Семинар доирасида барча таркибий бўлинмалар бўйича 2023 йилнинг биринчи ярми якунлари сарҳисоб қилиниб, иккинчи ярим йиллик режалари эълон қилинди. Ўтган йилга нисбатан жорий йилда йўловчи ташиш 35 фоизга ошиб, 4,7 миллион кишини, “Тошкент” аэропортининг йўловчи ташиш ҳажми 39 фоизга ошиб, 3 миллион йўловчини ташкил этди. Йил охирига қадар 9,2 миллион, Тошкентда эса 7 миллионга яқин йўловчи оқими кутилмоқда. Ўзбекистон аэропортларига учувчи авиакомпаниялар сони 59 тага етди, шу жумладан 7 та резидент компания. Жорий йилда рейслар сони 30 фоизга ошди ва ҳафтасига 800 га яқин рейсни ташкил этди. Компаниянинг умумий фойдаси олти ой ичида 30 фоизга ошди. Жорий йилда солиқ имтиёзлари ҳажми аввалгисига нисбатан 47 фоизга кўпайди.
Куз-қиш мавсумига тайёргарлик масалалари ҳам муҳокама қилинди. Охирги икки йилда 626 миллиард сўмлик махсус техника, жумладан, самолётларни музга қарши суюқлик билан қоплаш ва аэродромни қордан тозалаш ускуналари харид қилинди. Директорлар ва масъул раҳбарларга қиш мавсумига ҳозирдан тайёргарлик кўриш ва бу борадаги ишлар юзасидан ҳар ҳафта ҳисобот бериб бориш вазифаси топширилди.
Яна бир сессия реконструкция ва қурилиш соҳасидаги лойиҳаларга бағишланди. Шу кунга қадар иккита — Бухоро ва Урганч аэропортларининг концепцияси ва техник-иқтисодий асослари тайёрланиб, Молия вазирлигига тасдиқлаш учун тақдим этилди. Наманган аэропортининг концепцияси ва техник-иқтисодий асослари эса ишлаб чиқиш босқичида. Шунингдек, Сингапурнинг Changi аэропорти маслаҳатчилари билан биргаликда Тошкент аэропорти лойиҳаси устида фаол иш олиб борилмоқда.
“Ходимлар учун бундай тадбирлар компанияда жамоа шакллантиришнинг жуда муҳим қисмидир. Бир-биримизни билишимиз, ким нима билан, қандай иш билан шуғулланаётганини тушуниш муҳим, лекин энг муҳими, ҳаммамиз қаерга ҳаракат қилаётганимизни билиш, умумий мақсадни кўриш ва унга тўғри йўлни қуриш лозим. Бу бизнинг биринчи жамоавий йиғилишимиз эмас. Биз давлат корхонаси сифатида жамоани шакллантириш, одамларни бирлаштириш ва мотивация каби замонавий HR воситаларини жорий этишга ҳаракат қилмоқдамиз. Эртага бир гуруҳ ходимлар Иссиқкўлга жўнаб кетади — бу "Silk Avia" авиакомпаниясининг биринчи халқаро рейси бўлади”, — деди “Uzbekistan Airports” бошқаруви раиси Раъно Жўраева.