Сўнгги йилларда Ўзбекистон волейбол федерацияси раҳбариятида амалга оширилган ўзгаришлар натижасида ушбу спорт тури ривожида янги давр бошланди, дейиш мумкин. Аввало мусобақалар сони ошди. Эндиликда нафақат катталар ва ёшлар, ҳатто ўсмирлар ўртасида ҳам мусобақалар ўтказилиши йўлга қўйилди.

Мусобақаларни тизимли равишда ўтказишга ҳам алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Барча ёш тоифасидаги мусобақалар халқаро қоидалар асосида ўтказилиши йўлга қўйилди. Бу эса ўйинлардан кейин турли норозиликларнинг келиб чиқиши, ҳакамликдаки нохолисликларга барҳам беришга хизмат қилмоқда.

2021 йил 20-23 май кунлари мамлакатимиз волейболи тарихида илк маротаба фахрийлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати ўтказилади. Бу ҳам албатта юртимизда волейболнинг янада оммалашувига хизмат қилади.

Фахрийлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатида ҳар бир жамоа таркибидан 11 нафар волейболчи (либеро билан бирга) ҳамда бир нафар тренер жой олиши мумкин. Жамоалар таркибига 40-44 ёш ҳамда 45-49 ёшдаги бир нафардан ҳамда 50 ёш ва ундан юқори бўлган 9 нафар иштирокчи киритилиши белгилаб қўйилган.

Мазкур мусобақа спортчилик фаолиятини якунлаган, бироқ тренерлик фаолияти билан машғул бўлмаган собиқ волейболчиларга яна катта спорт ҳавосини ҳис қилишларига ёрдам беради.