмиш Самарқандда кечди. У болалигидан китобга меҳр қўйди, шаҳардаги 10-мактабда ўқиган кезларидаёқ зукколиги ва тиришқоқлиги билан бошқалардан ажралиб турарди. Оилавий муҳит, зиёлилар даврасидаги суҳбатлар бўлғуси олимнинг ҳаётига катта ўзгаришлар олиб кирди. Очиғи, ўша пайтлар замон оғир эди. Урушдан кейинги даврлар, иқтисод издан чиққан, мамлакат аграр тармоғи ҳақиқий жонкуярларга жуда мухтож эди. Қандай қилиб уруш асоратларига барҳам берган ҳолда иқтисодни кўтариш мумкин? Аҳоли фаровонлигини таъминлаш қайси тармоқларни ривожлантиришга боғлиқ? Бу саволлар кўпчиликни ташвишга солиб турган кезда шаҳарлик зиёли оилада тарбия топгак йигитни қишлоқ ташвишлари, хусусан, чорвачилик ва унинг ўзаги, истиқболининг кафолати саналмиш ветеринария соҳаси жуда қизиқтириб кўйди. Шу боис илмга чанқоқ йигит Самарқанд қишлоқ хўжалик институтининг ветеринария факультетига ўқишга кирди.

Талабалик инсон учун бир синов, умрга татигулик фасл. Уша маҳаллар Иркин Ҳамидович буни юракдан ҳис қилди. Дарсликлардан ташқари ҳали баъзи олимлар варақлаб кўрмаган китобларгача кўз югуртиришга вақт топди. Фурсат жиловини махкам ушлаб кечалари шамчироқ ёруғида қўлёзмаларни тахдил қилди. Ундаги қизиқувчанлик ва тиришқоқлик кўпчиликни ҳайратга солгани ҳам бор гап. Шу тариқа у таниқли олимлар эътиборига тушди. Дунёга машҳур олим К.И.Скрябин раҳбарлигида 31 ёшида фан доктори илмий даражасига сазовор бўлди. Илмий изланишларни педагогик фаолият билан бақамти олиб боргани боис талабчан устоз сифатида тилга тушди. Ҳар бир тадқиқотчи руҳиятига кириб борган ҳолда уни ўз устида янада фаол ишлашга руҳлантира олиш Иркин Ҳамидович устозлик салоҳиятининг негизини ташкил этар эди.

Устоз шуғулланган йўналиш паразитология жуда мураккаб ва ўз долзарблигини ҳеч қачон йўқотмайдиган муаммолардан ҳисобланади. Чунки ўз ҳаёт тарзига эга бўлган паразитлар нафақат ҳайвонот олами балки инсоният учун ҳам жуда хавфлидир. Бу муаммоларни чуқур таҳлил этиш, паразитлар морфологиясини ўрганиш, хусусиятларига кўра янгича талқин этиш тадқиқотчию унинг илмий раҳбаридан чидам ва нуктадонликни талаб этади. Иркин Ҳамидович ўз шогирдларини худди шу ҳар қандай олим учун сув ва ҳаводек зарур бўлган тиришқоқликка ўргатди. Ва бу борада ўзи бошқаларга ибрат ҳам бўлдилар. Умуман олганда бугун академик яратган илмий хулоса ва кашфиётлар мамлакатимиз учун жуда катта фойда келтирмоқда. Иркин Ҳамидовичнинг бевосита раҳбарлигида амалга оширилган илмий изланишлар, очиб берилган йўналишлар юзлаб тадқиқотлар учун дебоча бўлмоқда. Академик муаллифлигида чоп этилган дарсликлару китоблар эса илм даргоҳларида талабалар ва олимлар учун асосий қўлланмага айланган.

У бениҳоя тиришқоқ, бир ишни бошладими охирига етказадиган ва қилган иши учун ҳеч нарса таъма қилмайдиган беназир инсон эди, дея эсларди таниқли олим, Самарқанд қишлоқ хўжалик институтига узоқ йиллар раҳбарлик қилган устоз мархум профессор Рўзи Ҳайитович Ҳайитов. Иркин Ҳамидовичда кишини ўзига жалб этадиган оҳанграбо бор эди. У шогирдининг дардига шерик бўлар, оилавий ташвишларга ўралаша бошлаган кишининг эътиборни тагин асосий ишга илмга моҳирлик билан буриб юбора олар эди. Ундаги бундай талант фақат буюк кишиларда бўлади холос. Қолаверса, ўша даврларни бугун билан солиштиргандаги фарқ кишини буткул ҳайратга солади. Бугун давлат томонидан ёшларга уларнинг илм олишларига жуда катта эътибор берилмоқда. Узингни кўрсат, билимдонлигинг юқори бўлсин истасанг, шу ерда, бўлмаса чет элнинг энг номдор университетига бор, пулини давлат тўлайди. Бундай имкон қаерда бор? Ва яна компьютеру интернет имкониятлари, дунёнинг исталган жойидаги кутубхонадаги китоб ва қўлёзма нусҳасини электрон вариантда бир неча сонияда такдим этадиган ахборот хизмати бугун талабаю изланувчилар ихтиёрида. У замонлар буни ақлга сигдириб бўлмасди, бирор ноёброқ китоб зарур бўлса кутубхоначига ёзма равишда уч-тўрт кун аввал буюртма бериш зарур эди. Шундоғам ўша китоб топилса... Шунинг учун ҳам Иркин Ҳамидовичнинг олимлик йўлини, академик даражасига кўтарилганини ҳақиқий қаҳрамонлик деса бўлади.

Ҳар гал эслаганимда Иркин Ҳамидовичдек дунёга юрт номини маълуму машҳур қилган олимлар сиймоси кўз олдимга келади. Улардан руҳий мадад оламан. Шогирдларга устозлар ҳаётидан мангуликка даҳлдор китобларидан мисоллар келтираман. Чунки 31 ёшда фан доктори бўлиш, 35 ёшда дунёни ҳайратга солган Ландау, Сахаровлардек академик даражасига кўтарилиш ҳақиқий жасорат эди. Бунинг учун кишида бетимсол иқтидор, фидойилик бўлмоғи зарур, дейди ветеринария фанлари доктори профессор Равшан Давлатов.

Яна устоз ҳаётига назар ташласак. Иркин Ҳамидовичнинг илмий ишлари Москвадаги йирик олимлар томонидан юқори баҳоланган. Европанинг бир неча ривожланган мамлакатларидаги нуфузли илмий журналлар ўзбек йигитининг илмий хулосаларини бирин-кетин чоп эта бошлашди. Шу тариқа Халқаро паразитология жамиятлари илм осмонида пайдо бўлган ёрқин юлдузни яққол кўришди. Натижада 1968 йил академик даражасига эришган Иркин Ҳамидович номига халқаро симпозиум ва конференцияларда иштирок этиш таклифи баён этилган номалар кела бошлади. Шу тариқа тадиқли олим дунёнинг ўнлаб мамлакатларига ўтказилган турли халқаро анжуманларда маърузалар ўқиб, ўз фикрлари билан кўпчиликни ҳайратга сола бошлади. Орадан кўп ўгмай мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётгани боис Иркин Ҳамидович Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, ихтирочиси, “К.И.Скрябин номли олтин медал” халқаро мукофотларга сазовор бўлди. Бир пайтлар ёш талаба сифатида машҳур олим Скрябин олдига қимтиниб, тортиниб келган ва ўз билимини талабчан устоз олдида синовдан ўтказган йигит йиллар ўтгач меҳнатсеварлиги, билим олишга чанқоқлиги туфайли эл эътиборига тушди, устози номи билан аталган олтин медалга муяссар бўлгани ҳам ғоят қувонарлидир. Назарда тутинг, бу нафақат тақдирнинг иноятию мукофоти, балки игна билан қудуқ қазишдек мураккаб бўлган илм соҳасида фидойи бўлишнинг мевасидир.

Устознинг илм-фан тараққиётини янада юксалтириш, Ўзбекистонда илмий соҳада олиб борилаётган катта ўзгаришларга дунё эътиборини қаратиш, шу тариқа жаҳон илму фан ютуқларини ўзбек олимлари меҳнати билан муқояса қилган ҳолда иш юритиш борасидаги фаолияти ҳам таҳсинга лойиқдир. Унинг ташаббускорлиги ва бевосита раҳбарлигида ўнлаб халқаро симпозиум ва конгресслар ташкил этилган ва бу тадбирлар, асрларга татигулик илмий саъй-харакатлар натижаси ўлароқ академик томонидан дунё алломалари тан олган ўзбек паразитология мактаби яратилган. Бу мактабнинг асосини ташкил этувчи 8 нафар фан доктори ва 40 нафардан ортиқ фан номзодлари ўз тадқиқотларининг илмий пойдеворини бевосита устозлари академик Иркин Ҳамидович номи билан чамбарчас боғлайдилар.

Академик ҳаётининг сўнгги кунларида ҳам ўзини илмдан айро тутгани йўқ. Самарқанд қишлоқ хўжалик институти, талабалару олимлар давраси, қизиқарли ва фаннинг долзарб муаммоларига багишланган гурунглар. Павлов, Ландау, Скрябин сингари дунёга донғи кетган олимлар сингари сочлари оқариб кетган, аммо қадди қомати ёшлар сингари расо устозни Самарқанд кўчаларида тез-тез учратиш мумкин эди. У камтарлиги, ёшларга меҳрибонлиги билан бошқалардан ажралиб турар, истеъдоду талантини сезган ва меҳри тушган талабани ўз уйида ҳам суҳбатга чорларди. Академик бир самимий, беғубор инсон сифатида доимо одамлар орасида эди. Ўзи яратган кашфиётлар, илмий натижалар самараси ўлароқ доимо чорвачилик дунёси, ветеринария соҳасининг демакки, сизу бизнинг муаммоларимизга шерик эди. У ҳаёти давомида оз эмас кўп эмас, 220 дан ортиқ патентлар, муаллифлик гувоҳномалари олди, 750 дан ортиқ китоблар, қўлланмалар монографиялар, дарсликлар яратди. Бу илмий асарлар дунёнинг ўнлаб мамлакатлари тилларига таржима қилингани ҳам олимнинг илмий салоҳияти нақадар юксак бўлганидан далолат беради. Америка, Европа ва Осиё мамлакатларидаги нуфузли илмий даргоҳларда қилинган маъруза ва чиқишлар паразитология соҳасининг энг мурракаб жиҳатларига бағишлангани билан диққатга сазовордир.

Бугун устознинг сеҳрли нигоҳидан куч олган, ўгитларига амал қилиб фанда ўз ўрнига эга бўлган профессорлар, йирик олимлар ва амалиётчилар академик хотираси олдида ҳурмату муҳаббат ила бош эгадилар, Зеро, устоз отадек улуғ, боболардек мукаррам. Улуғ бобомиз мир Алишер Навоий ҳазратлари лутф этганидек.

Ҳақ йўлинда бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,

Айламак бўлмас анинг ҳақин юз ганж ила

Баҳромжон Норқобилов, 

Ветеринария фанлари бўйича фалсафа доктори, 

Ветеринария ва чорвачиликни

ривожлантириш қўмитаси раиси