Дунё сиёсий харитасидаги кескин бурилишлар, турли зиддиятлар, хавф-хатарлар, сиёсий инқирозлар, энг асосийси, олдиндан оқибатини тахмин қилиш қийин бўлган чигал муаммолар эса нафақат айрим давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитетига таҳдид қилмоқда, балки глобал миқёсдаги тинчлик ва хавфсизликни ҳам таҳлика остига қўймоқда. Натижада бу халқаро савдо-сотиқ, транспорт логистикаси, энергетика хавфсизлиги, озиқ-овқат ишлаб чиқариш, умуман, мамлакатларнинг азалий ҳамкорлигига зарар етказяпти.
Афсуски, минтақамиз – Марказий Осиё ҳам ана шундай муаммоли ҳолатлардан ҳоли эмас. Айниқса, ён қўшнимиз Афғонистон оғир иқтисодий, ижтимоий ларзаларни бошдан ўтказяпти, бу юртда ҳамон нотинчлик ҳукм суряпти. Сув танқислиги, экологик депрессиялар эса Марказий Осиёнинг эртанги куни ҳақида жиддий ўйлаш фурсати етганини кўрсатяпти.
Эътироф этиш жоиз, Ўзбекистон етакчисининг фаол прагматик ташқи сиёсати туфайлигина Марказий Осиёда янги геосиёсий ишонч муҳити шаклланди. Минтақа давлатлари ўртасида можароларга сабаб бўлиши мумкин бўлган муаммолар тизимли тарзда ҳал қилиняпти. Бунда яқин қўшничилик ва ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш йўлидаги амалий ҳаракатлар ўта муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлаш жоиз. Яъни, глобал миқёсдаги инқирозли хавф-хатарлар даврида ҳам Ўзбекистон ички ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлашдан ташқари, минтақа давлатлари ва халқаро ҳамжамият билан ҳамкорлик алоқаларини давом эттиришга алоҳида эътибор қаратяпти.
Мана шундай қийинчиликлар фонида Ўзбекистон ўз манфаатларини муносиб ҳимоя қилиши ва мустақил давлат сифатида ўзининг стратегик мақсадларини рўёбга чиқариши учун ислоҳотлар кўламини кенгайтиряпти.
Инсонга ватан, ота-она ва миллат танлаш ҳуқуқи берилмаган. Булар Оллоҳнинг буюк неъматларидир. Уларни қадрлаш эса инсоннинг ўз-ўзини қадрлаши мезонларини белгилаб беради. Ватансиз ва қадриятсиз инсон илдизсиз дарахтга ўхшайди, уни ҳар қандай шамол йиқитади ва кимларнидир иситиш учун ўтинга айлантиради. Шу сабабли, инсон бир мартагина яшаб ўтадиган умри мазмуни-моҳиятини англаши, ҳаётини, қадриятларини, энг асосийси, аждодлари ким эканини билиши муҳим аҳамиятга эга. Бинобарин, Ватанни севиш ва қадрлашни ўргатиш фарзандларимиз эртаси қандай бўлишини ҳам белгилайди.
Маълумки, инсоният XXI асрга келиб ўз қадриятларидан узоқлаштириляпти. Бундай ҳатти-ҳаракатларнинг биринчи ўринга чиқарилаётгани бежиз эмас. Чунки, одамларни қадриятлар ва эзгу ғояларсиз яшашга кўниктириш ғояси замирида қадриятсиз ҳаётни ва ўтмишидан узилган авлодни шакллантириш мақсади мужассам. Бир сўз билан айтганда, бу ҳаракат илдизсиз дарахтларнинг пайдо бўлишига олиб келяпти. Энг ёмони, бу ўнглаб бўлмас офатларга йўл очмоқда. Шу боис, биз ватан ва қадрият тушунчаларини ёшларга тўғри етказа билишимиз, унинг аҳамияти ва ҳаётдаги ўрнини, бу фаровон ҳаётнинг муҳим шарти эканини сингдиришимиз керак.
Тўғри, Ватанни севиш ва қадриятларни қадрлашни тарғибот-ташвиқот ёки боғча ҳамда мактаблардаги тарбия орқали ҳам сингдириш мумкин. Гарчи, жуда катта харажатлар талаб этса-да, лекин натижаси биз кутгандек бўлмайди. Сабаби оддий: биз биламизки, инсон асосий кўникмаларини 6-10 ёшигача бўлган даврда эгаллаб бўлади. Ва, бу даврда биз тил, ватан, аждодлар каби қадриятларни беқадр қилиб қўйсак, бола қолган умри давомида қанча тарғибот-ташвиқотга йўлиқмасин, ўз қарашларини ўзгартира олмаслиги мумкин. Шунинг учун ҳам бола онгининг шаклланиш давридаёқ унга нима учун ватан керак, нима учун қадрият кераклигини тушунтира олсак, болада она, она Ватан, тил ва миллат ҳақидаги дастлабки кўникмаларни ҳосил қилишга муваффақ бўламиз. Бундай авлод эса бошқа қадриятларни беқадр қилмаган ҳолда ўз маданияти, тили ва урф-одатларини қадрлай бошлайди. Айнан шу сабабли ҳам жамиятимизда мактабгача таълим ва мактаб янги авлодни шакллантиришдаги энг муҳим нуқта сифатида танлаб олинди.
Агар биз машаққат билан эришилаётган натижалар моҳиятини англай оладиган авлодни тарбиялай олмасак, барча ҳаракатларимиз беҳуда кетади. Шу сабабли ҳам бугун ёшларга қаратилаётган юксак эътибордан муддао битта: умид билан парваришланган ниҳоллар эртага баракали ҳосил бериб, халқимизни қувонтирсин.
Шу маънода, халқимизнинг онги, дунёқараши ўзгараётгани, қалбида ўзига, эртанги кунга бўлган ишончи мустаҳкамланаётгани энг катта ютуғимиз.
Маълумки, кейинги йилларда миллий ялпи ички маҳсулот ҳажми илк бор 80 миллиард доллардан ошди. Беш йил илгари бу кўрсаткич атиги 52 миллиард эди. Ўтган йили иқтисодиётимизга 8 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этилгани ҳам хорижда бизга нисбатан ишонч ортаётганидандир. Экспорт эса 19 миллиард долларни ташкил қилди. 2022 йилда ялпи ички маҳсулот ўсиши 5,7 фоизга етдики, аҳоли даромади ҳам шунга яраша ўсиб бормоқда.
Шу ўринда 2030 йилгача ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга етказишдек жуда катта марра олинганини таъкидлаш жоиз. Албатта, бунга эришиш осон бўлмайди. Аммо бу йўлда аниқ ҳисоб-китобларимиз борлиги, реал имкониятлар яратилаётгани, энг асосийси, интеллектуал ва маънавий салоҳият ҳамда тажрибамиз борлиги ишончимизни мустаҳкамлаяпти.
Қайд этиш жоизки, жорий йил мамлакатимизда – «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги қонун умумхалқ референдуми орқали қабул қилинди ва юртимизда ҳақиқий маънода Халқ Конституцияси яратилди. Асосий қонунни ўзгартиришни сайловчиларнинг 90,2 фоизи ёқлаб овоз бердилар.
Бу Ўзбекистон ўз мустақиллигининг энг муҳим босқичига қадам қўйганини англатади. албатта. 2016 йилдан бошлаб Ҳаракатлар стратегиясига асосан сиёсий ва иқтисодий ўзгаришларни кўзда тутувчи ислоҳотлар олиб борилган бўлса, 2021 йилдан янги Тараққиёт стратегияси қабул қилинди. Бу жараёнлар янги мезонлар, талаб ва қарашларни шакллантираётгани сабабли Конституцияда ўзгариш ва қўшимчаларни тақозо қиларди.
Жорий йилда яна бир муҳим сиёсий воқеликнинг гувоҳи бўлдик: 9 июль куни муддатидан илгари Президент сайлови ўтказилди. Янгиланган Конституция ва демократик тамойиллар ҳамда сиёсий фаоллик муҳитида ўтган сайловда амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев сайловчиларнинг 87 фоиздан ортиқ овози билан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига қайта сайланди.
Сайловда 15 та халқаро ташкилотдан 466 нафар, 47 та хорижий давлатдан 331 нафар вакилнинг халқаро кузатувчи сифатида иштирок этгани, шубҳасиз жуда катта эътибор натижасидир. Шунингдек, 1400 нафар маҳаллий ва хорижий журналистлар сайлов жараёнларини атрофлича ёритиб бордилар. Маҳаллий ва хорижий кузатувчилар сайлов қонунчилик ва умумэътироф этилган халқаро тамойиллар асосида, эркин ва демократик, соғлом рақобат ва сиёсий кураш муҳитида, очиқлик ва шаффофлик руҳида ўтганини эътироф этдилар.
Юқорида таъкидлаганимиздек, буларнинг бари янги Ўзбекистонда инсон қадрини янада юксалтириш, одамларни рози қилишдек эзгу мақсад йўлидаги ислоҳотлар натижасидир. Буни биз билан бирга дунё ҳамжамияти ҳам кўриб турибди ҳамда натижаларимизни эътироф қилмоқда. Бу эса мураккаб ва таҳликали замонда эътироф этишга арзигулик ютуқларимизни кенг ёритиш, одамлар орасига кириб, ўзгаришлар моҳиятини кенгроқ тушунтиришимиз лозимлигини ҳам кўрсатяпти. Булар айниқса, ёшлар ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади, уларга куч, рағбат беради. Аммо беш қўл баробар эмас деганларидек, баъзи бир шахслар бу жараённи қора рангларда кўрсатишга уриняптилар. Ўз юртидан фахрланиш, уни мадҳ этиш бу ватанпарварликнинг оддий бир намунаси бўлса-да, йўлимизда эътироф ва мақтовни маддоҳликка йўяётганлар ҳам учраяпти.
Тан олайлик, Ватанни севган одам унинг камчиликларини бартараф қилиш учун ўзини масъул ҳисоблайди. Камчиликлардан кулиш ўрнига уларнинг ечимлари ҳақида ўйлайди. Бу холислик ва адолатлиликнинг энг олий кўринишидир. Аммо ана шундай демократик қарашларни маддоҳлик деб атаётган хорижий кузатувчилар ҳам учрадики, бу ҳали-ҳануз Ўзбекистондаги ислоҳотларга шубҳа билан қараш мақсадидан қайтмаган кучлар борлигидан далолатдир. Қарангки, ватан, миллат ва қадриятларнинг ижобий қирраларини кўпроқ тилга олиш, салбий томонларини рад этмай, уларни бартараф этиш учун йўл қидириш уларнинг наздида демократия саналмаяпти. Ваҳоланки, ўз она юртидаги янгиланиш ва ютуқларни ошириб, камчиликларини яшириш бурчи, ўз юрти ва заминига ҳурмат, яъни миллий қадрият эмасми? Одиий бир мисол: агар ўз оиламиздаги ҳар қандай камчиликни бартараф қилмасдан фақат танқид қилаверсак, оилавий бирдамликка эришиладими?
Юқоридаги ҳолатларни назарда тутиб айтиш мумкинки, бугун ватанни севиш учун тадбирларда байроқ кўтаришнинг ўзи етарли бўлмаяпти, аксинча, бу айрим ҳолларда акс таъсир кўрсатадиган ташвиқот қуролига айланиб қолмоқда. Яъни, бу ёшларимизни байроқ ва ватанга меҳр кўрсатишдан кўра, қайтаришга хизмат қиляпти.
Таъкидлаш лозим, бугун иқтисоди бақувват давлатларгина ўз қадриятларини ҳимоя қила оляптилар. Оддий бир мисол: руслар ёки французлар немисларга ҳеч қачон немис тилидан қандай фойдаланиш кераклигини ўргата олмайдилар. Чунки Германия иқтисодий жиҳатдан бақувват давлат, келажагига ишончи мустаҳкам, дунё ҳамжамияти олдида сўзи, гапи бутун. Ва, шунинг учун ҳам бу халқ ўз қадриятларини ўзи ҳимоя қилмоқда. Улар бу масалада ҳеч кимнинг маслаҳати ёки кўрсатмасига муҳтож ҳам, мажбур ҳам эмас.
Аммо кўп ҳолларда энди-энди ривожланаётган ёки мустақилликни ҳис эта бошлаган давлатлар ҳатто ўз тилидан фойдаланишда ҳам кимлардандир кўрсатма, кимларнингдир бузғунчи фикрларига қулоқ тутишга мажбур экани бор гап. Чунки бундай халқлар қадриятларини ҳимоя қилиш даражасидаги кучга эга эмаслар. Бу эса ватанни севиш, миллий қадриятларини ҳимоя қилиш учун жуда катта иштиёқ, хоҳишнинг ўзи етарли эмаслигини, балки иқтисодий тараққиёт ҳам бирламчи унсур эканини кўрсатмоқда. Айнан шу сабабли бугун биз ташвиқот-тарғибот, тушунтириш, тарбия ишлари билан бир қаторда ҳар бир инсонга ўзини беқадр қилмаслик, касб-ҳунар эгаллаш, тилларни, маданиятларни ўрганиш орқали янада кучли бўлиш мумкинлигини, рақобатбардош бўлиш билан бирга маънавий қудрат, энг муҳими, иқтисодий қиймат яратиш орқалигина мамлакат тараққиётига ҳисса қўшиши мумкинлигини англатишимиз зарур.
Шунинг баробарида ёшларимизга рағбат берадиган, қалбига фахр туйғусини экадиган эътирофлардан ҳам ўз ўрнида фойдаланишимиз керак. Зеро, баъзи ҳолларда танқиддан кўра, эътироф, ҳатто мақтов инсоннинг у ёки бу масаладаги ёндашувини ўзгартириши мумкин. Энг асосийси, биз кимларгадир яхши кўриниш учун Янги Ўзбекистон қурмаётганимизни юракдан англасак, ҳис этсак бўлгани.
Яна бир фикр. Бугун юртимиздаги ўзгаришларни зимдан кузатиб, «менга нима» қабилида иш тутаётган, бирон бир салбий воқеа-ҳодиса юз берса, дўпписини осмонга отиб, дунёга жар соладиганлар ҳам йўқ эмас. Тўғри, бундайлар ҳар доим бўлган ва бундай кейин ҳам бўлади. Аммо баъзида халқимизнинг “Бир кун туз еган ерингга қирқ кун таъзим қил”, деган нақли уларга ҳам тегишли эканини эслатгинг келади.
Ватан – неъмат, унга садоқат эса қудратдир. Ватан ҳимояси учун жондан кечганлар – қаҳрамон, қочганлар – хоиндир. Айнан истиқлол ҳақида, унинг буюк неъмат экани ҳақида гап кетаётганида бундай қусурлармизнинг бошланиши таълим-тарбия билан боғлиқлигини унутмаслигимиз керак. Оила, боғча ва мактабларда шахс тарбиясига алоҳида эътибор қаратилмас экан, кадрлар тақчиллиги касали тузалмайди. Фарзандларимиз рақобатбардош ва ўзини қадрлаш кўникмасига эга бўлиши ҳам ҳаётий заруратдир! Сир эмаски, ҳамма бирдек интиқиб интиладиган иқтисодий ва сиёсий эркинликлар ўзи билан бирга шафқатсиз рақобат ва ижтимоий жиҳатдан кескин муносабатларни ҳам олиб келади.
Истаймизми, йўқми бу дунёда кимдир яхшироқ, кимдир ёмонроқ яшайди, бу унинг номаи аъмолига битилган. Тўғри, давлат вақтинчалик кўмак бериши, қўллаб-қувватлаши мумкин, лекин муваффақият шахснинг интилишлари, билими, тафаккури ва қобилиятига боғлиқ.
Инсонга хос бир хусусият борки, бу унинг ўзини асосан ҳақ деб билишидир. Лекин истаганига эришолмаса, атрофга зарар етказиш, ҳатто ўз жони, ўзгалар ҳаёти ҳисобига исён қилиш айнан тарбиянинг хатоси бўлган заифлик, рақобатбардош эмаслик ва, албатта, ўзини паст баҳолашдан бошқа нарса эмас.
Шу маънода, ўзини қадрлайдиган фуқаролардан иборат жамиятгина ўз мажбуриятларига амал қилиб, ҳуқуқ ва манфаатлари учун кураша олади.
Хулоса қиладиган бўлсак, Ўзбекистон янги даврнинг янги ўзгаришларига қадам қўймоқда. Бу кейинги давр барча соҳаларда улкан ўзгаришлар даври бўлажагидан далолат беряпти. Бунинг учун эса илгари сурилаётган ғоя ва ташаббусларнинг ижобатига эришишимиз керак.
Биламизки, Фаридуддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” асарида “30 та қуш дунёнинг 30 чеккасига учиб кетиб бахт излаб, бахт топа олмасдан хорликка юз тутган”, деган фикр илгари сурилган. Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр”ида эса Фаридуддин Атторнинг асарида илгари сурилган ғояга қарши фикр сифатида “аслида бу бахт 30 қушнинг бирлаша олганида эди” деган ғоя илгари сурилади. Айнан ана шу ғоя мисолида айтиш мумкинки, бугунги дунёда фаровонлик излаётган жамиятларнинг бирлаша олмаётганини аслида улар юзма-юз келаётган муаммоларга сабаб сифатида кўриш мумкин. Буни англаш учун эса бугун бизда миллий генларимиз даражасида шароит ҳам, имконият ҳам бор. Яъни айнан бугунги кун шу ғояни тўғри талқин қилган ҳолда биздан бирлашишни талаб қиляпти.
Энг муҳими, улуғ неъмат – Мустақиллигимизни кўзқорачиғидек асраш учун миллат етакчиси атрофида бирлашиб, аввалгиданда кўпроқ ғайрат ва шижоат билан ишлашимиз шарт. Шундагина ҳаётимизнинг маъно-мазмунига айланган буюк мақсад – Янги Ўзбекистонни, Учинчи Ренессанс пойдеворини қўришдек эзгу мақсадларимизга тезроқ эришамиз.
Маълумки, ҳар қандай миллатни миллат қиладиган тил ва унинг миллий қадриятларидир. Мустақиллик миллий тил ва қадриятларимизни юксалтириш имконини бердики, бундан фойдаланмаслик кўчат экиб, энди ўзи ривожланаверади, дейиш билан баробар.
Якунда айтиш жоизки, Мустақиллик оғир кураш билан, илм ва тафаккур, шараф ва ғурур билан эришиладиган ҳамда қиёматга қадар ҳимоя қилинадиган неъматдир. Донолар айтганидек: “Кишининг вафодорлиги ва садоқати унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, дўстларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ачиниб, ўкиниб яшашидан билинади”.
Алишер ҚОДИРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикерининг ўринбосари