Ҳозирда мазкур идоранинг аралашуви билан Наманган вилоятида фаолият олиб бораётган тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояланиб келинмоқда. Жумладан, Уйчи туманидаги автотранспортларга техник хизмат кўрсатувчи корхона раҳбари Абдувоҳид Ғаффоров қарийб 15 йилдан буён тадбиркорлик фаолиятида турли тўсиқларга учраб, ҳали у, ҳали бу идора эшиги олдида ойлаб вақт ўтказган. Унинг масъул ташкилотларга йўллаган мурожаати ҳал этилмагани боис, кўп йиллар меҳнат фаолиятида унум, ишида барака бўлмаган. Ниҳоят, 2020 йилга келиб, мурожаати Бизнес-омбудсман томонидан ижобий ечим топди. Ҳозирда 6 та иш ўрни яратган тадбиркор келгусида 40-50 нафар фуқароларни иш билан таъминлаш ниятида.
Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор ишлар самара бермоқда. Шулардан бири сифатида «E-IJRO AUKTSION» ягона электрон савдо майдончаси орқали тадбиркорлик фаолияти учун мўлжалланган ер участкаларига бўлган ҳуқуқнинг сотилиши йўлга қўйилганини эътироф этиш мумкин. Коронавирус пандемияси шароитида «E-IJRO AUKTSION» савдо майдончаси орқали мулкларни сотиб олишга бўлган қизиқиш анчайин ортгани, электрон аукционларда уйда ўтириб ҳам қатнашиш мумкинлиги тадбиркорлар учун айни муддао бўлмоқда. Мазкур имкониятларни тўлақонли тадбиркорлик субъектларига тақдим этилиши, амалдаги норматив ҳужжатлар ижросини таъминлаш Бизнес-омбудсманнинг қатъий назоратида.
Баҳодир Умаров ўз тадбиркорлигини бошлаш истагида туман ҳокимлигига ер сўраб мурожаат қилган. Унга ер сотиб олиш сифатида «E-IJRO AUKTSION» ягона электрон савдо майдончаси орқали олиш мумкинлиги тушунтирилган эди. Фуқаро аукционда иштирок этиб, ўзига маъқул бўлган ҳудуддан 70 квадрат ер майдонини ютиб олди ва 2 та янги иш ўрнини яратди.
Яна шуни алоҳида таъкидлаш жоиз, Бизнес-омбудсманнинг Наманган вилоятида ўтказилган ўрганишлари ва таҳлиллари натижасида вилоятдаги ваколатли давлат органлари томонидан 3 мингдан ортиқ қонун бузилиши ҳолатлари аниқланиб, 20 дан ортиқ мансабдор шахсларнинг маъмурий жавобгарлик масаласи ҳал қилинди. Шунингдек, 10 дан ортиқ давлат органларига тақдимнома ва огоҳлантиришлар киритилди. Бу эса соҳада шаффофликни таъминлаш ва коррупция ҳолатларига барҳам беришдан иборатдир.
Бизнес-омбудсман томонидан Наманган вилояти ҳокимлигига киритилган тақдимномага асосан ер майдонларининг нархлари ҳудудга мувофиқ белгиланиши таъминланганлиги тадбиркорлик субъектларининг ер майдонларини аукционда сотиб олиш имкониятини янада кенгайишига сабаб бўлди.
Ҳусниддин АҲМEДОВ,
Бизнес-омбудсман бош инспектори