Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 21 сентябрдаги «Якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва қайта қуриш учун ипотека кредити ажратишнинг соддалаштирилган тизимини жорий қилиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор билан тажриба тариқасида Андижон вилоятининг Андижон шаҳри, Қўрғонтепа ва Шаҳрихон туманлари аҳолисига «Ипотека-банк» АТИБ ва «Қишлоқ қурилиш банк» АТБлари томонидан ипотека кредитларини мижознинг танловига кўра, хўжалик усулида якка тартибдаги уй-жойларни қуриш (қайта қуриш) учун соддалаштирилган тизимда қарз олувчининг яъни мижознинг банк пластик карточкасига босқичма-босқич пул ўтказиш йўли билан маблағлар ажратилиши имконияти яратилди.

Бунда мижоз тижорат банкининг филиалига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

1. Уй-жой лойиҳаси.

2. Фуқаролик паспорти нусхаси

3. Ойлик даромад (охирги уч ой учун)

Банк қуйидаги шартлар асосида ипотека кредитини ажратади

- Кредитнинг муддати – 20 йил;

- Кредитнинг максимал суммаси 320 миллион сўм;

- Имтиёзли давр – 6 ой;

- Бошланғич бадал – 10%;

- Фоиз ставкаси миқдори – 17%

Ушбу қарорнинг афзалликлари шундан иборатки Андижон вилоятининг Андижон шаҳри, Қўрғонтепа ва Шаҳрихон туманлари аҳолисини энг аввало уй-жой шароитини яхшилаш имконини беради. Шу билан бирга аҳоли томонидан уй-жой қурилишига сарф этиладиган харажатлар, қурилиш ташкилотлари томонидан қурилган уйларга нисбатан арзон бўлади, аҳоли қўшимча иш билан таъминланади, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ҳажмини ошишига олиб келади, деб хабар беради Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги матбуот хизмати.