Шу йилнинг 24 май куни Тошкент шаҳрида Сингапур Президенти Ҳалима Якубнинг Ўзбекистонга ташрифи арафасида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Сингапур бизнес-форуми доирасида “Uzbekistan Airports” бошқаруви раиси Раъно Жўраева ва “Changi Airports” бош директори Юджин Ган ўртасида келишувлар бўлиб ўтди.
— Тошкент Европа ва Осиёни боғлай оладиган халқаро марказ сифатида улкан экспорт салоҳиятига эга. Aммо мавжуд аеропортнинг кўплаб чекловлари бор, чунки пойтахтнинг ривожланиши билан у деярли шаҳар марказида бўлиб қолди, — дейди Раъно Жўраева. — Йўловчилар оқимини таҳлил қилиб, биз ўсиш жараёни жуда тез, деган хулосага келмоқдамиз. Бугунги кунда тиғиз соатларда терминаллар йўловчиларни деярли сиғдира олмай қолмоқда ва самолётлар учун тўхташ жойлари ҳам етарли эмас. Шу боис, янги аеропорт қуриш масаласи устида ишлаяпмиз. Маслаҳатчилар сифатида биз дунёдаги энг илғор аеропорт — "Changi Airports International"ни таклиф қилдик. Уларнинг вазифаси халқаро хаб яратиш ва янги ҳаво бандаргоҳини қуришда энг замонавий аеропорт технологияларидан фойдаланишни ҳисобга олган ҳолда техник-иқтисодий асослашни ишлаб чиқишда бизга ёрдам беришдан иборат. Шу билан бирга, CAИ вакиллари бир вақтнинг ўзида мавжуд аеропорт фаолиятини авиация ва ноавиацион фаолият нуқтаи назаридан оптималлаштириш бўйича консалтинг билан шуғулланади”.
2022 йилда мамлакат бош ҳаво бандаргоҳида йўловчи оқими 5 миллион йўловчини ташкил этиб, пандемиядан олдинги даврдан ҳам ошиб кетди. Жорий йилда “Uzbekistan Airports” таҳлилчиларига кўра, 8 миллионга яқин йўловчи кутилмоқда. Битим имзолангандан сўнг томонлар тез орада икки йўналиш бўйича иш бошлайдилар: мавжуд аеропорт фаолиятини оптималлаштириш, жумладан, йўловчиларга хизмат кўрсатишнинг рақобатбардошлиги ва сифатини ошириш, илғор технологияларни жорий этиш ва йўловчилар оқимини ошириш, шунингдек, янги Тошкент аеропорти лойиҳасининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш.