Венгрия ва  Ўзбекистон муносабатлари ҳақида сўз кетганда шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бу икки мамлакат кечаги ҳамкорлар эмас, уларнинг муносабати ўз тарихий илдизларига эга.

Қадим Шарқда “Можористон” дея аталмиш венгерлар замини - минг йилларки, туркий эллар билан яқин ришталарни боғлаб келадилар. Тарихан, миллий қаҳрамонлари саналадиган хун императори  - Атилла (430–453) ва илк қиролликка асос солган Алмушхон (IX аср) каби атоқли ҳукмдорлар бошқарувини кўрган бу доно халқ ўтмиши, ўзлигини сақлашга ҳамиша интилган.

Шу ўринда ўзбек-венгер ҳамкорлик алоқаларининг тарихий илдизларига нигоҳ ташласак,  икки халқнинг илк адабий алоқаларида сайёҳ, тилшунос, ёзувчи ва шарқшунос Вамберининг ўрни беқиёсдир. Унинг XIX асрда мамлакатимизга қилган сафари натижасида тарих, тилшунослик, адабиётшунослик, фольклор, этнография, географияга оид асарлар, луғатлар, очерклар ёзилган. юзага келган. 

Шунингдек, у Навоий, Фузулий, Насимий, Сўфи Оллоёр ғазалларидан олинган намуналарни ва юздан ортиқ ўзбек мақолларини немисчага таржима қилган. Таржималарини эса араб, лотин ёзувида ҳам келтириб ўтиб, туркий ва немис тилларини қиёсий ўрганган.

Айтиш керакки, қадим шарқшунос бошлаб берган бу анъана давом этди ва ўзбек адабиётининг кўплаб намояндаларининг асарлари венгер тилига ҳам ўгирилди. XIX асрда яшаб ижод қилган Венгер адабиётининг биринчи таржимони Исҳоқ Иброҳим ҳам халқимизни можор адабиёти билан таништиришда муҳим ўрин тутди. Ҳозирги кунда Лайош Кашшак, Геза Сеч, Янош Сентмартон, Йожеф Ратко каби венгер ижодкорларининг асарлари адиб ва шоирларимиз меҳнати натижасида ўзбек китобхонларига яхши танишдир.

Яқинда эса атоқли венгер шоири Шандор Петёфи таваллудининг  200 йиллиги муносабати билан  унинг ижод намуналари шоир Рустам Мусурмон жонбозлигида ўзбек китобхонларига етказиб берилди. Натижада ўзбек ўқувчилари Шандор Петёфининг “Озодлик” номли китобидаги юз шеърни ўз тилида ўқиш имкониятига эга бўлди.

Бугун эса қарийб 10 миллион аҳолига эга Венгрия ўзини кўп миллатлилиги, бетакрор ва турфа маданияти билан дунё нигоҳини тортмоқда.

Хусусан, Венгрия - Европа Иттифоқининг Ўзбекистон билан ҳамкорликни сиёсий жиҳатдан энг юқори даражага олиб чиққан биринчи мамлакати саналади. Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йилдан ошибдики, савдо-иқтисодий, инновация, ирригация, туризм, таълим ва илм-фан соҳаларидаги ҳамкорлик алоқалари фаол давом этмоқда.

Айниқса, илм-фан, олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик борасида сўз кетганда, Фарғона давлат университети ва Венгриянинг Венгрия қишлоқ хўжалиги ва ҳаётий фанлар университети ҳамкорлиги тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Фарғона давлат университети Венгриянинг Венгрия қишлоқ хўжалиги ва ҳаётий фанлар университети билан алоқаларини 2021 йил 24 ноябрда ўзаро Англашув Меморандуми имзолаш билан бошлаган. Англашув Меморандумида белгиланган ҳамкорлик йўналишларидан асосийси узумчилик йўналишида қўшма факультет ташкил этиш бўлган. Шундан сўнг Венгрия қишлоқ хўжалиги ва ҳаётий фанлар университети ректори Чаба Дюрица бошчилигидаги делегациянинг университетга ташрифи орқали ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилди десак, муболаға бўлмайди.

Бу ташриф эса ўзининг асосий мақсадига эришган ҳолда, Фарғона давлат университети ҳамда Венгрия қишлоқ хўжалиги ва ҳаётий фанлар университети ўртасида қўшма факултет очиш, унинг фаолиятини янада кенгайтириш, мамлакатимизда аграр соҳани кучайтириш, картошкачилик, узумчилик, боғдорчилик, сабзавотчилик, анорчилик каби йўналишларни ривожлантириш, соҳа бўйича кучли мутахассисларни тайёрлаш, академик алмашинувлар орқали бакалавр, магистр, ёш илмий тадқиқотчилар, профессор-ўқитувчиларнинг билим, кўникма ва малакасини ошириш каби муҳим вазифаларни амалга ошишига замин яратмоқда.

Ташриф давомида икки олийгоҳ ректорлари томонидан тантанали тарзда очилган Венгрия ўқув хонаси Ўзбекистонлик ва Венгриялик талабаларнинг тил ўрганиши, тарихий ва маданий билимларини бойитишга хизмат қилмоқда.

Хусусан, ўтган йили Венгрия Қишлоқ хўжалиги ва ҳаётий фанлар университетида бўлиб қайтган ФарДУ делегацияси  - қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда Венгриянинг бой илмий тажрибасини ўргандилар, узумчилик, доривор ўсимликлар етиштириш, қайта ишлаш йўналишларида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар.

Жорий йилда ҳамкор олий таълим муассасидан 2 нафар профессор қўшма факультет талабаларига дарс машғулотларини олиб бориш учун қисқа муддатга таклиф этилди. Шунингдек, Венгрия қишлоқ хўжалиги ва ҳаётий фанлар университети билан ҳамкорликда халқаро илмий  форум ташкил этилди. Ҳозирда қўшма факультет фаолиятининг асосий йўналишларидан бири -қўшма таълим дастурларини ташкил этиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Хусусан, Узумчилик ва виночилик мутахассислиги бўйича 1+1 қўшма таълим дастури ташкил этиш ишлари жадал бормоқда. Мазкур дастур ташкил этилиши негизида талабаларнинг Венгрия қишлоқ хўжалиги ва ҳаётий фанлар университетида 1 йил давомида таълим олишлари, дала амалиётларини ўташлари ҳамда қўшма факультет базасида замонавий лаборатория ташкил этиш мақсадлари кўзланган.

Жорий йилнинг август ойидаги Венгрия қишлоқ хўжалиги ва ҳаётий фанлар университетининг ректорининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида профессор Чаба Дюрицага Фарғона давлат университетнинг “Фахрий доктори” унвонини тақдим этди. Бу эса ўртадаги илмий ришталарни янада ривожлантиришга замин яратди.

Шуни айтиб ўтиш жоизки, яқинда Венгриянинг Қишлоқ хўжалиги ва ҳаётий фанлар университетида Венгрия Маданият ва инновация вазири  Janos Csak,  ушбу университет президенти Sándor Csányi, шунингдек, бир қатор юқори ташкилотлар вакиллари иштирокида янги ўқув йилининг халқаро тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Энг қувонарлиси, айни шу форум доирасида венгер-ўзбек халқаро алоқаларини мустаҳкамлаш, олий таълим тизимидаги алоқалар, хусусан, ФарДУ ва МАТE ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш йўлида олиб борган ҳаракатларимизни юксак бахолаб, каминага Венгрия қишлоқ хўжалиги ва ҳаётий фанлари университети Сенати томонидан «фахрий доктор» унвони берилди. Бу унвонни мамлакатимизда илм-фан ривожи, олий таълим тизими тараққиётига берилган муносиб эътироф сифатида мамнуният билан қабул қилар эканмиз, кўксимиз ғурурга тўлди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш мумкинки, ушбу ислоҳотларнинг туб негизида илм-фанни қалбига жо этган фарзандларимизни буюк аждодларимизнинг муносиб издошлари ва давомчилари этиб тарбиялаш, юртимиз шаъни ва шарафини янада юксакларга кўтариш  - барчамизга дахлдор бўлган олий бурчдир. Бу борада Ўзбекистон етакчиси – ташаббускор Президентимиз ўз халқи ва ёшларига муносиб ибрат кўрсатмоқда.

 

Баҳодиржон ШЕРМУҲАММАДОВ,

Фарғона давлат университети ректори,

педагогика фанлари доктори,

профессор