Бугун интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларда энг кўп муҳокама бўлаётган мавзу коронавирусга қарши эмланиш, вакцина қабул қилиш ёки қилмаслик бўлиб қолди. Албатта, вакцина олиш ёки олмаслик ҳар бир фуқаронинг шахсий ҳуқуқи. Конституциямизнинг 19-моддасига мувофиқ, фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас.
Аммо барчамиз ўзимизга қадрли бўлган ота-онамиз ёки фарзандларимиз соғлиғи учун бугун вакцина олишимиз шарт. Чунки айни пайтда дунё давлатлари коронавирус билан боғлиқ вазиятни бошқара олмаяпти. Унинг янгидан-янги хавфли штаммлари пайдо бўлмоқда. Шунинг учун ЖССТ коронавирусдан ягона ҳимоя усули — вакцина, деган хулосага келди. Тўғри, эмланганлар ҳам вирусга чалинмоқда. Аммо касаллик уларда енгил ўтмоқда ҳамда вирус ташувчи ёки юқтирувчи бўлмаяпти. Шу жиҳати билан вакцина афзалликка эга бўлмоқда. Буни биздан кўра, аввал тушунган айрим ривожланган давлатларнинг тафаккурли аҳолиси эмланиб улгурди.
ЖССТнинг маълум қилишича, бугунги кунда дунё аҳолиси Pfizer/ BioNTech, Moderna, AstraZeneca, Johnson&Johnson, Спутник V, ЭпиВакКорона, КовиВак каби вакциналар билан эмланмоқда. Уларнинг номланиши ва ишлаб чиқарилган мамлакати турлича бўлса-да, вазифаси битта — инсон организмида коронавирусга қарши иммунитетни шакллантириш.
2021 йил 16 июлгача дунё бўйича 2 миллиард 35 миллион 281 минг 281 киши вакцинанинг муайян бир компонентини қабул қилган. 998 миллион 656 минг 464 киши тўлиқ эмланган. Мазкур кўрсаткич мамлакатимизда атиги 400 минг кишини ташкил этади, холос.
Статистик маълумотларга кўра, Мальтанинг 85 фоиз, Канада ва Сингапурнинг 70 фоиз, Чилининг 69 фоиз, Буюк Британиянинг 68 фоиз, Исроилнинг 66, Германиянинг 59 фоиз, Хитойнинг 43 фоиз аҳолиси эмланган. Марказий Осиё давлатларида эса, бу кўрсаткич 10 фоизга ҳам етмайди.
Айни пайтда аҳолида карантин талаблари кучайтирилмаётгани, вирусга чалинган фуқароларнинг яқинлари карантинга олинмаётгани билан боғлиқ саволлар кўпайиб кетди. Эсингизда бўлса, ўтган йили мамлакатимизда коронавирусга чалинганлар алоҳида изоляция қилиниб, карантинда сақланди. Беморлар касаллик таътилига чиқарилиб, ойлик маоши 100 фоиз сақлаб қолинди. Улар махсус поликлиникаларда ковидга қарши бепул даволанди. Бу мамлакат иқтисодиётига катта таъсир кўрсатди. Айрим давлатлар ҳатто локдаун эълон қилди.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалинган бир беморни даволаш учун қарийб 64 миллион сўм сарфланган. Тан олиб айтиш керак, ўша пайт да ҳаммамиз коронавирусга қарши вакцина тезроқ яратилишини чин кўнгилдан истаганмиз. Бугун вирусга қарши курашишда олдимизда икки йўл турибди: вакцина олиш ёки ўзимизни изоляция қилиш.
Биринчидан, эмланмаганлар вирусга тез чалинади. Касалликни оғир ўтказади ҳамда юқтирувчан бўлади. Демак, бундай кишилар нафақат жамият, балки оиласи учун ҳам хавфли.
Иккинчидан, бозор иқтисодиёти шароитида бугун ўзини ўзи яккалаш кони зиён. Чунки бундай шароитда кўчага чиқмай, бошқалар билан мулоқотда бўлмай, уйда ўтириш зарур. Унда тирикчилик қандай ўтади? Бола-чақани ким боқади? Давлат бюджети эса изоляциядаги фуқароларни тўлиқ ижтимоий ҳимояга олишга қодир эмас. Энг ёмони, бу ҳолатда ҳам ҳеч ким вирусни юқтиришдан муҳофазаланмаган. Одам кундалик ташвишлар билан дўконга чиқади, бозорга боради
Давлат ўз фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаши керак. Шунинг учун ҳам бугун аҳоли коронавирусга қарши бепул эмланмоқда. Уни қабул қилиш эса, ҳар бир фуқаро учун виждон амрига айланиши лозим. Тан олайлик, фарзандларимизнинг тарбиячиси ёки ўқитувчиси COVID-19га қарши эмланишини талаб қиламиз, аммо ўзимиз вакцина қабул қилмаймиз. Бу ерда қани мантиқ? Ваҳоланки, фарзандимиз боғча ёки мактабда қолмайди. Уйга келиб, биз билан бир дастурхон атрофида ўтиради. Шундай экан, барчамиз ўзимиз ва ўзгаларнинг соғлиғига жиддий эътибор, масъулият билан қарашимиз, давлатимиз томонидан бепул тақдим этилаётган вакцинани ўз вақтида қабул қилиб, фуқаролик, пировардида инсонийлик бурчимизни бажаришимиз шарт.