Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, сиёсий фанлар доктори Отабек Ҳасановнинг “Янги Ўзбекистон” газетасининг 20 январь сонида чоп этилган айни сарлавҳали мақоласи ҳақиқатан ­“уйғотувчи қўнғироқ”дек бўлиб туюлди менга. Дарҳақиқат, бугунги кунда “қобиқдан чиқиш” ва ҳушёр тортиш шунчаки тавсия эмас, балки яшаб қолиш шартига айланиб улгурди. Мақолани ўқирканман, она сифатида фарзандлар келажаги ҳақида хавотирим янада кучайган бўлса, тадқиқотчи сифатида фикр билдиришга, жамиятни, айниқса, илм аҳлини ягона мақсад остида ҳушёрликка чақиришга кўнглимда бир истак пайдо ­бўлди.

“Кўринмас уруш” ва рақамли қарамлик

Мақолада таъкидланганидек, уруш энди фақат чегараларда эмас, балки смартфон экранларида кечмоқда. Масалан, Microsoft компанияси ўтказган тадқиқотга кўра, бугунги кунда инсоннинг диққатини жамлаш вақти (attention span) ўртача 8 сонияни ташкил қилмоқда. Ушбу кўрсаткич ҳатто “тилла балиқ” хотирасидан ҳам қисқароқдир

(9 сония). Бу шуни англатадики, ёшларимизнинг онги чуқур таҳлилга эмас, балки юзаки “scrolling”га мослашиб бораётир. Машҳур футурист Элвин Тоффлер айтганидек, “XXI асрнинг саводсизлари ўқиш ва ёзишни билмайдиганлар эмас, балки ўрганишни, унутганини қайта ўрганишни билмайдиганлардир”. Дарҳақиқат, агар биз эски қолиплардан чиқиб, янги реалликка мослашмасак, ютқазишимиз муқаррар.

“0,1 фоиз” фожиаси ва миллий контент

Муаллиф келтирган энг оғриқли рақам интернетдаги ўзбек тилидаги контентнинг атиги 0,1 фоиз эканидир. Бу маънавий очлик белгиси. Агар биз фарзандимизнинг ликопчасига “миллий таом” (ўзбекона контент) солиб бермасак, у албатта, кўчадан “фаст-фуд” (ғарбона ёки бошқа ёт ғоялар) ейишга мажбур бўлади.

Жаҳон иқтисодий форуми (WEF) ҳисоботига кўра, 2025 йилга келиб, мавжуд ­касбларнинг 85 миллиони сунъий интеллект туфайли йўқолади, аммо 97 миллион янги турдаги касб пайдо бўлади. Хўш, биз болаларимизни ўша йўқолиб бораётган касбларга эмас, янги дунё талабларига (креативлик, танқидий фикрлашга) тайёрлаяпмизми? Муаммо ана шунда! Жадид бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий бир аср олдин бундай деган эди: “Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдур, замона илми ва фанидан бебаҳра миллат бошқаларга поймол бўлур”. Назаримизда, бу сўзлар бугун кечагидан ҳам долзарброқ.

“Проактив режим” ва ота-оналар масъулияти

Мақоладаги “проактив режим” (олдиндан ҳаракат қилиш) тушунчаси ғоят муҳим. Биз кўпинча бола нотўғри йўлга кириб кетгандан кейингина дод соламиз. Ваҳоланки, иммунитетни касалликдан олдин шакллантириш керак. АҚШ Президенти Жон Кеннеди айт­ганидек: “Биз бугунимизни ўтмиш билан тортишувга сарфласак, келажакни бой ­берамиз”. Фақат аввал яхши эди деб нолиб ўтирмасдан, бугунги “ТикТок авлоди” (Zed ва Alfa) тилини тушунишимиз, улар билан ўша майдонда мулоқот қила олишимиз зарур.

Илгари Шарқда, хусусан, бизнинг минтақада тарбия ёпиқ ва жамоавий тизим асосида қурилган эди. Тарбияда сўздан кўра амал кучлироқ бўлган: кўп гапирилмаган, лекин ҳалол меҳнат қилинган, каттага ҳурмат кўрсатилган. “Қуш уясида кўрганини қилади” мақоли шунчаки сўз эмас, балки ўзига хос тарбия методикаси эди. Қолаверса, бола кўчада ножўя иш қилса, қўшни ёки ўтиб кетаётган ёши катталар унга танбеҳ беришга ҳақли бўлган. Ота-она “Болам қаерда?” деб хавотир олмасди, чунки бола “кўз ўнгида” — маҳалла ичида юрарди. Деворлар баланд, эшиклар мустаҳкам, ташқи “вируслар” (ёт ғоялар) кириши қийин эди.

Бугунги кунда “проактив режим”га ­эҳтиёж туғилишининг сабаблари оддий, бироқ ота-оналар ҳамон ўша-ўша. Афсуски, уйнинг “деворлари қулади”. Эндиликда “дарвозани ёпиш” фойдасиз. Чунки болаларнинг қўлидаги, ҳатто айрим катталарнинг ҳам “ярми”га айланган телефон орқали бутун дунё (яхшиси ҳам, ёмони ҳам) аллақачон ётоғигача кириб бўлди. Жамоавий назорат заифлашганини қўшнининг фарзандингизга берган салгина танбеҳи жанжалга сабаб бўлаётганидан ҳам кўриш мумкин. Энг хавотирлиси шундаки, “кўринмас ёв” қўрғонингизни “ишғол қилган”. Авваллари бола ёмон ўртоққа қўшилса, ота буни кўрарди. Ҳозир эса у уйда жим ўтирган бўлса-да, виртуал оламда “кибержиноятчи” ёки бошқа зарарли гуруҳлар билан гаплашаётган бўлиши мумкин.

Мақолада келтирилган “фейк хабарлар

6 баробар тез тарқалиши” ҳақидаги маълумот шуни кўрсатадики, ҳақиқат “оёқ кийимини кийгунча” ёлғон дунёни айланиб чиқмоқда. Демак, болага шунчаки “телефонни қўй” де­йиш етарли эмас, унга ахборотни саралашни, яъни медиамаданиятни ўргатиш замонавий ота-онанинг бирламчи вазифасидир.

Мамлакатимизда ахборот хуружлари ва деструктив контентга қарши курашиш тизими йўлга қўйилган. Хусусан, ахборот соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи ва ноқонуний контент тарқалишига тўсиқ қўювчи мустаҳкам ҳуқуқий база ишламоқда. Жумладан, қонунчиликка кўра, веб-сайт эгасига, шу жумладан, блогерга уруш, зўравонлик, терроризм, экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилувчи ахборотларни тарқатмаслик мажбурияти юкланган. Шунингдек, ёш авлодни интернетдаги ахлоқсиз, шафқатсиз ва руҳий жароҳат етказувчи контентдан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмлари мустаҳкамланиб, интернет тармоғида ёлғон ахборот тарқатиш (туҳмат, ҳақорат), киберфирибгарлик ва конс­титуциявий тузумга тажовуз қилиш учун жавобгарлик кучайтирилди. Бундан ташқари, институционал ва техник механизмларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Шунингдек, тақиқловчи чоралар вақтинчалик самара бериши инобатга олиниб, “Жаҳолатга қарши — маърифат” тамойили илгари сурилмоқда. Хусусан, Республика Маънавият ва маърифат маркази аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида интернет маданияти, миллий қадриятлар ва ёт ғояларга нисбатан иммунитет шакллантириш бўйича тарғибот ишларини олиб бормоқда. 2025 йилда ташкилот томонидан тайёрланган 6000 та контентнинг кўриш қамрови 329 миллионга етган. Бундан ташқари, мамлакатимизда Stopterror.uz портали орқали экстремистик ғояларнинг асл моҳияти фош этилиб, уларга қарши илмий-маърифий ва диний асосланган раддиялар берилаётган бўлса, oyina.uz сайтидаги маърифий материаллар деструктив ғояларга муносиб жавоб бўлмоқда. Таж­риба кўрсатадики, деструктив контентга қарши кураш фақат блоклаш билан эмас, балки сифатли миллий контент яратиш ва аҳолининг медиасаводхонлигини ошириш орқали самарали бўлиши табиий.

Дунё ҳамжамиятида ўрнини муносиб сақлаб келаётган, айни дамда ишончи янада мустаҳкамланаётган мамлакатимизнинг бугунги ютуқлари, албатта, унинг тинчлиги туфайлидир. Глобал муаммолар даврида, дунёнинг кўплаб мамлакатлари турли иқтисодий-сиёсий босимлар остида қолган бир пайтда юртимизнинг барқарор тараққиёти ҳам айнан шу тинчликнинг мевасидир.

Унутмаслик керакки, тинчлик — совға эмас, у ҳар куни қайта-қайта қўлга киритиладиган ютуқдир. Бунинг қуроли эса фақат ва фақат илм, маърифат ва уйғоқ виждондир. Шундай экан, илм аҳли, зиёлилар, фарзандининг ва ватани келажагига бефарқ бўлмаган ота-оналар — барчамиз болаларимиз ва ёшларимиз онгини ёт ғоялардан асрашимиз давр талабидир. 

Шоҳиста ҚОДИР ҚИЗИ,

мустақил тадқиқотчи