Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Қўмита блогер Р.Кушербаевнинг “Самарқанд-Абу-Даби” йўналиши билан “Wizzair” авиакомпанияси томонидан кўрсатилган хизматлардан фойдаланганда айнан тил билан боғлиқ муаммога дуч келгани юзасидан қолдирган мурожаатини кўриб чиққан.

Таъкидланишича, учиш даврида авиакомпаниянинг экипаж аъзолари томонидан хорижий тилда хавфсизлик қоидалари ҳақида маълумот берилган. Бу қоидаларни ўзбек ва рус тилларида тушунтириб беришлари сўралганида ходим томонидан унга нисбатан қўпол муомалада бўлинган ва мижоздан бортни тарк этишни талаб қилинган. Фуқаро мазкур рейсда шу тарзда Абу-Дабига етиб борган.

Қўмита томонидан Транспорт вазирлигига ўрганишлар юзасидан сўров хати юборилди. Натижада ўзбошимчалик билан хатти-ҳаракатларни амалга оширган мазкур авиакомпания ходимларига нисбатан чора кўрилди.

Йўл қўйилган қонунбузилишда юзага келган камчилик ва хатоларни бартараф этиш мақсадида экипаж аъзоларига парвозлар хавфсизлигини таъминлаш, муомала маданияти, ҳар бир мамлакатнинг парвозга алоқадор қонунлари ва тартиб-таомиллари ҳамда авиайўловчиларни ҳурмат қилиш бўйича тренинг курслари йўлга қўйилди.