Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид очиб берди.

Унда “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Жаббор Раззоқов, “Ўзбекистон” телеканали директор ўринбосари Анвар Абдувалиев, “Дунё ўзбеклари” интернет нашри бош муҳаррири Исмат Ҳушев, “Шарқ” нашриёти бош муҳаррири Аҳрор Аҳмедов, “XXI аср” газетаси бош муҳаррири Норқобил Жалилов, “Ишонч” газетаси бош муҳаррири Ҳусан Эрматов, “Ҳуррият” газетаси бош муҳаррири Абдурасул Жумақулов, журналист Меҳрибон Қурбониёзова ва бошқалар сўзга чиқди.

 Мазкур китобда инсон қалби ҳамиша ҳам бир зайлда бўлмаслиги, қарама-қаршиликлар, ҳаёт изтироблари, покликка ундовчи туйғулар хусусида фикр юритилади. Айниқса, ижод намуналарида ҳокисор она билан боғлиқ воқеалар ўқувчида таассуротлар қолдиради.

– Биласизми, китобни ўқиб жуда қувондим, ўйга толдим,- деди Абдурасул Жумақулов. – Ростини айтсам, шунча йилдан буён ёнма-ён юрган бу инсонни ҳалиям яхши билмас эканман. Китобдан ўрин олган ҳикояларни ўқиб, аканинг қалби, юраги, чеҳраси, бутун сиймоси намоён бўлди. Айниқса, “Онам суйган тош”, “Онамнинг ўртоқлари”, “Онам хаёлидаги ихтиро” каби ҳикоялар шулар ҳаётийлиги билан қизиқдир.

Тақдимотда сўзга чиққан ҳамкасблари, дўсту қадрдонлари Қурбон Эшматов билан бирга ўтган дамларини, қизиқ воқеаларни, инсонийлик фазилатларини ёдга олишди. Ҳар бир даврада унинг ўрни борлиги, узилган суҳбатлар, ҳазил-мутойибалари соғинчи дилларни ўрташи айтилди. Шунингдек, "Қадрдон қайрағоч" китобининг мазмун-моҳияти ҳақида ҳам илиқ фикрлар билдирилди. “Шарқ” нашриёти томонидан Қурбон Эшматовнинг ҳаёти ва ижодий фаолиятига оид хотира китоби чоп этилиши режалаштирилаётгани таъкидланди.

Зулайҳо Аҳмаджонова