Кўпмиллатли Ўзбекистон халқи ҳам ҳақиқий жасорат ва фидойилик кўрсатиб, фашизм устидан қозонилган ғалабага улкан ҳисса қўшди. Хусусан, 2 миллионга яқин юртдошимиз жангларда иштирок этиб, уларнинг 500 мингдан ортиғи қаҳрамонларча ҳалок бўлди. Шу билан бирга, уруш даврида республикамиз фронт учун зарур бўлган озиқ-овқат, кийим-кечак, қурол-аслаҳа ва бошқа воситаларни етказиб берадиган муҳим таъминот марказларидан бирига айланди. Айниқса, юртдошларимиз жанглар давом этаётган ҳудудлардан Ўзбекистонга кўчирилган 1,5 миллиондан ортиқ кексалар, аёллар ва ёш гўдакларни бағрига олиб, оғир дамларда уларга беқиёс ғамхўрлик кўрсатди.

Халқимизнинг тарих саҳифаларига ўчмас ҳарфлар билан битилган бундай мардлик ва матонати, олийжаноблиги, меҳр-муруввати ва юксак маънавияти барчамизнинг қалбларимизга чексиз ғурур-ифтихор бағишлаб, фарзандларимизни ватанпарварлик ва аждодлар жасоратига садоқат руҳида тарбиялашда илҳомлантириб келмоқда.

Иккинчи жаҳон урушида фашизмга қарши курашиб ҳалок бўлган Ўзбекистоннинг барча ўғлонлари хотирасини абадийлаштириш, бугун ҳам сафларимизда туриб Ватан обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган барча кишиларнинг ҳурматини жойига қўйиш мақсадида  Президентимизнинг 2022 йилнинг 29 апрелдаги “9 май — Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори ҳамда мазкур қарор билан ижрога қаратилган дастурга мувофиқ “Инсон қадри улуғ — хотира муқаддас”, “Мардлик ва жасорат — ҳамиша барҳаёт” шиорлари остида комплекс тадбирлар ўтказилмоқда.

 Жумладан, Тошкент шаҳар Сергели туманида жойлашган 300-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида, Сергели тумани Ички ишлар бошқармаси ва Сергели тумани ҳокимияти масъул ходимлари, ФВВ Академияси жамоаси, Тошкент шаҳар халқ таълим бош бошқармаси ҳамда Сергели тумани халқ таълим бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда “Ватан ҳимояси - шарафлидир, эҳтиромдадир!” шиори остида “9 май — Хотира ва қадрлаш куни”га бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Улуғ Ватан уруши қатнашчилари, Афғон уруши фахрийлари, меҳнат фахрийлари, ФВВ Академиясининг оркестри ва ҳарбий хизматчилари, Сергели туман ҳокимияти, Тошкент шаҳар ва Сергели тумани халқ таълими бўлими масъуллари, Сергели туман ИИБ ходимлари, Миллий Гвардия ҳарбий хизматчилари, “Ватанпарвар” ташкилоти, “Мададкор” маҳалласи фаоллари, кенг жамоатчилик ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Ушбу тадбир Ўзбекистон байроғини тантанали олиб кириш билан бошланди ва шундан сўнг, белгиланган майдондан 300 – сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби қошида ташкил этилган ватанпарварлик тўгараги аъзолари, иштирокчи ўқувчилар, Афғон жангчилари, ФВВ Академиясининг оркестри, Ички ишлар ходимлари билан билан бир сафда қўшинларнинг ҳарбий либосларида саф билан тантанали юриб ўтишди.

Юқори савияда ташкил этилган тадбирда Ватанпарварлик тўгараги аъзолари ва ФВВ Академиясининг оркестри томонидан ижро этилган, Улуғ Ватан урушини хотирловчи ва жонажон Ватанимизни мадҳ этувчи, куй-қўшиқлар, турли хил рақслар намойиши ҳамда миллий либослардаги бадиий чиқишлар ва шеърлар, ҳарбийларнинг турли чиқишлари, айниқса, отлиқ посбонлар кўриги, ҳарбий техника кўргазмали намойишлари ўқувчи ёшларда улкан таассуротлар қолдирди ҳамда иштирокчиларга кўтаринки кайфияти улашди.

Тадбир якунида, Улуғ Ватан уруши қатнашчилари, Афғон уруши фахрийларига ташкилотчилар томонидан “Ташаккурнома" ва эсдалик совғалари тантанали топширилди.

Ўзбекистон Республикаси ФВВ Академияси Матбуот хизмати