«Билиб қўйинглар, давлатнинг ҳар бир сўми бўйича таъсирчан назорат ўрнатилади. Жавобгарлик муқаррар, жазо қаттиқ бўлади!», – деди Президентимиз.
Шу боис, яқинда Администрация ва давлат идораларида комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тизими йўлга қўйилди.
Қисқа муддатда бюджетга тушум, талон-торож, молиявий камчиликлар бўйича 53 триллион сўм ва ташқи савдо операцияда 8 миллиард доллардан ортиқ қарздорлик аниқлангани ўта аянчли ҳолат экани қайд этилди.
Коррупциявий схемалар бўйича 4,2 триллион сўм зарар аниқланиб, 1,3 триллион сўми ундирилди, 55 нафар шахс қамоққа олинди.
Масалан, Ички ишлар вазирлиги тизимида давлат харидларида 186 миллиард сўм бюджет маблағи ўзлаштирилгани аниқланиб, вазир ўринбосари Б.Абдуллаев ва департамент бошлиғи Р.Турсуновга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Умуман, давлат идоралари ва корхоналарида хавфсизлик учун масъуллар фаолиятини ҳам танқидий қайта кўриб чиқиш вақти келгани қайд этилди.
«Бизга юқори касбий компетенцияларга эга, талабчан ёш раҳбарлар корпуси керак», – деди Президентимиз.
Ҳуқуқ-тартибот тизимида хизмат ўташ чегараси полковниклар учун 55 ёш, генераллар учун 60 ёш бўлсада, ҳозир бу ёшдан ошган 300 дан ортиқ ходим раҳбарлик лавозимида ишлаётгани кўрсатиб ўтилди. Ваҳоланки, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида раҳбар кадрларнинг барчасининг ёши 50 ёшдан кичик.
Раҳбарликка ёш кадрларни қўйиш, пенсия ёшидагиларнинг тажрибасидан мураббий ва ўқитувчи сифатида фойдаланиш ёки маҳаллада ёшларга устозлик қиладиган тизим яратиш муҳимлиги қайд этилди.