Аввало, етук, илмий даражага, малака тоифага эга 91 нафар талабгор суҳбат асосида сараланиб, шартнома асосида ишга олинди.
Мактаб директори ўринбосарлари, психологлари, шунингдек, жами 22 фандан, жумладан, аниқ ва табиий фанлар таркибига кирувчи фанларнинг (информатика ва ахборот технологиялари, география, иқтисодий билим асослари), филология фанлари таркибига кирувчи (она тили ва адабиёти, ўзбек тили/рус тили, инглиз тили, немис тили, француз тили), ижтимоий фанлар (тарих, давлат ва ҳуқуқ асослари, тарбия), амалий фанлар (мусиқа маданияти, тасвирий санъат, чизмачилик, технология, жисмоний тарбия) фан ўқитувчилари, бошланғич таълим педагог ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш курсларининг вариатив замонавий ишчи ўқув дастурлари ишлаб чиқилди ҳамда улар асосида 1068 та видеомашғулот тайёрланди.
Халқаро TALIS тадқиқотлари талаблари асосида мактаблардаги таълим муҳитини аниқлашга қаратилган мактаб директорлари ва ўқитувчилари учун сўровномалар шакллантирилиб, сўровномалар ўтказиш ва чуқур таҳлил қилиш (солиштирма) асосида “TALIS - 2023 халқаро тадқиқотига Ўзбекистон мактаблари ўқитувчи ва директорларини тайёрлаш” номли 2 қисмдан иборат тадқиқот ҳисоботи тайёрланди ва нашр қилинди.
Замонавий фикрловчи спикерлар, жумладан, МФактор, “Юксалиш лидерлар академияси”, Asaxiybooks, “Edu Action” лойиҳалари ҳамкорлигида “Таълимда лидерлик” мақсадли курслари ишчи ўқув дастурлари ишлаб чиқилди ва халқ таълимининг ҳудудий бошқарув орган раҳбарлари учун қисқа муддатли курс ташкил этилди.
Хусусан, “МФактор” ҳамкорлигида 26 февраль - 2 март кунлари Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазири, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ХТБ бошлиқлари ҳамда туман (шаҳар) халқ таълими бўлими мудирлари учун халқ таълими тизимида таълим лидерларини тайёрлашга қаратилган “Таълимда лидерлик” тренинг курслари ўтказилди.
Узлуксиз касбий таълим платформасини Халқ таълими вазирлиги томонидан яратилган ERP тизим билан интеграциялаштирилди.
Мутлақо янгидан ишлаб чиқилган видео ва аудио материаллар, тақдимотлар, мавзулар бўйича назорат саволлари Узлуксиз касбий таълим электрон платформасига жойлаштирилди.
Сифат менежменти тизими бўйича халқаро тадқиқотлар ўрганилиб, сифат менежменти тизими тамойиллари, параметр, усул ва воситаларини ўрганиш асосида вилоятларда тажриба синовлар ўтказилди ва илмий хулосалар шакллантирилди.
Халқаро TALIS ва сифат менежменти тизими тадқиқотлари асосида умум эътироф этилган индексацияланган маълумотлар базаларидаги журналларда мақола чоп этиш учун материал тайёрланди ва нашр этилди.
Халқаро тенденциялар таҳлили асосида педагог ходимлар учун зарурий мавзулар банки шакллантирилди. Халқ таълими педагог ходимлар касбий эҳтиёжларини аниқлашга қаратилган тажриба-синов дастури ишлаб чиқилди ҳамда Қашқадарё, Сурхондарё, Фарғона ва Самарқанд вилоятларида ўқитувчилардан иборат тажриба ва назорат гуруҳларида сўровномалар ўтказилди.
Педагог кадрларни узлуксиз касбий ривожлантириш курслари учун STEM дастурлари таркибига кирувчи фанларнинг ўзбек ва рус тилидаги 1200 та, филология фанлари таркибига кирувчи фанларнинг 900 та, ижтимоий фанлар таркибига кирувчи фанларнинг 450 та, амалий фанлар таркибига кирувчи фанларнинг 750 та, аниқ ва табиий фанлар таркибига кирувчи фанларнинг 900 та, ўқув ва маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари учун 300 та тест саволлари ишлаб чиқилди.
Лойиҳа доирасида бажарилган ишлар Ўзбекистон телеканалари, радиоканаллари, босма нашрлар ва ижтимоий тармоқлардаги оммабоп сайтларда жами 27 маротаба ёритилди.
Муяссар Джуманиязова
А.Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институти Матбуот котиби
Гулжахон Боймурадова
Лойиҳа иштирокчиси