Нурафшон шаҳридаги Ёшлар марказида ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг бўш вақтини самарали ташкил этиш ва ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш борасидаги вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ҳарбий кенгашнинг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши ўтказилди.

Тошкент вилояти ҳокимлиги масъуллари, Тошкент ҳарбий округи ҳарбийлари, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси, туман-шаҳарлар ҳудудий ташкилотлари вакиллари иштирок этди.Қайд этилганидек, мутасадди идоралар томонидан “Миллий армиямиз ёшлар нигоҳида” мавзусидаги амалий “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Унга кўра, маҳаллаларда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича ишларни тизимли амалга ошириш лозим бўлади. Биринчи галда уюшган ва уюшмаган, тарбияси оғир ва ҳуқуқбузарликка мойил ёшлар билан маҳаллалар, таълим муассасалари ҳамда меҳнат жамоаларида самарали ишлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Кенгаш йиғилишида вилоятдаги 1 минг 18 та маҳаллага ҳарбий офицерларни бириктириш ва ёшлар билан маҳорат дарсларини ташкил этиш, улар учун “Мард аскар ёшларга намуна” шиори остида ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар кўргазмасини ташкил этилади. Умумтаълим мактабларининг 10-, 11- синф ўқувчилари ва маҳалла ёшлари учун ҳудудлар кесимида кўпкураш бўйича Округ қўшинлари қўмондони кубоги, пневматик қуролдан ўқ отиш ва биатлон бўйича мусобақалар ўтказиш режалаштирилган.

Миллий армиямизда олиб борилаётган ислоҳотларни ёшлар орасида оммалаштириш мақсадида жойларда давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкил этилади.

Мазкур ишларни тизимли ва самарали равишда ташкил этиш учун ҳар бир маҳаллада ёшлар билан ишлаш бўйича мониторинг гуруҳи ташкил этилади. Бу жараёнга маҳаллалардаги ёшлар етакчилари ҳам жалб қилинади.

 

Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

"Янги Ўзбекистон" мухбири