Президентимизнинг 2021 йил 20 декабрдаги “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг даромад манбаини кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида Жиззах шаҳрида яшовчи О.Облоқулов чорвачиликни ривожлантириш учун 1 йилгача имтиёзли давр билан 3 йил муддатга 33 миллион сўм кредит олиш учун банк билан шартнома имзолайди.

Маблағ ўз вақтида таъминотчи сифатида кўрсатилган Ш.Рашидов туманидаги “Самарқандқудуқ” ҚФЙда жойлашган “Яҳёев Фарҳод” фермер хўжалиги ҳисобрақамига ўтказилиб, бир ҳафтада қўйлар етказиб берилишига келишиб олинган.

Орадан бир йил ўтса ҳамки қўйлардан дарак бўлмади. Фуқаро фермер хўжалиги раҳбарига бир неча маротаба қўйларни қачон етказиб беришини сўраб мурожаат қилган бўлса-да, турли важлар билан ортга суриб келинган.

Бу югуришлардан наф чиқмагач О.Облоқулов Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига мазкур масалада амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Мурожаат ўз вақтида ўрганилиши натижасида, фермер хўжалиги томонидан ваъда қилинган қўйлар истеъмолчига ўз вақтида етказиб берилишига эришилди.