Унда 2020 йилдан бошлаб атмосферадаги карбонат ангидрид газини камайтириш, глобал ўртача ҳарорат кўтарилишини 2°Cдан пастда ушлаб туриш ва ўсишни 1,5°C билан чеклашга қаратилган чора-тадбирлар қабул қилиш назарда тутилади. Шундан келиб чиқиб, мамлакатлар зарарли чиқиндиларни камайтириш бўйича ўз зиммаларига бир қатор мажбуриятларни олган эди.

Глобал ўртача ҳарорат ўсишини меъёрда ушлаб туришда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, энергия тежовчи ва энергия самарадор технологияларга ўтиш орқали эришиш мумкинлиги ўз исботини топиб улгурди. Бу борада истиқболли йўл сифатида водород эътироф этилмоқда. Бугун водородни ёқилғи сифатида ишлатадиган станциялар ҳар томонлама манфаатли, деб қаралмоқда.

Маълумки, водород идеал энергия манбаи ва экологик тоза ёқилғи ҳисобланади. Унинг ёниш иссиқлик қуввати 1,17 ГДж/килограмм бўлиб, бу нефтникидан деярли уч баробар, табиий газдан тўрт баробар юқори.  Водород ёқилғи элементида кислород билан қўшилиб сув ҳосил қилади ва электр энергияси ишлаб чиқаради.

Нега шу пайтгача бу соҳа оқсаётган эди?

Мамлакатимизда 2020 йилда ишлаб чиқарилган 63,6 миллиард кВт.соат электр энергиясининг қарийб 90 фоизи (57,2 миллиард кВт.с.) қазиб олинадиган углеводородлар ҳисобига ишлаб чиқарилди. Ўзбекистон Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг маълумотларига кўра, ҳозирги ресурслардан фойдаланиш тенденцияси сақланиб қолган тақдирда, қазилма углеводород захиралари 20-30 йилга етади.  Шундай шароитда водород энергетикаси соҳасида илмий тадқиқотлар олиб бориш ва илмий кадрларни тайёрлашга етарли эътибор қаратилмагани, олий таълим муассасаларида бу йўналишда мутахассисларни тайёрлаш йўлга қў­йилмагани ҳамда тармоқни ривожлантиришга оид узоқ муддатли дастур қабул қилинмагани ва тегишли норматив-ҳуқуқий база шакллантирилмагани ҳам унинг ривожланмаётгани сабабларидан эди.

Лаборатория ва марказ фаолияти йўлга қўйилди

Водород энергетикаси технологиялари соҳасида илмий изланишларни жадаллаштириш ҳамда жаҳон таж­рибаси ва эришилаётган натижалар билан ҳамнафас бўлиш мақсадида Президентимизнинг 2021 йил 9 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида қайта тикланувчи ва водород энергетикасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, Ўзбекистон Фанлар академиясининг “Халқаро қуёш энергияси институти” МЧЖ негизида Энергетика вазирлиги ҳузурида Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот  институти ташкил этилди. Унинг тузилмасида Водород энергетикаси илмий-тадқиқот маркази ҳамда Қайта тикланувчи ва водород энергетикаси технологияларини синаш ва сертификатлаш лабораторияси фаолиятини йўлга қўйиш таклифлари маъқулланди. Институт илмий ходимларига эса қайта тикланувчи ва водород энергетикасини ривожлантириш бўйича миллий стратегия лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.

Шунингдек, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан давлат дас­турлари доирасида амалий ҳамда инновацион лойиҳалар танловида умумий қиймати 5,9 миллиард сўмлик 4 та лойиҳа молиялаштирилиб,  Материалшунослик институтининг ноёб илмий объекти ҳудудида 10 кВт қувватли қуёш фотоэлектр станцияси ўрнатилди ва “Эрликон” электролизерининг конструкцияси асосида янги мукаммаллашган водород электролизери намунаси ишлаб чиқилди.

Водород энергетикаси илмий-­тадқиқот маркази томонидан Германия­нинг Reiner Lemoine Institut (RLI)  илмий текшириш институти билан ҳамкорликда  “Green Hydrogen Generation Potential based on Renewable Energies in Central Asia — GREEN-HyReCA” номли лойиҳа тайёрланиб, Германия­нинг German Ministry for Education and Research (BMBF) фондига топширилган. Лойиҳада Марказий  Осиёда яшил водородни ишлаб чиқариш, истеъмол қилиш ва экспорт имкониятларини ўрганишга қаратилган тадқиқотлар олиб борилади. Шунингдек, Жанубий Кореянинг “Hn Power Inc.” компанияси билан ҳамкорликда янги лойиҳа ­шакллантирилди ва Official Development Assistant (ODA) фондига топшириш учун тайёрланди.

“Водород йўлаги” 

ёхуд  хориж тажрибаси

Маълумотларга кўра, 1995 йилдан Канада жаҳонда биринчи бўлиб шаҳар транспорт паркида водород ёқилғисидан фойдаланишни бошлаган. Орадан ўн йил ўтиб, бундай ташаббус Голландия, Испания, Германия, Италия, Люксембург, Исландия мамлакатларида ҳам йўлга қўйилган. Италиянинг Enel компания­си 2010 йилда қуввати 16 МВтга тенг, 17 минг тонна СО2 моддаси атмосферага чиқишининг олдини оладиган биринчи водород электр станциясини ишга туширган.

2018-2019 йилларда Австралия, Жанубий Корея, Германия, Буюк Британия каби давлатлар, АҚШнинг айрим штатлари ўзининг Водород стратегияларини ишлаб чиққан ва тасдиқлаган. Германия 2018 йилда автомобилга водород қуядиган 180 та шохобча барпо этган ва 2023 йилга келиб, улар сонини 500 тага етказишни режалаштирган. Япониянинг Водород дастурига мувофиқ, 2020 йилда 1,4 миллион дона, 2030 йилга келиб 5,3 миллион дона водородли ёқилғи элементларини фойдаланишга топшириш кўзда тутилган.

Халқаро экспертларнинг фикрича, 2050 йилгача жаҳон энергетикасидаги водород энергияси улуши 18 фоизни, аср сўнгига келиб 40 фоиздан кўпроқни ташкил этиши прогноз қилинмоқда. Ўз навбатида, Европа Иттифоқи “Водород йўлаги” (H2 live) дастурини тасдиқлади ва унга кўра, 2030 йилга қадар 10 дақиқалик масофада автомобилларга водород қуйиш шахобчалари қуришни назарда тутади.

Стратегия 2022-2025 йилларга мўлжалланмоқда

Тан олиш керакки, мамлакатимизда яқин йилларга қадар республикада водород энергетикасига етарлича ­эътибор берилмаган эди. Фақат, айрим олимлар томонидан қуёш энергиясидан водород олиш, қаттиқ оксидли водород ёқилғи элементларини яратиш бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилган. Президентимиз қарори билан ишлаб чиқилиши белгиланган Ўзбекистон Рес­публикаси водород энергетикасини ривожлантириш миллий стратегиясида соҳада кадрлар тизимини ривожлантиришни олий таълимдан кейинги таълим — докторантурани йўлга қўйиш ҳамда водород технологиялари соҳасини ривожланиш талабларига монанд докторлик диссертацияларнинг устувор илмий мавзуларини шакллантириб бориш вазифаси қўйилмоқда. Водород энергетикаси соҳасидаги тадқиқот мавзуларини танлашда асосий эътибор қайта тикланувчи манбалардан олинган электр энергияси ҳисобига электролиз усули билан водород ишлаб чиқариш, мужассамлашган қуёш энергияси билан сувни қиздириш ва катализаторлардан (шу жумладан, наноструктурали) фойдаланиш ҳисобига, 2027 йилга келиб ишлаб чиқариладиган (1 килограмм) водороднинг таннархини 1,5 АҚШ долларигача пасайтиришга эришиш каби йўналишлар кўзда тутилмоқда. Мухтасар айтганда, яшил водороднинг юртимиздаги истиқболи жуда юқори. Уни ривожлантириш йўлида дастлабки муҳим қадамлар ташланди. Галдаги вазифамиз, бу борада кадрлар салоҳиятини юксалтириш ҳамда бор имкониятларимизни ишга солишдир.

Санжар БЕРДИЕВ,

Инновацион ривожланиш вазирлиги Тармоқ корхоналарида инновацион экотизимни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи