Давлатимиз раҳбари парламент ва юртдошларимизга йўллаган Мурожаатномасида мамлакатимиз тараққиёти билан боғлиқ катта мақсад ва устувор йўналишларни белгилаб берар экан, “Бундай улуғвор вазифалар биздан юртимизда тинчлик ва барқарорликни, миллатлар ва динлараро дўстлик ва аҳилликни янада мустаҳкамлаш, Қуролли Кучларимизнинг жанговар салоҳиятини оширишни талаб этади”, деди.
Юксалиш, тараққий этишнинг энг бирламчи зарурати тинчликдир. Тинчлик, осудалик йўқ жойда ривожланиш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Буни ҳозир дунёнинг турли бурчакларида давом этаётган ўзаро можаролар, қуролли тўқнашувлар мисолида яққол кўриш мумкин. Шу маънода, 2017-2025 йиллар Ўзбекистон Қуролли Кучлари учун замон талабларига мос тараққий этиб, замонавий армия нуқтаи назаридан ривожланишнинг янги, тарихий босқичига кўтарилиш даври бўлганини таъкидлаш жоиз.
Ушбу йилларда ҳарбий соҳада кенг кўламли модернизация амалга оширилди: қўшинлар замонавий қурол-яроғ, жанговар техника, ўқ-дорилар, коммуникация ва кузатув воситалари билан жиҳозланди. Ҳарбий авиацияда янги турдаги вертолёт ва самолётлар ўзлаштирилди, ҳаво мудофааси тизимига замонавий зенит-ракета мажмуалари жорий этилди. Полигонларда реал жанговар шароитга яқин машқлар, қўшин турлари ўртасида ҳамкорликдаги операциялар, тактик ва стратегик ўқувлар мунтазам ўтказила бошлади.
Бугунги Ўзбекистон армиясининг ҳаракатланиш тезлиги, аниқлиги, интизоми ва технологик салоҳияти айнан шу изчил модернизация сиёсатининг бевосита натижасидир. Янги техникалар, рақамли бошқарув тизимлари, ҳамкорликда ишловчи қўшин турлари ва малакали ҳарбий кадрлар армияни минтақамиздаги энг ишончли ва жадал ривожланаётган мудофаа тизимларидан бирига айлантирди.
Халқ — ягона мақсад ва ғоя атрофида бирлашган улкан куч. Аскарнинг энг катта таянчи ҳам халқимизнинг ишончи ва дуосидир. Халқ ва армия бирлиги Ўзбекистон мудофаа тизимининг энг муҳим мезонларидан. Бугун ҳарбий хизматчилар кундалик хизмат жараёнидан тортиб, дала-ўқув машғулотларигача бўлган барча босқичда айнан мана шу тамойилга таянади.
Сўнгги йилларда ҳарбий бўлинмаларда маънавий-маърифий ишлар тизими тубдан такомиллаштирилди. Ҳарбий психологлар фаолияти кенгайтирилди, бўлинмаларда психологик барқарорликни мустаҳкамлаш бўйича амалий машғулотлар мунтазам ўтказилмоқда. Шунингдек, ҳарбий хизматчилар учун ҳуқуқий саводхонлик дарслари, бўлинма командирлари билан маънавий-маърифий суҳбатлар, ёш аскарлар учун мослашув даври бўйича психологик тренинглар, оилавий масалалар бўйича психологик маслаҳатлар кенг йўлга қўйилди.
Мана шундай маънавий таянч ва руҳий барқарорлик ҳарбий хизматчининг жанговар тайёргарлиги билан бир қаторда армиянинг умумий салоҳиятини оширадиган муҳим омилдир. Аскарнинг қалбидаги Ватанга муҳаббат, зиммасидаги масъулият ва садоқат уни ҳақиқий мудофаа кучига айлантиради.
Энг муҳими, Қуролли Кучларимиз бугун нафақат юртимиз тинчлиги ва осойишталиги таянчи, балки ўзбек халқи ватанпарварлиги, бирлиги ва қудратининг ҳақиқий рамзига айланди.
Давлатимиз раҳбари, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “Бугунги кунда глобал ахборот маконидаги қарама-қаршилик, инсон, айниқса ёш авлоднинг онги ва қалби учун курашнинг кучайиши шароитида ҳарбий-ватанпарварлик тарбиясининг роли ва аҳамияти ортиб бормоқда.
Ўз фарзандларида юксак ватанпарварлик руҳини камол топтира олмаган давлат, қандай қудратли қуролга эга бўлмасин, мудофаа қобилиятини мустаҳкамлай олмайди”.
Ҳарбий йўналишдаги ўқитувчиларнинг асосий вазифаси ҳам Ватанни жонидан севувчи, унинг равнақи ва тинчлиги учун элим, юртим деб ёниб яшайдиган мард ўғлонлар, ўзбек ватанпарварларини тарбиялаб, вояга етказишдир. Бу тарбия, албатта, ахлоқий, меҳнат, эстетик, сиёсий ҳамда жисмоний турлар билан узвий боғлиқликда олиб борилиши керак. Тарбия турлари орасида ҳарбий-ватанпарварлик муҳим ўрин эгаллайди.
Ўтган йилларда миллий армиямизни ислоҳ қилиш, Қуролли Кучларнинг ташкилий тузилмаси ва дислокация тизимини такомиллаштириш, қўшинларни замонавий қурол-яроғ ва техникалар билан жиҳозлаш, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар тайёргарлиги ва шайлиги, касбий маҳоратини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган даврда бўлинмаларнинг техник ва захира таъминоти тизими тубдан қайта кўриб чиқилди, аутсорсинг хизматлари ва ҳарбий кластерлар тизими йўлга қўйилди. Мудофаа саноати мажмуаси корхоналари фаол ривожлантирилмоқда, айрим турдаги қурол-яроғ ва техника турларини ишлаб чиқариш ҳамда модернизация қилишни маҳаллийлаштириш жараёни бошланди. Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, “Жасорат мактаблари”даги ўқув йиғинларига 5000 дан зиёд ёш жалб қилинди.
Ҳарбий хизматчилар ва оила аъзоларининг ижтимоий ҳимояси кучайтирилди. Қилинган ишлар натижасида қўшинларнинг тайёргарлиги самарадорлиги, ҳарбий хизматчиларнинг профессионаллиги, жанговар руҳи ва психологик шайлиги сезиларли даражада ошди. Ҳарбий олий таълим муассасалари фаолиятида ҳарбий кадрларни илғор технологиялар асосида тайёрлаш бўйича янги тизим жорий қилинди.
Бундан ташқари, соҳани рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Қўшинларни бошқаришнинг замонавий автоматлаштирилган тизими босқичма-босқич жорий этилмоқда.
Жаҳондаги мураккаб глобал жараёнларни инобатга олган ҳолда Қуролли Кучларнинг қудрати, мамлакатнинг мудофаа қобилияти ва ҳарбий салоҳиятини янада ошириш мақсадида қатор устувор вазифалар белгиланган. Хусусан, Қуролли Кучларнинг рақамли салоҳиятини ошириш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш, ҳарбий хизматчиларнинг замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш борасидаги билими ва кўникмасини ошириш, қўшинларнинг жанговар руҳи ва салоҳиятини юксалтириш, юқори малакали кадрларни тайёрлаш тизимини мунтазам равишда такомиллаштириб бориш, ўқув жараёнига ҳарбий тайёргарликнинг замонавий усулларини кенг жорий этиш шулар жумласидан.
Буларнинг ҳар бири алоҳида аҳамиятга эга. Масалан, чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик машғулотлари, ҳарбий-ватанпарварлик ва оммавий мудофаа тадбирларида ўқувчи-ёшлар Қуролли Кучларимиз сафларидаги бўлажак хизмати ва Ватанимиз ҳимояси учун зарур билим, кўникма ва малакани ўзлаштиради. Улар бу машғулотлар ва тадбирларда ҳарбий иш ҳамда хизмат асосларига доир дастлабки маълумотларни олади. Қуролли Кучларимиз тарихи, бугунги фаолияти ва салоҳияти, қўшин турлари, уларнинг вазифалари, хизмат қилиш тартибига доир зарур билимларни ўзлаштиради.
Бугун соҳадаги ислоҳотлар доирасида ҳарбий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш ҳамда замон талабларига мос олий ҳарбий таълим муассасалари фаолиятини йўлга қўйиш борасида тизимли ишлар бажарилмоқда. Мамлакатимизда қўмондонлик ва техник кадрлар тайёрлайдиган, бир неча ўқув муассасаларини бирлаштирган кўп босқичли ҳарбий таълим тизими йўлга қўйилган. Жумладан, Жамоат хавфсизлиги университетининг ташкил этилиши ҳисобига мазкур соҳада малакали офицер кадрлар тайёрланаётгани фикримиз тасдиғидир.
Таълим-тарбия масаласи ҳар бир давлат учун муҳим вазифа. Ривожланган давлатларнинг тарихий тажрибаси жамият ҳаётини ўзгартиришга қаратилган ҳар бир ислоҳот айнан таълим тизимидан бошланганини кўрсатади. Ватанпарварлик тарбияси пойдевори эса ҳарбий таълим муассасаларида қўйилади.
Бизнинг асосий вазифамиз ёшларни ана шу жараёнга жалб қилиш, улар онгига Ўзбекистон келажаги айнан ёшлар қўлида эканини сингдириш, кундалик машғулотлар, турли тадбирлар давомида уларда ватанпарварлик, миллатпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлашдир.
Шуҳрат ҲОТАМОВ,
Жамоат хавфсизлиги университети доценти,
полковник