Оддий савол кўндаланг бўлади: бизга қувватларимиздан максимал фойдаланишда нима халақит беради? Президентимизнинг парламентга мурожаатида, айниқса, 19 январь кунги маънавият масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида бу саволга аниқ-тиниқ жавоб берилди.
Маънавият масалаларига эътиборни янада кучайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Ва бу ҳолни бартараф этишнинг аниқ механизми таклиф қилинди. Бу борадаги ҳукумат қарори маънавият ва маърифат борасида инқилобий ўзгариш бўлишидан далолат беряпти.
Президентимиз ўз нутқларида тарихни ўрганиш борасида бутунлай янги концепцияни белгилаб берди. “Миллий тарихни миллий руҳ билан яратиш керак, — деди Шавкат Мирзиёев. — Биз ёшларимизни тарихдан сабоқ олиш, хулоса чиқаришга ўргатишимиз, уларни тарих илми, тарихий тафаккур билан қуроллантиришимиз зарур”.
Шунингдек, мутасаддилар олдига Ўзбекистонда тарих фанини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Албатта, давлат тили мақомига эга бўлган она тил — ўзбек тили билан бақамти миллий тарихимизни ўрганишга кўрсатилаётган рағбат маданий меросимизни комплекс тадқиқ қилишни таъминлайди, ҳали мозий ғуборлари остида қолиб келаётган чўнг қадриятларимизни инкишоф этиш билан халқимизнинг бўй-бастини бутун борича дунёга намойиш этиш имкониятини яратади.
Аслида, давлатнинг ўтмиши ва бугуни ажралмас тушунчалардир: бири босиб ўтилган йўл, иккинчиси истиқболдаги мақсад. Ўтмиш тажрибасидан қанча теран истифода этилса, келгуси марраларни эгаллаш шунча осон кечади. Бу ҳолни Платон (Афлотун, машҳур грек файласуфи, эрамизгача 427-347 йиллар) асарларига шарҳ ёзган буюк ватандошимиз Абу Наср Форобий (иккинчи муаллим, 873-950 йиллар) шундай изоҳлайди: “Агар халқнинг хабардорлиги (маърифат даражаси) қанча теран ва юқори бўлса, ҳукмдор чиқарган қонунларга шунча тез бўйсунади ва шунча осон амалга оширади”. Демак, тарих маърифати халқнинг фаоллигини таъминлайди.
Мамлакатимизда Учинчи Ренессанснинг пойдевори, асослари яратиляпти. Эзгу ғоялар маълум қилиняпти, энди асосий вазифа — уларнинг ижроси. Бу эса омма иштирокисиз амалга ошмаслиги шубҳасиз. Қолаверса, омманинг иштироки барча ҳаракатларнинг асосий омили, тиргагидир. Жами ислоҳотлар омма(халқ) манфаатларини кўзлаб амалиётга киритилади.
Айни пайтда юртимизда кечаётган ислоҳотларнинг табиати қадимги Рим файласуфи Марк Тулий Цицерон (эрамизгача 106-43 йиллар)нинг бир эътирофини келтириб ўтишни тақозо этади. “Халқ олий ҳокимиятдан фойдалана олган жамиятгина эркинлик (бу ўринда фаолият учун зарур имконият ва имтиёз.— Ҳ. С.)нинг чинакам масканидир”, деган экан буюк нотиқ.
“Олий ҳокимият” бугун юртимизда давлат раҳбари тимсолида янги-янги ислоҳотларга руҳлантиряпти, демак, ундан фойдалана олиш тараққиётнинг янги уфқларини очади. Қолаверса, “Эркинлик инсон жасорати ва кучини икки баравар оширади”, деб ёзганида француз сиёсий арбоби Шарль Дюмурье юқоридан бошланган ислоҳотлар қуйида давом этса, имкониятлар яна ҳам ёрқинроқ намоён бўлишини назарда тутгандир
Қисқа даврда ҳаётий ёндашувлар туфайли иссиқхоналардан олинаётган даромадлар, чеварларимизнинг дунёни кийинтиришга жаҳд қилиб эришаётган муваффақиятлари бу гапнинг исботи. Давлат томонидан китобхонлик кенг рағбатлантириляпти, тарғиб қилиняпти.
Жамиятимизда бугунги кунда барча соҳада кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошириляпти, сезиларли ютуқларга эришиляпти. Бу ютуқларни дунё ҳамжамияти ҳам тан оляпти. Шундай шароитда “йўл харитаси” (“иш равиши”)ни тафтиш қилиб олиш ҳаётий зарурат эди. Зеро, ҳазрат Алишер Навоий лутф этганларидек:
Кўз оч, агар худ бор эсанг раҳшунос,
Иш равишин айла анингдек қиёс.
Очиғи, йил бошидаёқ давлат миқёсида амалга оширилган чора-тадбирлар моҳиятини, кўзда тутилган мақсадни Президентимизнинг, “Жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир”, деган пурмаъно сўзларидан бошқача ифодалаш қийин. Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилида кўзда тутилган асосий мақсад-вазифалар ҳам бевосита маънавият билан боғлиқ.
Зеро, “Бўйига яраша либоси”, деганларидек, иқтисодиётдаги ўзгаришлар, айниқса, инновацион ғояларнинг кириб келиши янгича дунёқарашни талаб этиши бор гап. Бугун гектарлаб майдонларда гидропоника усулида сабзавот етиштириляпти, тошдан қоғоз ишлаб чиқариляпти, ердан 6-7 марта ҳосил олиняпти. Ўз-ўзидан ишлаб чиқаришнинг бунёдкорлик, яратувчанлик қудрати онгга, турмуш тарзига таъсир этиши, шубҳасиз.
Кечагина лойсувоқли уйда яшаган одам бирданига борлиққа 16 қаватли уй деразасидан назар ташласа, дунё унинг тасаввурида бошқача намоён бўлади. Буларнинг ҳаммаси — юксалиш, тараққиёт. Энди жамият таянчида рўй бераётган ўзгаришларни идрок этиш, уни онгда, хаёлда синтезлаб, ҳаётий ақидаларни белгилаб олиш учун чинакамига янгиланган мафкура, замонавий маънавият зарур бўлади. Кўримсиз ҳовли, лойсувоқли уйларда яшаш билан осмонўпар бинода бақамти, “ён қўшни — жон қўшни” бўлиб яшашнинг ўз “алифбо”си, талаб ва заруратлари борки, унга амал қилиш эҳтиёжга айланди.
Президентимиз бошчилигида йил бошида кўрилган ҳозиржавоб тадбирлар ана шу етилган, долзарб, ҳаётий масалаларнинг ечимини белгилаб берди. Ҳақиқатан, янги Ўзбекистоннинг янгиланган миллий ғояси бўлиши лозим, унинг талаблари янги мафкурада, унинг ҳосиласи — янги, энг сўнгги жаҳон талаблари даражасидаги юксак маданиятда акс этиши шарт. “Кучли иқтисодиёт ва кучли маънавият!” тамойилининг моҳияти шу.
Халқимизда “Аввал салом, кейин таом” деган пурмаъно ибора бор. Бу гап, эҳтимол, дастлабки тамаддун эпкинлари билан минг йилларнинг нарисида пайдо бўлгандир. Яъни дастлаб руҳиятингиз (маънавиятингиз)ни аён қилинг ва кейин моддий масалага ўтинг! Демак, азал-азалдан бизда руҳият — маънавият биринчи ўринда турган. Қолаверса, фикрий-мафкуравий ўзгаришлар буюк моддий кўтарилишларнинг дояси, асоси эканини ота-боболаримизнинг тажрибаси тасдиқлаган.
Бугун ана шу чўнг ва ўзимизга хос удумлар яна қайтадан, ўзгача талабчанлик билан ҳаракатга келди. Биз аслида маънавиятни тирикчиликдан устун қўйган халқмиз. Бунга тарих гувоҳ. Ана шундай хуш амаллар буюк истиқболдан хабар бермоқда.
Албатта, азалий удумларимизда бирор хайрли иш бошланса, унга шерик бўлиш, ўз ҳиссасини қўшиш одатдаги ҳол ҳисобланган. Демак, янгиланишлар жараёнининг фаол иштирокчисига айланиш юртдошларимизнинг ватанпарварлик бурчидир. Энди табиатимиздаги лоқайдлик, беғамликни бир четга суриб, янгиланаётган ватан истиқболи учун фидойилик талаб этилади.
Бугун дунё ўзгаряпти, юртимиз ўзгаряпти. Шуларга ҳамоҳанг ўзимиз ҳам ўзгаришимиз лозим ва шарт. Зеро, қилинаётган саъй-ҳаракатлар, ислоҳотлар келажагимиз учун, фарзандларимизнинг дунёда ҳеч кимдан кам бўлмай яшашлари учун амалга оширилаётганини ҳушёр зеҳн билан идрок этмоқ жоиз.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, фаровон турмушни таъминлашда энг муҳим амал, бу — инсоннинг интилиши, ўз кучига таянган ҳолда, аниқ мақсад сари ҳаракат қилишидир. Энди дунёқарашни ҳам, муносабатларни ҳам ўзгартириш, келажакка юксак умид ва орзулар билан қараш фурсати етди.
...Ўзанда тўлиб келган дарёнинг суви қирғоқдан ошиб, далаларга обиҳаёт олиб боради, жами набототга жон ато этади. Оқим ўз йўлида баъзи кўлмакларни ҳам сувга тўлдириб, тўниб қолган лойқаларни ювиб ўтади — бу билан борлиқда ўзгача софлик ва янгиланиш пайдо бўлади. Юртимизда бошланган улкан ўзгаришлар нафаси ҳам қалбимизга тошқин бўлиб киради, юксак ғалабаларга илҳомлантиради.
Ҳаким САТТОРИЙ,
Республика Маънавият ва маърифат
марказининг масъул ходими