Табиий, ҳар бир катта-кичик гиёҳнинг томири бор. Шу томир отган жойи унинг манзил-макони, дейлик, ватанидир.

Одам-чи... одам оёғи бўш мавжудот, дунёнинг ҳар гўшасида яшайди, турли шаҳар-у овулларни кезиб чиқади. Аммо қачондир туғилган манзилига қайтиб келади ёки қайтиш умиди билан яшайди. Гарчи одамнинг ўсимлик, дарахт каби илдизи йўқ. Шундай бўлгач, одам юртдан олисда нега сувсаган майсадай қовжирайди, нега туғилган маконини қўмсайверади. Ҳамма жойда яшашга шароит топиши мумкин-ку? Менимча, одамнинг кўзга кўринмас илдизи шу манзилу маконга туташган. Шу жойга томир отган. Одамнинг илдизи ватан тупроғига юрагидан бошлаб томирлаган. Йўқса, қаерга қўлини чўзса етгулик ҳазрат Бобурдай азим зот бир тилим Андижон қовунининг бўйини қўмсаб ўртанмас эди.

***

Кўпчиликнинг хабари бор, дастлаб пойтахтимиздаги “Анжуманлар саройи” ва “Туркистон” саройида, сўнгра бутун республика бўйлаб “Ватан манзумаси” номли театрлаштирилган назм ва наво томошаси намойиш этилди. Ушбу ижодий жараёндан минглаб юртдошларимиз қаторида ўзим ҳам катта таассурот олдим, она юртни ўзгача нигоҳ билан кўра бошладим. Бу тадбирнинг муддаоси ҳам айни шу – тобора тансиқлашиб, айрим хашаки талқинлар сабаб, сийқалашиб бораётган ватан, ватанпарварлик туйғусини янада кучайтириш эди. Назаримда, режиссёр Ҳайдарали Қосимов бошлиқ жамоа бу мақсадни уддалай олди. Аммо бир нарса ойдинлашдиям: бу каби чинакам, профессионал томоша ишлари мунтазам бўлиши керак экан! Ёшлар ўзлари эргашадиган, ҳавас қиладиган шахслар билан тез-тез кўришиб туриши зарур экан.

Айни дамда гап бевосита бу тадбир ҳақида эмас, аммо ҳеч вақтда эскирмайдиган, ташлаб қўйиб бўлмайдиган масала — ватанпарварлик ҳисси билан уйғун айрим мулоҳазаларимга ҳам шу тадбир сабаб бўлди.

***

Кейинги пайтда қулоққа кўп чалинган гаплардан бири тахминан шундай бўлаётир: “Ватанпарварлик, маънавият мавзуларини кўп муҳокама қилдик, сийқасини ҳам чиқариб юбордик...”

Шунга ўхшаш фикрлар ижтимоий тармоқларда ҳам айланиб юради.

Бундай гап-сўзларга дуч келсам, юқорида тилга олинган тадбирлар асносидаги айрим воқелар эсимга тушади ва уларни чоғиштириб қуйидаги фикрларга тўхталаман.

***

Термиз шаҳридаги Санъат саройида дастуримиз бошланишидан сал аввал сарой айвонига чиқдим. У ерда тўпланиб турган университет талабаларининг суҳбати эътиборимни тортди:

— Нима бўларкан ўзи, қанақа тадбир экан? — деди улардан бири шерикларига.

— “Ватан манзумаси” деб ёзган-ку! Қўшиқ бўлса керак-да. Ғиёс Бойтоевни кўрдим.

— Ғиёс Бойтоевнинг концерти эмасми?

— Йўғе... бу ватан ҳақида концерт.

— “Ватан, ватан” деб энсани қотирар экан-да, яна...

— Кетдикми, бўлмасам...

— Домла қараб турибди, қочмайлик...

— Кириб кўрайликчи...

Болаларни эслаб қолишга ҳаракат қилдим. Ўтирган жойларини ҳам ўзларига сездирмай аниқладим.

Тадбир тугагач, фойеда ўша йигитларга тағин дуч келдим. Ҳарқалай кетиб қолишмаган экан. Ёнига бордим-да, гап қотдим:

— Қалай бўлди, тадбир ёқдими?

Улар мени саҳнада кўргани учун дарров танишди ва қимтиниброқ ёнимга келишди.

— Зўр бўлди. Жуда ёқди. Айниқса, марҳум аскарларнинг хотирасига бағишланган жойи.

— Сизнинг шеърингиз ҳам зўр экан. Ўзингиз ёзганмисиз?

— Ҳа, бир ўзим, — дедим ҳазиллашиб, сўнг давом этдим — “Ватан, ватан” деб энсани қотирсаям кириб туриш керак шундай тадбирларгаям... – Талабаларга ўз гапларини кесатдим.

Шу гапни айтган йигитча, ерга қаради-да:

— Энди, билмагандик-да бундай яхши концертлигини...

Уларнинг таассуроти менга ҳам таъсир қилди... демак...

***

Андижон шаҳрида кечки пайт ифторлик маҳали овқатланиш учун машиналарда чойхонага йўл олдик. “Оғиз очар”га беш-ўн дақиқа қолган эди. Уловимиз светофорда тўхтади. Светофорда сув, арабий хурмо тарқатиб, савоб умидида юрган бир неча йигитлар йўловчиларга беминнат хизмат кўрсатишарди. Бу яхши одат, эзгу иш албатта. Сув тарқатаётганлардан бири, тим қора соқоли ўзига ярашган йигит мен тарафдаги очиқ ойнадан сув узатди ва “Марҳамат, бемалол!” деди ва шошиб нари кетди. Ярим литрлик сув идиш сиртига “Дуо қилинг, Гринкард чиқсин!” деб ёзилганини сувни олиб бўлгач кўрдим... очиғи, рўзадор қалбим ўртаниб кетди...

***

Жиззах шаҳрида тадбирдан сўнг, томошабинлардан бири таниқли санъаткор Шоҳида Исмоилова билан суратга тушаркан, улардан берироқдаги яна бир аёл шундай деди:

— Шоҳида опанинг она сиймоси барибир бошқачада... бу кишида ҳақиқий ўзбекка хос истара бор...

— Рихси Иброҳимовадан кейин саҳнада ҳақиқий онани ҳам кўрмай қолганди, одам...

***

Ушбу фикр-таассуротлардан бир нарсани теран илғадим. Бизнинг – маънавият, маданият соҳаси вакилларининг халқимиздан қарзи жуда катта экан. Бу соҳа вакилларининг қилиши лозим бўлган ишлари бисёр экан ҳали. Шоир Муҳаммад Юсуфнинг бир сатри миямда айланди:

Ёмон шеър ёзсанг ҳам, бошингни силаб,

“Кам бўлма, болам”, деб яшайди ўзбек...

Шу халқнинг бир бўлагинигина кўрдим мен. Уларнинг кайфияти, йигит-қизларнинг қизиқиши, интилишларини илғадим. Бу инсонларнинг бўғзида турган, айтишга андиша ёки ҳайиқиш йўл бермаётган сўзларни тингладим. Дилим оғриган бўлса, ўзимдан оғриди, кўнглим тўлмаган бўлса, ўзимни айбдор сездим. Термизлик йигитчанинг “ватан-ватан” деганда энсаси қотишига ҳам, андижонлик, барқ уриб турган ҳаёти ҳали олдинда бўлган ўғлоннинг энг катта орзуси “Гринкард” эканини ҳам, она сиймосини, ҳақиқий қаҳрамонларни, асл ўзбекни соғинган томошабинларни ҳам тушундим. Улар бошқа сайёра ёки ўзга мамлакатдан келиб қолмаганини, билъакс, ўзимизнинг жондошлар эканини ҳис этароқ, елкамдаги юкнинг залворини теран туйдим. Марказий Осиёнинг қарийб ярим аҳолисини ташкил этадиган, бир пайтлар илм-фани, маданияти дунёни тебратган диёрнинг бугунги фарзандларида чинакам ғурур, ифтихор туйғуси такрор мавж урмоғи учун қанчалар катта вазифамиз борлигини ҳис этдим.

Сўз аввалида эслаганим –  бутасимон ўсимликдай  ҳар томонга сочилиб, ватан деганда, куни ўтган, шароити бироз яхшироқ манзилни тушунадиган, уруш, очлик, мустабид муҳит сабаб шу ҳолга келиб қолган миллионлаб ўзга халқларнинг тақдирини кўриб турган палламда, икки дарё оралиғидаги маърифат диёрида бошқача бир халқ, кенгфеъл, матонатли, бардошли, ҳамиша яхши гумонда бўладиган, яхшилик соғинадиган одамлар борлигини туйқус чуқур англадим. Бу одамларга хизмат қилиш ҳам саодат эканини оз бўлса-да тушунгандек бўлдим.

“Энг катта ватанпарварлик масъулиятни ҳис этишдир”, деган ажойиб фикрни ўқигандим. Бугунги олатасир дунёда, глобаллашув довули миллат, ватан каби табаррук тушунчаларни топтаб, бутун бошли миллатларни “туяқорин”дай ҳар томонга учириб юбораётган бир даврда яшаяпмиз. Шундай вақтда бир оддий, аммо улуғ савол кўнглимга келади: Биз учун энг муқаддас, жонни ҳам тикишга арзийдиган нарса нима?

Бу саволга миллионлаб ўзбекнинг кўнглида битта жавоб уйғонади: шу ВАТАН...

Балки, овоз чиқариб айтмас, баралла айтишга андиша қилар, аммо мазмун битта бўлади: ВАТАН!

Бу содда, самимий одамларнинг қалбидаги ватан ҳиссининг сийқаси чиқмайди, бу ватан ундовларга суянмайди, чин юракдан бўлади. Уларнинг аксарияти бу мукаррам диёр бир кунда, ўз-ўзидан бунёд бўлмаганини, ўз-ўзича барқарор ва тинч бўлиб турмаганини яхши биладилар.

Ана шу халқнинг қалбига кўчган манзуманинг номи ҳам ВАТАНдир!

Шодмонқул САЛОМ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси