Мутахассисларнинг таъкидлашича, вакцина инсон иммунитетининг вируслар билан кураши учун мўлжалланган. Шундай экан, вакцина паст иммунитетли болалар соғлигига зарар келтириши мумкин ва касалликдан юз фоиз ҳимоя қилмайди деб ўйлайдиганлар янглишадилар. Эмлаш асоратли хасталиги бўлган ёши улуғлар учун қўрқинчли эмас. Аксинча, айнан мана шу ёшдаги кишилар учун эмланиш муҳим, лекин уни касаллик аломатларининг заифлашган вақтида шифокорлар тили билан айтганда, ремиссия даврида амалга ошириш керак. Ва умуман кўпчилик шунчалик қисқа вақт ичида самарали ва хавфсиз вакцинани яратиш мумкин эмас деб ҳисоблайди. Лекин коронавируснинг бутун дунё бўйлаб тарқалиш тезлигини инобатга олсак, бу мумкин экан. Мазкур ҳолатда вақт омили ишга тушди, чунки дори воситаларининг сайёра миқёсида мисли кўрилмаган ҳажми ҳақида гап кетяпти. Вакцинани чипланган деб ҳам ваҳимага тушишга ўрин йўқ: унда ҳеч қанақанги имплантация ҳам, кузатув қурилмалари ҳам йўқ.

Мамлакатни тез орада бошланадиган COVID -19га қарши эмлашга тайёрлаш учун аҳолида эмлаш ҳақида, унинг таъсири ҳақида аниқ тушунчалар шакллантириш зарур бўлади. Хабар беришича, дастлабки босқичда 4 миллион 112 минг 668 нафар ўзбекистонлик эмланади экан. Улар орасида 65 ёшдан 84 ёшгача бўлган ёши улуғлар, 85 ёшда юқори узоқ умр кўргувчилар, тиббиёт ходимлари, ўрта умумтаълим мактаб ўқитувчилари, мактабгача таълим муассасалари ходимлари, Қуролли кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза этувчи орган ходимлари ҳам бор. Чет мамлакатларда таҳсил олаётган 60 минг талаба бепул эмланади, шунингдек меҳнат мигрантлари — хусусий поликлиникаларда тўлов асосида.

Санитар-эпидемиологик хизматларнинг тегишли моддий-техника базаси шакллантирилган, эмлаш жараёнида иштирок этадиган соҳа мутахассислари хавфсиз иммунизациялаш бўйича қўшимча касбий тайёргарликдан ўтяпти.

Улар орасида эмловчи мутахассислар, умумий амалиёт шифокорлари ва оилавий шифокорлар, реаниматологлар, иммунологлар, инфекционистлар ва патронаж ҳамширалар бор. Шунингдек маълумотлар тизимига (маълумотлар базасига) миллий эмлашни ташкиллаштириш бўйича бизнес-жараёнларни киритиш ҳам кўзда тутилган.

ЮНИСEФ Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва Журналистларни қайта тайёрлаш маркази билан ҳамкорликда, Эмлаш бўйича глобал альянс ва Осиё тараққиёт банкининг молиявий кўмагида мамлакатимиз ОАВ ходимлари учун медиа-тренинглар ўтказяпти.

Дилфуза Гулямова.