Зеро, у қишлоқ хўжалиги соҳасидаги қирқ беш йиллик фаолияти давомида жуда катта ҳаётий ва илмий тажрибага эга мутахассис сифатида пахтачилик ва ғаллачилик соҳасида улкан ютуқларни қўлга киритиб келмоқда.
Лолахон Муродованинг отаси Неъматжон ака Полосон қишлоғидаги жамоа хўжалигининг трактор паркида механик бўлиб ишларди. Шу туфайли ҳам ёш Лолахон отасининг касбига жуда қизиқарди. Мактаб ўқувчилиги пайтидаёқ, отасига эргашиб, тракторни бошқарган. Ана шу қизиқиш туфайли у билим юртида механизаторлик касбини эгаллади. Шу касбни эгаллабоқ, далада тахта териш машинасини бошқарди. Ўша йилиёқ Олтиариққа ва вилоятга номи овоза бўлди.
Орадан бир йил ўтмаёқ уни жамоа хўжалигининг ёшлар пахтачилик бригадасига раҳбар этиб тайинлашди. Ўт-олов қизнинг саъй-ҳаракатлари билан бу бригадада ҳар йили давлат режалари муддатидан аввал ва зиёди билан бажарила бошланди. Ана шуларни ҳисобга олиб, туман раҳбарияти уни бўлим бошлиғи этиб тайинлади. Бўлимдаги қатор муваффақиятлар эса Лолахон Муродовани «Нуробод» ширкат хўжалиги раиси даражасига кўтарди.
Орадан йиллар ўтди. Қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар туфайли юртимизда фермерлик ҳаракати ривожлана бошлади. Л.Муродова ҳам биринчилар қаторида ҳосилдор ерлардан эмас, аксинча, қумлоқ, деҳқончилик қилиш оғир бўлган чўл ҳудудидан ер олиб, янги фермер хўжалигига асос солди ва уни маҳорат билан бошқара бошлади.
Л.Муродова механизаторлик қилиб юрган йиллари ҳам, пахтачилик бригадаси ва бўлим бошлиғи, кейинчалик ширкат хўжалиги раиси вазифаларида ишлаб юрган йилларида ҳам қишлоқ ҳудудидаги экин майдонларининг паст баландини атрофлича ўрганган эди. У ҳатто қиш кунлари ҳам қадрдон даласига йўл оларди. Пайкалларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, ҳосилдорликни янада ошириш, иҳотазорларни кўпайтириш, тупроқ унумдорлигига қараб уруғ навини танлаш бўйича режалар тузар, бу режаларни амалга оширишнинг энг мақбул йўлларини ўйларди.
Ана шу омилкорлик ва тажрибаларнинг барчаси унга фермер хўжалиги далаларидаги деҳқончилик билан шуғулланиш жараёнида жуда ас қотди. Ҳар бир ишнинг бошланиши, муқаддимаси жуда қийин бўлади. Бу хусусда Лолахон Муродованинг ўзи шундай дейди:
— Фермер хўжалигига асос солиб, ишни янги бошлаганимиздаёқ баҳор жуда инжиқ келди. Айрим майдонларда чигит экиш ишларини икки, уч мартадан такрорлашга тўғри келди. Ўзингизга маълум, бир марта чигит экишнинг ўзига қанча уруғ, қанча ишчи ва техника кучи, қанча ёнилғи сарф бўлади? Ана энди такрор-такрор экилгандаги сарф-харажатларни кўз олдингизга келтираверинг. Бунинг устига, инсон омили деган ибора ҳам бор. Қанчалар асаб толалари емирилмайди дейсиз бундай вазиятда...
Шундай дея Лолахон Муродованинг нигоҳлари олисларга қадалди. Бу нигоҳларда нафақат фермер хўжалиги ўтмишининг, балки ўтган умри давомидаги меҳнат фаолиятининг, машаққатли меҳнатларининг, чеккан заҳматларининг тарихи мужассам эди гўё. Бироз ўтгач эса бу нигоҳларда, бу чеҳрада табассум пайдо бўлди ва қаҳрамонимиз сўзида давом этди:
— Яратганга беадад шукурки, ғўзаларимиз баравж ривожланиб кетди. Тинимсиз ҳаракат қилдик – Аллоҳ ҳаракатимизга яраша баракот берди. Ўша йили ишни механизаторимизнинг ўзига ташлаб қўймадим. Ўзим ҳам иккинчи тракторни миниб, ғўза қатор ораларига пешма-пеш ишлов бера бошладим. Зеро, серёғин келган баҳордаги қатқалоқларни зудлик билан юмшатиш шуни тақозо қиларди. Вақт эса кутиб турмас эди. Хайрият, кузда юзимиз ёруғ бўлди: давлат шартнома режасини бир неча фоиз ортиғи билан уддаладик.
Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, чўл ерларидаги ҳосилдорликни кўтариш осон бўлмади. Фермер хўжалиги дастлаб ташкил этилган йилларида ерларнинг ҳар гектари аранг 15-20 центнердан ҳосил берарди. Тажрибали деҳқон аёлнинг саъй-ҳаракатлари, маҳорати, деҳқончилик илмидаги изланишлари ҳар йили ўз самарасини бера бошлади. Кейинчалик ҳосилдорлик 35-40 центнергача, сўнгги 4 йилда эса 55-60 центнергача кўтарилди.
Раҳматли Неъматжон аканинг шундай сўзлари бор эди:
— Қизим, чўлни измингга солиш осон иш эмас. Қачонки, унга меҳр берсанг, ундан истаган ҳосилингни оласан. Ерга кўзбўямачилик қиладиган бўлсанг, у ҳам сени алдаб қўйганини ўзинг билмай қоласан. Шу туфайли ҳам, она заминга ҳамиша кўз нуринг билан бирга, қалб қўринг ва меҳрингни ҳам бергин.
Фермер аёл отасининг ўгитларига то ҳозирги кунгача амал қилиб келади. Ҳатто ерларининг ҳосилдорлиги 60 центнергача етса ҳам у бу ҳосилдорликни янада ошириш мақсадида изланади, интилади, инновацион лойиҳалар устида бош қотиради. Натижани эса бутун мамлакат кўриб, билиб турибди!
Фидойи фермер пешона тери эвазига орттираётган даромадидан тумандаги эҳтиёжманд оилаларни ҳам маънан, ҳам моддий томондан қўллаб-қувватлайди, ҳар йили ўнлаб болакайларнинг суннат тўйларига бош бўлади. Шунингдек, ҳосилдорликни янада ошириш мақсадида турли техника воситалари харид қилади. Олтиариқликлар фермер аёлни қўли очиқ, сахий ва саховатпеша инсон сифатида ҳам юксак қадрлайдилар.
Жонажон мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллик байрами арафасида муҳтарам Президентимизнинг Фармони асосида Лолахон Муродова Ўзбекистон Қаҳрамони унвони ва Олтин юлдуз медали билан тақдирланди. Бу юксак унвон фидойи аёлнинг юртимиз иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш, унинг жаҳон миқёсидаги шон-шуҳратини юксалтириш, Ватанимиз ободлиги, турмушимиз фаровонлигини таъминлаш борасидаги улкан хизматлари, сўнгги йилларда республикамизда жадаллик билан олиб борилаётган туб ислоҳотлар жараёнидаги ташаббускорлиги, давлат ва халқ манфаатларини рўёбга чиқариш йўлидаги фидокорона меҳнатлари, ижтимоий-маънавий соҳалардаги кўп йиллик самарали ва ибратли фаолияти, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга қўшган катта ҳиссаси, шунингдек, ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун берилган юксак мукофот эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.
Фидойи фермер аёл дала ишларидан ортиб, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Жумладан, унинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгашидаги ЎзЛиДеП депутатлик гуруҳи аъзоси сифатида сайловчиларнинг муаммоларини ижобий ҳал этиш, уларни ҳаётдан рози бўлиб яшашларига кўмаклашиши йўлидаги фидойилиги ҳам таҳсинга сазовордир.
Шуни ҳам қувонч билан таъкидламоқчимизки, мамлакатимиз Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев ҳар сафар Фарғона вилоятига ташрифлари давомида, албатта, Ўзбекистон Қаҳрамони Лолахон Муродова билан учрашадилар, дилдан самимий суҳбатлашадилар. Жумладан, давлатимиз раҳбари жорий йил 4-5 февраль кунлари Фарғона вилоятига ташрифлари давомида ҳам бу анъана яна давом этди.
Президент Лолахон Муродова билан кўришар экан, «Ҳар сафар хаёлимда водийни эслаганда сиз кўзимнинг олдига келасиз. Ҳар сафар сўрайман, сизнинг кулишингиз, ишончингиз, фидойилигингиз, намуналигингиз, ҳақиқатан аёлларга қаҳрамонлик меҳнатингиз билан намуна кўрсатганингиз учун менинг сизга бўлган ҳурматим, эътиборим, меҳрим, муҳаббатим чексиз», дедилар давлатимиз раҳбари мазкур суҳбат давомида.
– Мазкур юзма-юз суҳбатимизда Шавкат Миромонович жуда ҳам кайфиятимни кўтардилар. Бу учрашувдан беҳад мамнун бўлиб, ҳаётга, яшашга бўлган иштиёқим янада ошди, – дейди Лолахон Муродова.
Мақоламизни Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон Халқ шоири Энахон Сиддиқованинг Ўзбекистон Қаҳрамони Лолахон Муродова ҳақида ёзган шеърий достонидаги қуйидаги парчалар билан якунлашни лозим топдик:
Унинг ҳам кўнглида бор эди бир ишқ,
Бир ёниқ севгига интиқ бир юрак.
Лекин Ватанига бўлди чин ошиқ,
Шу юртни гуллатиб, бахт топди бешак.
Унинг ҳам кўксида бир ишқнинг ёди,
Тўлғаниб оққандир қирмиз олмадай.
Лекин у ишқини тупроққа экди,
Берди ўзигамас, Ватанга чирой.
Боқинг, гул кўнглининг кийгани олтин,
Сочилади зарлар қора чаноқдан.
Тирноқлари бир бор хина кўрмаган –
Бахт йигрилиб борар элга бармоқдан.
Лола ечиб қўйган «кирза» этикни
Кибор оёғимга кийгим келади.
Кўтара оларми елкам зил юкин,
Ўтган шу умримга ваҳмим келади.
Лек «кирза» этигин ечмайди Лола,
Ечмас ҳеч устидан куйлагини чит.
Ҳар тонг ювиб берар шудрингда дала,
Этигини мойлаб беради чигит.
Билмас, у элига ғоят суюкли,
Озод, ҳур Ватаннинг эрка қизидир.
Далалар бағрида унинг кўкси тик,
Ватаннинг ҳалоллаб турган тузидир.
Ҳа, Лолахон опа бугун чин маънода водийнинг барқ уриб очилиб турган гўзал лоласидир! Бугун бу лола нафақат водийга, балки бутун Ўзбекистонга кўрк бағишлаб турибди.
Адҳамжон РАҲМОНОВ,
Шоҳсултон ТЎХТАМАТОВ,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзолари.