Мақолада Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилояти Ғузор туманига ташриф буюриб, туманда бунёд этилган гигант корхона — «Uzbekistan GTL» заводининг очилиш маросимидаги иштироки ва тантанали маросимдаги нутқи мазмун-моҳияти батафсил ёритилган.

Таъкидланганидек, ушбу завод Ўзбекистонда ва умуман минтақада нефть-газ-кимё саноати соҳасидаги энг йирик корхонадир. «Мажмуада йилига 3,6 миллиард кубометр табиий газ қайта ишланиб, қиймати 1 миллиард доллардан зиёд бўлган 1,5 миллион тонна тайёр суюқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Жумладан, 307 минг тонна авиакеросин, 724 минг тонна дизель ёқилғиси, 437 минг тонна нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газ тайёрланади, — деб ёзади ҳинд журнали. — Ушбу маҳсулотлар ҳисобига, йилига 500 миллион долларлик импорт ўрни қопланади, 200 миллион долларлик экспорт ва 2 триллион сўмлик солиқ тушумлари таъминланади».

Нашрда заводда табиий газ 3 баробар юқори қийматли тайёр маҳсулотларга айлантирилишига алоҳида эътибор қаратилган. «Хусусан, авиакеросин жуда тоза ва сифатли бўлиб, энг замонавий самолётларга мўлжаллангани учун унга ҳамиша талаб юқори. Заводда ишлаб чиқариладиган дизель ёқилғиси ҳам камида Евро-6 стандартларига мос бўлади», — деб қайд этилади материалда.

Халқаро энергетика агентлиги ҳисоб-китобларига кўра, GTL маҳсулотларини ишлаб чиқариш 2030 йилга бориб 2 баробар ўсади. Шу боис янада юқори қўшилган қийматли бошқа турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳам режалаштирилган. Жумладан, завод негизида алкил-бензол, бутен ва гексен, синтетик мойлар, малеин ангидрид, эмульсион қўшимчалар, катализаторлар каби маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича қиймати 620 миллион доллар бўлган 6 та лойиҳа амалга оширилиши мўлжалланган.

Мақолада Президент Шавкати Мирзиёев ўз маърузасида бугунги кунда бутун дунё «яшил» иқтисодиётга ўтаётгани, савдо-сотиқда шу борада талаблар қўяётганига эътибор қаратгани қайд этилган. «Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, «Uzbekistan GTL» маҳсулотлари жаҳондаги энг юқори экологик талаблар ва стандартларга тўлиқ жавоб беради. Бу ерда тайёрланадиган синтетик ёқилғи анъанавий ёқилғиларга нисбатан 40 фоиз кам чиқинди ва зарарли газ ҳосил қилади. Бунинг ҳисобидан, йилига 13 минг 500 тонна зарарли газларнинг ҳавога тарқалишига йўл қўйилмайди», - дея таъкидлайди манба.

«Завод ишга тушганидан кейин жами 1 минг 300 та мутахассис юқори даромадли, доимий иш ўрнига эга бўлади. Мени қувонтирадигани, завод қурилишида қатнашган мутахассисларнинг қарийб 80 фоизи ўзимизнинг маҳаллий кадрлар, янгича ишлашга чанқоқ ёшлар. Бу ёшлар – Янги Ўзбекистон ёшлари. Улар миллий саноатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб, бу йўлда «олтин фонд»имизга айланади, — деди Президент Шавкат Мирзиёев», деб ёзади «Diplomatist» журнали.

Нашрда, шунингдек, ўқувчилар маросим доирасида яна бир корхона - Шўртан газ-кимё мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватини 3 баробарга кенгайтириш бўйича лойиҳа қурилишига ҳам старт берилгани ҳақидаги маълумотлар билан танишиши мумкин, деб хабар беради «Дунё» АА.

«Ушбу икки янги мажмуа нафақат ўзининг маҳсулоти орқали, балки бошқа саноат соҳаларида 100 миллион долларлик бутловчи ва эҳтиёт қисмлар учун бозор шакллантиради. Президент Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, «Бу лойиҳалар Ўзбекистонда янги саноат даврини яратиш йўлидаги илк йирик қадамлардан биридир», — дея қайд этади ҳинд журнали.