Аллоҳ таоло инсониятни иродали ва қатъиятли қилиб яратган. Одамзот ҳар қандай вазиятга кўникиши, ҳар турли бало-офат, ўлат ва мусибатни осонликча енгиб ўтиши мумкин. Илло, бунинг ҳам ўзига яраша шартлари бор. Аввало, бу борада Аллоҳ таолонинг каломига, суюкли Пайғамбаримизнинг суннатларига, улуғларнинг ҳаётий тажрибаларига эргашилади. Энг муҳими, жорий этилган қатъий қоидаларга риоя қилинилиши шарт.

Маълумки, орадан беш ойдан зиёдроқ вақт ўтган бўлсада, ҳануз бутун дунё коронавирус инфекциясига қарши кураш олиб боряпти. Бу борада мамлакатимизда ҳам барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Юртимизда ва жаҳонда қатъий чоралар қўлланиши туфайли бу бало бир оз чекинган бўлса-да, бироқ карантин талаблари юмшатилиши билан бу офат яна даров бўй кўрсата бошлаяпти.

Ачинарлиси, сўнгги кунларда юртдошларимиз карантин қоидаларига риоя қилишда эътиборсизликка йўл қўйишаётгани оқибатида аҳоли орасидан ҳам касалланганлар аниқланаётир.

Бутун дунё халқлари коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқиш учун бор куч-ғайратини, маблағини сафарбар қилаётган, тиббиёт ходимлари ҳафталаб, ойлаб лабораториялардан чиқмай, изланишлар олиб бораётган бир пайтда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан тайёрланиб чоп этилган мазкур асарни  коронавирусга қарши “маънавий вакцина” ишлаб чиқилди десак адашмаган бўламиз.

“Вабо – инсонлар учун бир синов” китобидан “Коронавирус қандай касаллик?”, “Пандемия нима?”, “У рўй  берса, қандай йўл тутиш керак?”, “Тарихимиздаги даҳшатли ўлат қандай даф этилган?” каби саволларга ҳам диний, ҳам тиббий, ҳам замонавий жиҳатдан аниқ жавоблар олиш мумкин.

Шунингдек, ушбу асардан  Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашинин коронавирус (COVID-19) инфекция тарқалишининг олдини олиш бўйича Фатвоси ҳам ўрин олган. Буни бугунги шароитда ҳар бир юртдошимиз ўқиб билиб олиши фойдадан холи бўлмайди.

Карантин пайтда турли диний  маросимлар қандай йўтказилади? Мабодо, коронавирус инфекциясини юқтириб олган бемор вафот этса, у қандай дафн этилади?

Албатта, бундай саволлар бошига шундай иш тушган кишиларни ўйлантириши табиий. Янги нашрдан шу ва бошқа муҳим саволларга жавоб топиш мумкин.

Китоб Ўзбекистон мусулмонлари идорасига қарашли янги очилган “Шамсуддинхон Бобохонов босмахонаси” МЧЖда чоп этилган.

Ушбу асар кенг китобхонлар аудаториясига мўлжаллангани, иборалар халқчил, содда ва тушунарли шаклда баён этилгани билан аҳамиятлидир.

Л.Сувонов