Дунё аэропортларининг халқароассоциацияси саналган “Халқаро Аэропортлар Кенгаши” (ACI) 1991 йилда ташкил топган, унинг Бош қароргоҳи айни вақтда Канадада жойлашган. Европа, Африка, Осиё, Лотин ва Шимолий Америка давлатларида минтақавий ваколатхоналари мавжуд. 2020 йил январь ҳолатига кўра, салкам 670 аъзони бирлаштирган мазкур ташкилот 176 мамлакатдаги 1 минг 979 та аэропортга хизмат кўрсатиб келмоқда. ACI шунингдек Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси (IATA), Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ICAO), Фуқаро авиациясида аэронавигация хизматини кўрсатиш ташкилоти (CANSO) билан ҳам фаолиятини чамбарчас боғлаган.

Ўзбекистон томонидан - “Uzbekistan Airports” АЖ Бошқаруви раиси Ровшан Исмаилов, Бошқарув раисининг тижорат ва туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Улуғбек Бекташев, лойиҳалар офиси раҳбари Санжар Эркинбоев, ACI тарафидан - Бош директор Стефано Баронси, бизнес-менежер Севда Февзи ҳамда лойиҳа координатори Юля Плушнина иштирокидаги стратегик ҳамкорликка бағишланган онлайн мулоқотлар 2020 йилнинг охирларида ниҳоясига етди.

Мулоқотларда Ўзбекистоннинг барча халқаро аэропортларида парвозлар хавфсизлигини таъминлаш, йўловчиларга сифатли ва малакали хизмат кўрсатишни ташкил қилиш, ҳаво дарвозаларини дунё талаблари даражасида модернизация қилиш, парвозлар кўламини кенгайтириш орқали халқаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш масалаларига эътибор қаратилди. Ўзбекистон томонидан ташкилотга тақдим қилинган ҳужжатлар бир овоздан маъқулланди. Аъзолик талабларини бажариш, галдаги вазифалар юзасидан фикрлар тингланди. Ўз навбатида келгуси режалар ҳам белгилаб олинди.

Давлатимиз раҳбари томонидан соҳага оид йиғилишларда, қабул қилинган фармон, қарорларда Ўзбекистондаги халқаро аэропортларнинг қиёфасини ва хизматларини замон талабларига мослаш, жозибадорлигини ошириш, ривожлантириш бўйича хориж тажрибаларини ўрганиш, тадбиқ этиш, ҳатто, уларни номлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганини назарда тутсак, “Uzbekistan Airports” АЖнинг Халқаро Аэропортлар Кенгаши таркибига қабул қилиниши тизимли ўзгаришларга сабаб бўлиши шубҳасиз.

Аъзолик аввало хизматлар ишончлилигини кафолатлайди. Қолаверса, мамлакатда ҳаво транспорти тизимини тубдан ислоҳ қилиш, соҳа фаолиятини халқаро меъёрларга тенглаштириш, сайёҳликни ривожлантириш, инвестициялар оқимини жадаллаштиришга имкон яратади. Бундан ташқари, коронавирус инфекциясига қарши глобал чоралар кўриш, авиақатновлар мобайнида йўловчиларни пандемия хавфидан огоҳлантириш ва эҳтиётлаш, бу борада самарали дастурлар ишлаб чиқишда ACI хизматларига таянилади.

Умуман олганда, ҳар қайси давлатнинг авиация соҳасида аэропортлар манфаатлари ифодаланган сиёсатни илгари суриш, авиасаноатни янги ҳамкорлар, ишончли шериклар кўмагида тараққий эттириш, экохавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш муҳим ўрин тутади. Шу жиҳатдан олиб қараганда, “Uzbekistan Airports” АЖнинг Халқаро Аэропортлар Кенгаши рўйхатидан муносиб ўрин эгаллагани Ўзбекистон авиацияси соҳасида рўй берган тарихий воқелик, шунингдек, истиқболда муваффақиятлар сари қўйилган навбатдаги қадам, дейиш мумкин.

“Uzbekistan Airports” АЖ Ахборот хизмати