Кўтарингки шукуҳда ўтказилган концерт 2021 йил «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да маданият ва санъат соҳасида янги иқтидорларни кашф этиш ва қобилиятини ривожлантиришга мотивация бўлди, назаримизда.
Тадбирни филиал директори А. Аяпов кириш сўзи билан очиб берди. Ташкилотчиларга самимий минатдорчилик билдириб, келаси ишларида янги зафарлар тилади.
Ёшларимизни замонавий билим ва тажрибалар, миллий маданият ва санъат намуналари билан тарбиялаш замон талаби ҳисобланади. Мустақил ва мантиқий фикрлайдиган етук, эзгу фазилатлар эгаси бўлган инсонлар этиб тарбиялашда маданий-маърифий тадбирларнинг аҳамияти беқиёс.
Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг 2021 йилга Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида: «Агар катта авлоднинг билими ва тажрибасини, узоқни кўра олиш фазилатларини, ёшларимиздаги ғайрат-шижоат, мардлик ва фидойилик билан бирлаштира олсак, кўзлаган марраларга албатта етамиз» – дея таъкидлаган еди. Бугун филиал ўқитувчилари талабалар билан бирга саҳнага чиқмоқда. Айниқса, ўларининг ичида биринчи курс талабаларининг борлиги, истеъдодларини катта саҳнада кўрсатиши биз устозларга ҳам ўзгача ғурур ва ифтиҳор бағишлайди – дейди Қорақалпоғистон халқ бахшиси, доцент Г. Ахимбетова.
Кечада жозибали ва жонли куйланган куй-қўшиқлар, «Тумор» ансамбли ижросидаги турли миллатларнинг мафтункор рақслари томошабинларга бир олам завқ улашди. Талабаларнинг устозлари билан бир сафда туриб ижод қилиши ертанги келажагига ишонч уйғотади.
Концерт сўнгида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, эртанги муваффақиятларига замин яратаётган устозларни филиал директори ташаккурнома билан тақдирлади.
Асилбек ҚОЛҚАНАТОВ
ЎзДСМИ Нукус филиали талабаси