Учиб кетди оламга Оқсаройдан оқ хатлар,
Оқ хатлар эмас улар, соғинч, фироқ, ҳасратлар,
Руҳу жонимга туташ мулки сўнгсиз сарҳадлар,
Ҳазрат Соҳибқироннинг тоза ниҳоли – Бобур.
Бори элга яхшилик қилмоқ надир, билдик биз,
Сиз Ҳинд сори кетдингиз, сиз сориға елдик биз,
Сиз Ватанга келдингиз, сиз томонга келдик биз,
Оҳ, бунчалар ёруғдир Ватан хаёли, Бобур.
Ватандан мужда келса, айтинг қанда жон қолди –
Ширин қовун таъмидан на-да танда жон қолди,
Самарқандда дил қолди, Андижонда жон қолди,
Бир мард юрт деб йиғласа тутгай уволи, Бобур.
Киши ғариб кўнглини тушунгайдир ғурбатда,
Ғурбат – бу ғарибликдир, ғам-андуҳдир, албатта,
Инсон билмас не сир бор, дунё деган турбатда,
Идрок этдим, бу кимнинг жавоб-саволи, Бобур.
Тўхтамайди Жайхундай сўзи – ҳаёт китоби,
Ҳар кўнгилда мавж урар, унинг шиддат, шитоби,
Маҳшаргача янграгай ҳақ йўлида хитоби,
Шундан доим баланддир дарду иқболи, Бобур.
Айтган билан тугамас, жон-жонимнинг жон сўзи,
Ватаним, миллатимнинг ҳар ўғлони, ҳар қизи,
Ҳазрат боболаримнинг қутлуғ, муборак изи,
Ҳумоюн ҳам Гулбадан, Комрон, Ҳиндоли Бобур.
Маним ёниб айтганим бир хатти жаҳон бўлгай,
Бўйи кўкка етган сарв, тик қадди жаҳон бўлгай,
Пойдевори мустаҳкам, зўр садди жаҳон бўлгай,
Жаннатлардан хуш насим – юртим шамоли, Бобур.
Учиб кетди оламга Оқсаройдан оқ хатлар,
Оқ хатлар эмас улар, соғинч, фироқ, оҳ хатлар,
Руҳу жонимга туташ мулки сўнгсиз сарҳадлар,
Ҳазрат Соҳибқироннинг тоза ниҳоли – Бобур.
Ғайрат МАЖИД