В.Норов меҳмонни юртимизга ташрифи билан қутлар экан, сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Россия ўртасида кўп қиррали ва кенг кўламли ҳамкорликда мисли кўрилмаган ўсиш суръатлари кузатилиб, бу икки давлат раҳбарлари белгилаб берган ишончли стратегик сиёсатнинг ёрқин ифодаси эканлигини таъкидлади.

Давлатлараро муносабатларнинг ижобий суръати икки мамлакат илмий таҳлилий муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни жадаллаштиришга хизмат қиляпти. Жумладан, Ўзбекистон ва Россия «ақл марказлари» фаол ва конструктив мулоқотни йўлга қўйган бўлиб, турли масалалар юзасидан фикр ва таҳлилий тажриба алмашиляпти. Йирик қўшма тадбирлар ташкилий ва мазмунан юқори даражада ташкил этилиб, уларнинг якунлари бўйича аниқ асосга эга таклифлар ишлаб чиқиляпти.

Т.Бордачёв Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар дастури жараёни ва бу борада эришилган натижаларига юксак баҳо берар экан, республика сиёсий-ҳуқуқий тизими, жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ва маданий-маънавий ҳаёти тубдан ўзгарганини эътироф этди.

Айниқса, Ўзбекистон Республикасининг замонавий ташқи сиёсатининг ғоят муҳимлиги, бунинг натижасида мамлакат дунёнинг барча давлатлари ва халқаро институтлар билан тенг ҳуқуқли, прагматик ҳамда конструктив муносабатлар ўрнатишга муваффақ бўлгани алоҳида таъкидланди, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.