Касалликни юзага келишида тозаликка риоя қилмаслик, яъни овқатланишдан олдин қўлларни совунлаб ювмаслик, мева ва сабзавотларни ювмасдан истеъмол қилиш ҳамда қайнатилмаган сувни ичиш сабаб бўлади. Шунинг учун, касаллик кўпроқ болаларда учрайди.
Пашшалар касалликни юқишида етакчи роль ўйнайди. Биргина пашша ичаги, қаноти ва танасида миллионлаб касаллик қўзғатувчи микробларни, шунингдек, гепатит вирусларини ҳам (турли хил ахлат ва нажасларга қўниши оқибатида) ташийди.
Организмга вирус тушиши билан касаллик бирданига бошланмайди. Дастлаб вирус организмда кўпаяди. Бу давр клиник белгиларсиз кечади ва касалликнинг яширин даври дейилади. Бу давр 3-6 ҳафтагача давом этиши мумкин.
Касаллик белгилари: умумий ҳолсизлик; иштаҳасизлик; кўнгил айнаши; овқатлангандан сўнг қайт қилиш; шиллиқ қават ва терининг сарғайиши.
Профилактик тадбирлар: вирусли гепатит Ага қарши эмлатиш; ҳўл мева ва полиз маҳсулотларини яхшилаб ювиб истеъмол қилиш; сувни қайнатилган ҳолда ичиш; рухсат этилган сув ҳавзаларида чўмилиш ва бу жараёнда сув ютмасликка эътибор бериш; озодалик ва орасталикка риоя қилиш; - пашшаларнинг кўпайишига йўл қўймаслик; овқатдан олдин ва ҳожатдан кейин қўлларни совунлаб ювиш; уйда ва жамоат жойларида гигиена қоидаларига риоя қилиш.
Шу ўринда касалликдан сақланиш ўзимиз ва шахсий гигиена қоидаларига тўлиқ амал қилишимизга боғлиқлигини эслатиб ўтамиз.
Агар касаллик аломатлари сезилса, дарҳол шифокорларга мурожаат қилиш муҳим ҳисобланади, деб огоҳлантиради Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.