Маълумотларга кўра, ҳозирда дунё бўйлаб қарийб 46 миллион нафарга яқин одамлар қулликнинг турли тузоқларига тушиб келади. Жабирдийдаларнинг аксарияти аёллар, ишсиз ва таълим кўрмаган инсонлардан иборат.

Умуман, одам савдоси жуда йирик даромад келтирадиган соҳа бўлиб, йилига тахминан 150 миллиард доллар миқдоридаги ноқонуний фойда келтиради. Аслида, бу гиёҳванд моддалар савдосидан ташқари глобал уюшган жиноятчиларнинг энг катта даромад манбайидир.

Мамлакатимизда ҳам одам савдоси долзарб муаммолардан бири. Яъни, одам савдоси қурбонига айланувчи тоифа вакиллари, хусусан доимий иш ўрнига эга бўлмаган инсонлар сони нисбатан бизда юқори. Қолаверса, ўрта таълим муассасалари битирувчиларни олий таълимга қамраб олиш кўрсаткичи ҳам паст. 2020 йил ҳисоби бўйича қамров 25 фоиздан ошиши кутилмоқда. 2030 йилгача эса, қамраб олиш кўлами 50 фоизга етказилиши кўзда тутилган. Бироқ ривожланган давлатлар тажрибасига қарайдиган бўлсак, бу кўрсаткич уларда 60-70 фоизни ташкил этади.

Сўнгги маълумотларга кўра, 2020-2021 ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат йўналишига 1 484 085 нафар абитуриентлар рўйхатдан ўтган. Шундан жорий йил битирувчилар 536 144 нафар ёки ҳужжат топширганларнинг 36,13 фоизни ташкил қилади. Қабул квотаси эса, умумий ҳисобда (кундузги, кечки, сиртқи) 139 950 та. Ҳисоб-китоб қилинса бир миллиондан ортиқ абитуриентлар афсуски талаба бўла олмайди. Тўғри, абитуриентлар орасида доимий иш ўрнига эга бўлганлари ҳам бор. Лекин уларнинг сони у қадар ҳам катта миқдорни ташкил этмайди. Демак, ўз ўзидан аёнки олий ўқув юртига кира олмаган қарийб бир миллионга яқин абитуриентлар турли ёт ва бузғунчи ғоялар, жумладан одам савдоси қурбонига айланиш эҳтимоли юқори. Чунки уларнинг кўпчилиги имтиҳонлардан кейин бир муддат руҳий тушкунликка тушади. Одам савдоси билан шуғулланувчи шахслар учун бу каби ҳолатлар айни муддаодир. Бундай вазиятдан фойдаланувчи «одамфуруш» кимсалар тушкун кайфиятдаги ёшларга мўмай даромадли иш таклифларини бериб ўз сиртмоғига илинтиради.

Демак, бизда ўша бир миллионга яқин ёшлар билан нима қилинади, деган ҳақли савол бор. Афсуски, бу бўйича аниқ жавоб ва бирор дастур йўқ.

Халқимизда касални даволагандан унинг олдини олиш афзал эканлиги таъкидланади. Мазкур иборадан келиб чиқиб одам савдоси билан шуғулланувчи шахсларни қидиришга барча куч ва ресурсларни сарфлашдан кўра, кўпроқ одам савдоси қурбонига айланишга мойил бўлган юқоридаги тоифа вакиллари билан тизимли ва манзилли ишлаш самаралироқ. Яъни, биринчи навбатда ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ҳудудларимиз салоҳиятидан келиб чиқиб ёшларни яшаш жойига мос касб-ҳунар эгаллашларига етарли шароит яратиш лозим. Ўйлашимча, бунинг учун бор ресурс ва имкониятларни фақатгина бир ташкилотга ишониб топширмаслик жоиз. Яъни, ёшлар масалалари билан бевосита шуғулланувчи ташкилотлар сони ва салмоғи ортиши мақсадга мувофиқ. Шу билан бирга, бу каби ташкилотлар фақатгина иқтидорли ёшлар билан ишлаб эмас, балки бирламчи вазифа сифатида ишсиз ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар билан ишлашлари керак. Кузатишларим бўйича бу борада сўнгги вақтлар олдинга силжишлар кузатилмоқда.

Масалан, яқинда IT-Park дирекциянинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали «Сен Ўзбекистонга кераксан!» сарлавҳали хабарга кўзим тушди. Хабарда ёшларнинг олий таълим муассасасига кира олмаса қайғурмаслиги, қаергадир «суриш» ёки оғир ишларда ишлаш зарур эмаслиги баён этилган. Бунинг ўрнига олий таълим муассасасининг ўрнини босувчи бошқа нарса, яъни IT борлиги ва IT-Park бу борада энг керакли билимларни бера олиши, мутахассис қила олиши, натижада эса жаҳон бозорига чиқиш ва яхшигина пул ишлаш мумкинлиги таъкидланади. Эътиборли жиҳати IT-Parkнинг расмий сайтига кирилса дастурлаш борасидаги жуда кўп фойдали ресурслар бепул жойлаштирилган. Таҳлилчи сифатида айта оламанки, очиғи бу каби ёшларни руҳлантиришга қаратилган хабарлар ва лойиҳалар эътирофга лойиқ.

Қолаверса, 2019 йилнинг ноябрь ойида илк марта бир қатор ташкилотлар томонидан «Бир миллион дастурчи» лойиҳасига старт берилган эди. Ўйлашимча, мазкур лойиҳани ҳам бемалол ёшлар учун энг керакли ва умидли лойиҳалар сирасига киритиш мумкин. Боиси, ушбу лойиҳа охирги йиллар ҳисобида талаба бўла олмаётган бир миллионга яқин абитуриентларга «келажак касби» ҳисобланган дастурчиликни эгаллаши учун катта имконият тақдим эта олади.

Албатта юқоридаги лойиҳалар республика ёшларини бирдек қамраб ололмайди. Чунки, ҳудудларда интернет тармоғи ва электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Бир сўз билан айтганда, ҳали олдинда қилиниши лозим бўлган ишлар кўп. 

Аммо ишонч билан айтиш мумкинки, биз бугун амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида мамлакатимиз учун устувор йўналишларни белгилаб олдик, энди уларни бажариш учун бузиб бўлмас тамойилларни ҳам белгилаб олсак яхши бўларди. Чунки, чиқарилаётган янгидан янги қарорлар ижроси маҳаллий даражага тушганида оқсаяпти. Яъни, қуйи бўғинда ҳамма бир хил эмаслиги билиниб қолмоқда. Шунинг учун ҳаммамизни бирлаштириб турувчи тамойиллар аниқ бўлиши керак. Шундагина, нафақат одам савдоси каби иллатлар, балки бошқа муаммолар ҳам ўз вақтида ва самарали ҳал этилади.

Нурилло Тўхтасинов