Ҳудудга ичкарилаб борар экансиз, қафасларда турли қитъалардан келтирилган шерлар, бўрилар, араб отлари, айиқ, зебра, гавая макакалари, эму туяқуши, оққушлар, сув ости жонзотлари ва бошқа хил жониворларни учратасиз. Боғнинг иш юритувчиси Абубакр Ҳалиловнинг маълум қилишича, жониворлар асосан Африкадан келтирилган бўлиб, уларга тўрт нафар махсус мутахассис бириктирилган: икки нафари саломатлигига, икки нафари эса озиқ-овқатига жавобгар.

 – Ҳамма жониворнинг парваришланиши ҳар хил. Масалан, боғимиздаги шер яқинда фарзандли бўлди ва кичик шерни туғилганидан тўрт кун ўтиб онасидан айирдик. Нега деганда она шер қизғанчиқ бўлиб, ҳатто эркалаб ҳам боласини ғажиб қўйиши мумкин. Хасики номли кучук ҳам шундай. У яқинда олтита кучукчани дунёга келтирди. Ушбу ноёб кучукнинг бир донаси жаҳон савдосида 800 АҚШ доллар атрофида баҳоланади. Умуман, ҳар бир жонивор ўзига яраша ноёб. Шу сабаб уларнинг ҳар бирини ўта эҳтиёткорлик билан назорат қиламиз. – дея қўшимча қилади А.Ҳалилов.

Боғнинг юқори қисмида келган меҳмонлар учун турли кўринишдаги атракционлар, салқин ичимликлар ва музқаймоқ кафеси, автодром ва батут мажмуаси, дорбозлар майдони мавжуд.

Маълумот учун, икки йил аввал – боғ ишга туширилиш арафасида мумкин бўлмаган ҳолатда, яъни маст ҳолатда қафасга кирган соқчига кутилмаганда шер ташлангани ва ўткир жароҳатлар оқибатида соқчи вафот этгани тўғрисида хабарлар тарқалган эди. Бу хабар нафақат оммавий ахборот воситаларининг, балки кенг жамоатчиликнинг диққат-эътиборини тортгани сир эмас. Ушбу воқеадан сўнг боғ маълум муддатга ёпилган ва раҳбарият янгиланиб, хавфсизлик чоралари кучайтирилгач фойдаланишга топширилган. Бугунги кунда Ҳайвонот боғининг ҳар тарафига жами 350 та кузатув камераси ўрнатилган ва соқчилар сони 12 нафарга кўпайтирилган. 

Юлдуз ЎРМОНОВА