Шу йилнинг 21-23 июнь кунлари Тошкентда Ўзбекистон ва Венгрия ОТМлари ректорларининг биринчи форумини ўтказиш режалаштирилган. Мазкур форумда иштирок этиш учун Венгрия делегацияси таркибида Земелвейс Университети (Semmelweis University) ректори доктор Бела МЕРКЕЙ (Dr. Merkely Béla) ва ректори маслаҳатчиси доктор Вильмош ИВАДИлар Венгрия элчихонаси маданият буйича ходими ҳамроҳлигида Тошкент тиббиёт академиясига ташриф буюрди.
Бугун Тошкент тиббиёт академияси ректори, профессор А.Шодмонов Венгриянинг ЗЕММЕЛВЕЙС университети делегациясини қабул қилди.
“Венгриядаги қадимий тиббий муассаса ҳисобланган ЗЕММЕЛВЕЙС университети бугунги кунда ҳам мамлакатдаги ноёб тиббиёт фанлари университети мақомини сақлаб турибди. Шундай нуфузли даргоҳ билан мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида аллақачон манфатли ҳамкорлик муносабатлари йўлга қўйилганди. Сизнинг бугунги ташрифингиздан сўнг алоқаларимиз замонавий тиббиёт кадрларини тайёрлашнинг янги босқичига яна бир ишончли қадам қўйиш билан янада мустаҳкамланишига умид боғлайман”.
ТТА ректори А. Шодмоновнинг дунёга машҳур университет вакиллари билан суҳбати ана шундай кўтаринки руҳдаги эътироф билан бошланди. Томонлар Венгриядаги қадимий тиббиёт университети ва Тошкент тиббиёт академиясидаги ўқитиш мезонлари шунингдек, замонавий тиббий таълимнинг чегара билмас имкониятлари борасида фикрлашдилар. ТТА симуляция ўқитиш марказида ўтган самимий учрашув чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг дастлабки келишуви имзоланди. Келишувга асосан биринчи навбатда талабалар орасида кредит асосида алмашув йўлга қўйиш режалаштирилди.